Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:07

Президентнинг поччасини ўлдирганлар ҳамон озодликда қолмоқда


Марҳум Холмўмин Сафаров.
Марҳум Холмўмин Сафаров.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларининг айтишича, Холмўмин Сафаров ўлимида гумонланиб, ҳозиргача бирор киши ҳибсга олинмаган.

- Тергов давом этаяпти, аммо шу кунгача бу жиноятда гумонланаётган бирор киши ҳибсга олингани йўқ. Сўраб,суриштираяпмиз, лекин ҳозирча бу суиқасд сабаблари номаълум қолаётир, - деди Тожикистон Бош прокуратурасининг оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Жамшед Сангов.

Қотил ким?

“Тожикўрмон” корхонаси раҳбари Холмўмин Сафаров 13 июн кечаси Душанбе шаҳридаги уйи яқинида номаълум кишилар томонидан отиб кетилган эди.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги ўша воқеанинг эртаси куни баёнот тарқатди ва “номаълум кишилар Тожикистон ҳукумати қошидаги Атроф муҳитни ҳимоя қилиш қўмитасининг Ўрмон хўжалиги корхонасига раҳбари Холмўмин Сафаровни “Макаров” тамғали тўппонча билан отиб, юзи, кўкраги ва қорнидан ярадор қилиб воқеа жойидан ғойиб бўлган”и ва “оғир тан жароҳати олган Холмўмин Сафаров воқеа жойида ҳалок бўлган”ини маълум қилди.

Орадан тўрт кун ўтган бўлса-да, президентининг яқинларидан бирига нисбатан уюштирилган суиқасд омиллари номаълум қолаётир.

Лекин тожик жамиятида Холмўмин Сафаров ўлимида қўли борликда гумонланиб, ҳибсга олинган уч киши миллий хавфсизлик терговчилари томонидан сўроқ қилинаётгани ҳақида миш-мишлар ҳам йўқ эмас.

Таҳлилчи З.Абдуллоев: “Бу бир огоҳлантиришдир”

Холмўмин Сафаровни яхши таниган ва унинг билан бир маҳаллада узоқ йиллар яшаб келган кишиларнинг айтишича, “Холмўмин ака президентнинг бошқа қариндошлари – қизлари, қайниси ва ўғилларидан фарқли равишда камсуқум ва беозор инсон бўлган ва камтарин ҳаёт кечирган”.

Шу сабабли бўлса керак, айрим таҳлилчилар Холмўмин Сафаровнинг ўлими тасодиф ёки безорилик туфайли содир бўлган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Бироқ давлат мулозимининг ўлими бахтсиз ҳодисами ёки террорчилик амалими - ҳозирча тожик расмийлари бирор аниқ гап айтганича йўқ.

Мустақил таҳлилчи, “Контент” сиёсий диалог марказ раҳбари Зафар Абдуллоев мулоҳазасича, “бу қотиллик террорчилик хуружи бўлиб, мақсади Тожикистон ҳукуматини огоҳлантиришдир”.

- Фикримча, бу ҳодиса ҳукумат ва давлат раҳбарини огоҳлантириб қўйиш учун содир этилган. Бу бир террорчилик хуружидир. Бу ишда йирик давлатлар ёки қўшни мамлакатлар махсус хизматлари ё бўлмаса, ҳукуматнинг дин соҳасидаги сиёсатидан норози бўлган диний гуруҳларнинг қўли бор, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, биз президентлик сайлови муаммоси билан боғлиқ бўлган нотинч ва таҳликали янги бир босқичга кираяпмиз, - дея мулоҳаза билдиради таҳлилчи Зафар Абдуллоев.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг поччаси Холмўмин Сафаров билан боғлиқ бу ҳодиса ортидан Душанбе шаҳри ва атроф туманларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари казарма ҳолатига келтирилди. Пойтахтга кириладиган автомобил йўллар махсус қуролланган гуруҳлар томонидан текширилмоқда. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мазкур жиноятни ошкор қилишда яқиндан кўмаклашган фуқароларга махсус мукофот ваъда қилди.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қўмитасининг Ўрмон хўжалиги корхонасига раҳбарлик қилиб келган 57 ёшли Холмўмин Сафаров Хатлон вилоятининг Восеъ туманида туғилган.
Маълумотларга кўра, Холмўмин Сафаров Имомали Раҳмон ҳокимият тепасига келишидан аввал унинг катта опасига уйланган бўлган.

Холмўмин Сафаров бу мамлакат Миллий университетининг биология факультетини битирган. Тожикистон ҳукумати қошидаги Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қўмитаси, Данғара туман пахта тозалаш корхонаси раиси лавозимларида ишлаган Сафаров сўнгги уч йил давомида Ўрмон хўжалиги корхонасига раҳбарлик қилиб келган.
XS
SM
MD
LG