Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:02

Тожик муҳожирлари учун виза жорий қилиш масаласи кўтарилмоқда


Умумроссия тожик мигрантлари уюшмаси тожикистонлик фуқаролар учун виза тартиби жорий қилинишини сўраб, президентлар Владимир Путин ва Имомали Раҳмонга мурожаат қилмоқчи.

Мазкур тузилма раиси Каромат Шарипов бу масала Россия президенти маъмурияти вакиллари ва тожикистонлик мулозимлар билан муҳокама қилингани ҳамда ғоя улар томонидан қувватланганини билдирди.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари уюшмаси лидери Шарипов фикрича, миграция қонунчилигини кучайтириш билан меҳнат муҳожирлари орасидаги криминал вазиятни юмшатиш мумкин.

Айрим ҳуқуқшунослар назарида миграция ва МДҲ айрим давлатлари билан виза тартибини жорий қилиш масалаларининг нафақат оддий россияликлар, балки юқори даражадаги сиёсатчилар билан ҳам очиқча муҳокама қилиниши рус жамиятидаги миллатчилик кайфиятининг кучаяётганига далилдир. “Қолаверса, - дейди ҳуқуқшунослар, - виза режимининг йўлга қўйилиши жиноятчиликнинг камайишига таъсир ўтказа олмайди”.

Каромат Шарипов Россия ҳудудидаги мигрантлар аҳволи ўта аянчли эканини таъкидлайди. Унингча, меҳнат муҳожирларига қарши содир қилинаётган жиноятларнинг аксарияти ўз юртдошлари томонидан амалга оширилади ва россиялик ҳуқуқ-тартибот идоралари бу муаммо билан деярли кураша олмаяпти.

- Кўпчилик мигрантлар қулликда бўлиб, уларнинг “хўжайин”лари ҳуқуқлари топталаётган тожиклар туфайли ризқ топаётган ўз юртдошларидир. Минглаб тожикистонликлар Россия ҳудудида дараксиз йўқолмоқда. Тожикистоннинг чекка ҳудудларида вазият бундан ҳам аянчли. У ерда эркак зоти деярли қолмади, аёллар эрсиз, болалар эса отасиз қолмоқда, - дейди Шарипов.

Шариповга кўра, биргина шу йил бошида тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг жасади жойланган 300 та тобут ватанига юборилган. Бу кўрсатгич ўтган йили 800 ни ташкил қилган.

Турли маълумотларга кўра, айни вақтда 700 мингдан 1,5 миллионгача тожикистонлик Россияда мардикорлик қилади, улар кўпинча энг оғир ва қора ишларга жалб қилинади.

Тожикистон билан Россия ўртасида виза тартибини жорий қилиш мавзуси аввал ҳам россиялик сиёсатчилар томонидан бир неча бор кўтарилган эди.

Ўтган йили “Справедливая Россия” партияси ва ЛДПР лидери Владимир Жириновский ҳам худди шундай ташаббус билан чиққанди. Бунинг ортидан рус-тожик алоқалари янада кескинлашди.

Мустақил кузатувчилар мулоҳазасича, айни кунда виза масаласининг яна кун тартибидан жой олишига Россия ҳарбий базасининг тожиклар тупроғида қолиши атрофидаги Москва ва Душанбе ўртасидаги баҳслар сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, тожик расмийлари мазкур ҳарбий база учун Кремлдан 300 минг АҚШ доллари миқдорида ижара ҳақи талаб қилган.

Тожикистон иқтисодиёти, соҳа мутахассисларининг айтишича, меҳнат муҳожирлари юбораётган пул жўнатмаларига қарамдир.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили меҳнат муҳожирлари ватанига 3 миллиард доллар юборади ва бу маблағ давлат бюджетидан 1,5 баравар кўп экани айтилади.

Россиялик жамиятшунос Юрий Московский виза тартибини жорий қилиш ортидан этник жиноий гуруҳлар билан боғлиқ муаммога ечим топиб бўлмаслигини, аксинча бу масала айрим гуруҳлар манфаатига хизмат қилиши мумкин бўлган қўшимча бюрократик жараённи келтириб чиқаришини таъкидлайди.

- Виза жорий қилиш билан жиноятчиликни қисқартириш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Масалан, наркогуруҳлар қайсидир йўл билан барча назорат пунктларини айланиб ўтишаяпти-ку. Булар ҳам шундай йўллар билан ўтишаверади, - дейди жамиятшунос Московский.

Умумроссия тожик меҳнат муҳожирлари уюшмасининг сўнги баёноти Тожикистон Миграция хизмати масъулларини қаттиқ ҳайратлантиргани сезилади. Мазкур идора расмийлари билан суҳбатдан ҳозирча бу масала атрофида томонлар музокараси бошланмагани маълум бўлди.

Ҳар баҳор ва ёзда минглаб тожикистонлик ризқ ахтариб, Россияга жўнаб кетади. Мустақил кузатувчилар йилдан-йилга улар сони ошиб бораётганини айтади.

Тожикистонликлар учун асосий даромад манбаи саналмиш Россия билан виза режимини жорий қилиш ғояси тожикистонлик ёшу қарини баравар ташвишлантириб қўйди.

- Бу ғоянинг амалга оширилиши биз учун ўлим билан баравар. Шусиз ҳам аксарият юртдошларимиз минг азоб-уқубат билан Россия ҳудудида ҳужжат расмийлаштираяпти. Бордию Россия билан орамизда виза йўлга қўйилса, яшашимиз янада қийинлашади, ёшлар орасида жиноятчилик авж олади, бунга шубҳам йўқ, - дейди исми сир қолишини сўраган тожикистонлик меҳнат муҳожирларидан бири.
XS
SM
MD
LG