Линклар

Маълумотларга кўра, грецияликларнинг ярми Алексис Ципрас бошчилигидаги Сириза партиясини, қолган ярми Антонис Самарас етакчилигидаги Янги Демократия консерватор партияси номзодларини қўллаб-қувватламоқда.


Грециядаги сайловда бирорта партия вакилларининг парламентда аксар ўринларни эгаллай олмаслиги кутиляпти.

Бу эса кичик партиялар иштирокида коалиция ҳукумати тузилиши кераклигини англатади.

37 ёшли Алексис Ципрас, агар ўз партияси парламентда кўпчиликни ташкил этган коалиция тузишга муваффақ бўлса, Грецияга 130 миллиард евро ҳажмида молиявий ёрдам кўрсатиш борасида европалик ҳамкорлар билан олиб борилаётган музокараларни тўхтатишни ваъда қилган.

Самарас ҳам молиявий ёрдам кўрсатиш шартларини ўзгартириш учун музокараларни қайта ўтказишга ваъда берган.

Антонис Самарас ўзи туғилиб ўсган Пилос шаҳридаги сайлов участкаларидан бирида овоз берганидан сўнг журналистлар олдида сўзлади.

- Бугун Греция халқи ўз хоҳиш-иродасини билдирмоқда. Эртадан Грецияда янги кун бошланади, - деди Самарас.

Пойтахт Афинадаги сайлов участкасида овоз берган Ципрас эса грецияликлар “қўрқувни енгиб ўтгани” ва Европада “тенг ҳуқуқли аъзо” сифатида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашини айтди.

- Биз қўрқувни енгдик. Бугун биз умидга йўл очаяпмиз. Бугун биз яхшироқ келажак, бирлик, шуҳрат ва мағрурлик, ижтимомй адолат қайта тикланадиган, ўзгарган Европанинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш сари йўл очдик, - дея баёнот берди Алексис Ципрас.

Таҳлилчилар Грециядаги сайлов натижалари евронинг тақдирини ҳал қилиши мумкин, деган фикрда.

Сўров натижалари грецияликларнинг қарийб 80 фоизи евро ҳудудида қолиш истагида эканини кўрсатган.

Молиявий ва иқтисодий инқирозга дуч келган Греция 2010 йил ўртасидан бери хорижий молиявий ёрдамга қарам бўлиб келмоқда.

Жорий йил бошида Афина ҳукумати 130 миллиард евро ҳажмида молиявий ёрдам кўрсатилиши, мамлакат қарзларининг 107 миллиард евросидан воз кечилиши эвазига давлат сарф-харажатларини кескин қисқартириш ва ислоҳотлар ўтказишга рози бўлган.

Ципрас сайловолди кампанияси давомида сайловчиларга Европанинг Греция бўйича қутқариш дастури хусусида музокараларни қайта ўтказишни ваъда қилган.

Унинг сайловолди дастури банкларни давлат ихтиёрига ўтказиш, хусусийлаштиришни камайтириш ва Европа лидерларини ташвишга солаётган Грециянинг сарф-харажатларни қисқартиришдан воз кечишни ўз ичига олган.

16 июн куни Германия канцлери Ангела Меркел грецияликларни ўз ҳукуматлари қабул қилган қарорни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Евроҳудуд кенгаши раиси, Люксембург Бош вазири Жан-Клод Юнкер эса, агар Ципрас сайловда ғолиб чиқса, “бу евроҳудуд учун айтиб бўлмас оқибатга олиб келиши мумкинлиги”ни эҳтимолдан соқит қилмади.

6 май куни Грецияда ўтказилган сайловдан кейин бирорта партия парламентда кўпчиликни ташкил этган коалиция туза олмагани сабабли сайлов қайта ўтказилмоқда.

Грециядаги парламент сайловида овоз бериш Тошкент вақти билан соат 21:00да тугаши ва дастлабки натижалар 23:30да эълон қилиниши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG