Линклар

logo-print

Миср ҳарбий кенгаши конституциявий декларация қабул қилди


Мисрда собиқ президент Ҳусни Муборак истеъфосидан буён мамлакатни бошқариб келаётган Олий ҳарбий кенгаш якшанба оқшомида конституциявий декларация қабул қилди. Матни бугун эълон қилиниши кутилаётган мазкур ҳужжат янги парламент сайлангунига қадар ҳарбийларга қонун чиқарувчилик ваколатини беришни кўзда тутади.

Конституциявий декларация ҳарбийларга мамлакатнинг янги конституциясини ишлаб чиқадиган комиссияни тузиш имкониятини ҳам беради.

Ҳужжатда президент ваколатлари ҳам белгилаб қўйилган. Ҳукумат аъзоларини тайинлаш ҳуқуқи берилаётган президент, декларацияга мувофиқ, қонунларни маъқуллаш ёки уларни ўтказмаслик ваколатига ҳам эга бўлади.

Нобел мукофоти лауреати Муҳаммад Ал-Барадейга кўра, бу ҳужжат моҳиятан Мисрда ҳокимият ҳарбийлар қўлида қолажагини англатади.

Конституциявий декларация ҳарбий кенгаш томонидан кеча Мисрда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўйича овоз бериш тугаганидан бир неча соат ўтибоқ қабул қилинди.

Якшанба кунги президентлик сайловларида, “Мусулмон биродарлиги” ҳаракати иддаосича, исломийлар вакили Муҳаммад Мурсий 51 фоиз, унинг рақиби, собиқ президент Муборак даврида бош вазир бўлиб ишлаган Аҳмад Шафиқ эса 49 фоиз овоз олган.

Президентлик сайловларининг расмий натижалари қачон эълон қилиниши ҳозирча номаълум.

Ўтган шанба Миср Конституциявий судининг яқинда сайланган парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги қарори кучга кирди. Бу парламентда исломийлар кўпчиликни ташкил қиларди.
XS
SM
MD
LG