Линклар

logo-print

Мисрда президентлик сайлов хавфсизлик чоралари кучайтирилган вазиятда бўлиб ўтмоқда. Бунга янги сайланган парламент Олий конституциявий суд қарорига мувофиқ тарқатиб юборилгани сабаб бўлди.


Мисрликлар президент сайловининг иккинчи босқичида овоз бермоқда.

16-17 июн кунги сайловда Миср президенти лавозими учун Мусулмон биродарлиги исломий ҳаракатининг сиёсий қаноти ҳисобланган Адолат ва Озодлик партияси номзоди Муҳаммад Мурсий собиқ Бош вазир, мамлакат армиясининг собиқ генерали Аҳмад Шафиқ билан куч синашади.

Президентлик сайлови Мисрда хавфсизлик чоралари кучайтирилган вазиятда бўлиб ўтмоқда.

Миср Олий конституциявий суди 14 июн куни сайлов ҳақидаги қонуннинг айрим бандларини конституцияга зид топиб, ўша қонун асосида ўтган йил охирида сайланган парламентни тарқатиб юбориш ҳақида қарор чиқарди.

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилиши арафасида тайинланган Олий конституциявий суд аъзолари чиқарган қарорда мамлакатни бошқараётган собиқ Бош вазир Аҳмад Шафиқ вазифасини давом эттириши мумкинлиги билдирилган.

Олий конституциявий суд қароридан норози бўлган минглаб мисрлик 15 июн куни кўчаларда норозилик намойиши ўтказди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, президентлик сайловида хавфсизликни таъминлаш ишларига қарийб 150 минг аскар жалб қилинган.

Собиқ президент Ҳусни Муборак 2011 йил февралида ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг мамлакатни бошқаришни ўз қўлига олган Олий ҳарбий кенгаш 2012 йил январ ойида ўз салоҳиятларини янги парламентга топширган эди.

Олий конституциявий суднинг пайшанба кунги қароридан кейин салоҳият яна Олий ҳарбий кенгаш қўлига ўтди.

Қуролли кучларнинг Олий ҳарбий кенгаши жума куни янги парламентни расман тарқатиб юборди.

Мисрлик фаоллар суд қарорини Олий ҳарбий кенгашнинг салоҳиятларини муқимлаштириш ва кенгайтириш уриниши сифатида баҳолаб¸ унинг оқибатларидан хавотир билдирмоқда.

Мурсий 16-17 июн кунги сайловда ҳар қандай сохтакорликка йўл қўйилиши инқилобга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.

Мисрдаги президент сайловида 50 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

Президентлик сайловида берилган овозлар душанба кунигача санаб бўлиниши ва сайловнинг якуний натижаси пайшанба куни эълон қилиниши кутилмоқда

Айни пайтда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Миср Олий ҳарбий кенгашини демократик ислоҳотларни амалга оширишга чақирди.

- Олий ҳарбий кенгаш Миср халқига берган ваъдаларини бажариши орқали биз ҳокимият тўлалигича демократик йўл орқали сайланган фуқаролик ҳукуматига топширилишини кутаяпмиз. Миср халқи талаб қилган, демократияга ўтиш йўлидан ортга қайтиб бўлмайди, деди АҚШ Давлат котиби.
XS
SM
MD
LG