Линклар

Тожикистонликлар учун хорижда диний таълим олиш қонунан чекланди


Расмий Душанбе тожикистонликлар диний таълимни ўз ватанида олишини истамоқда.

Расмий Душанбе тожикистонликлар диний таълимни ўз ватанида олишини истамоқда.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси “Маъмурий қонунбузарликлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан фуқароларнинг хориж давлатларда диний таълим олишларини чеклаб қўйди.

Мазкур қонунга мувофиқ, эндиликда Тожикистон тегишли идоралари, жумладан, Таълим вазирлиги розилигини олмай туриб, хорижда диний таҳсил олмоқчи бўлган тожикистонликлар 4000 сомоний ёки тахминан 800 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди.

Тожик депутатларининг тузатиши, шунингдек, республикадаги диний ташкилотларнинг хорижий диний ташкилотлар билан алоқа ўрнатишини ҳам чеклайди. Қонунга бўйсунмаган диний ташкилотлар 1200 сомонийдан 1600 сомонийгача жарима тўлайди. Ундан ташқари, ўз ҳудудида турли тарғибот-ташвиқот ва таълимий чора тадбирлар ўтказган диний ташкилотларга 2 минг сомоний жарима белгиланади.

Ўтган ҳафтада тожик депутатлари томонидан қабул қилинган мазкур қарор жамоатчиликни ташвишга солиб қўйгани кузатилади.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг муовини ва янги қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Жумахон Ғиёсов фикрича, бу ташвишлар ўринсиздир.

- Аксинча, - дейди тожик депутати Ғиёсов, - бу тадбирлар фақатгина мамлакатда диний фаолиятни тартибга солишга қаратилган. Тожикистон ташқарисида диний таълим олишни истаган ҳар бир фуқаро аввало мамлакатимиздаги Ислом унверситетда таҳсил олиши лозим. Мамлакат тегишли идораларининг рухсатисиз, мустақил равишда хорижда алоқа ўрнатаётган кишилар жаримага тортилади. Бу фақат бир тартиб, холос.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раисининг муовини Саидумар Ҳусайний мулоҳазасича, бу каби жарима солишлар диндорлар ва диний билимини оширишни хоҳлаган фуқароларга нисбатан навбатдаги босимдир. Ҳусайний жаноблари парламентнинг навбатдаги йиғилишида ана шу жарималар 50 фоизга қисқартилишига оид таклиф эътиборсиз қолдирилганини қўшимча қилди.

Дин соҳасида мустақил таҳлилчи Фаррух Умаров мулоҳазасича, жарима – муаммоларни идеологиясиз ҳал қилишнинг бир йўлидир.

- Агар Тожикистон дунёвий бир мамлакат сифатида фуқаролар ҳуқуқларини тартибга солиб турувчи республика Конституцияси асосида давлат тегишли идораларининг рухсатисиз диний фаолият билан шуғулланаётган ёки хорижда диний таълим олмоқчи бўлган фуқароларини жазога тортиб, қамоққа ташлайверса, бу идеологик хусусиятга эга бўлади ва фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилади. Шуни назарга олган ҳолда, жарима белгилаш бу ғарб давлатларига эргашиш ё бўлмаса, бозор иқтисодиёти қонунларига амал қилишдир, - дейди мустақил таҳлилчи Умаров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG