Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:46

Грецияда ЕИ билан шартнома тузиш тарафдори бўлган партия ғалаба қозонди


"Янги демократия" партияси лидери Антонис Самарас ўз тарафдорлари қуршовида ғалаба нашидасини сурмоқда, Афина, 2012 йилнинг 17 июни.
"Янги демократия" партияси лидери Антонис Самарас ўз тарафдорлари қуршовида ғалаба нашидасини сурмоқда, Афина, 2012 йилнинг 17 июни.

Дастлабки маълумотларга кўра, якшанба куни Грецияда ўтган парламент сайловларида “Янги демократия” партияси 29,5 фоиз, СИРИЗА коалицияси 27 фоиз, Умумюнон социалистик ҳаракати – ПАСОК эса 12,3 фоиз овоз олган.

Бу Грециянинг Европа Иттифоқи ҳудудида қолишини тарғиб қилиб келган “Янги демократия” партияси коалицион ҳукумат тузиш имкониятини қўлга киритганини англатади. ПАСОКнинг бу коалицияга қўшилиш эҳтимоли катта, СИРИЗА вакиллари эса мухолиф сиёсий ташкилот ўлароқ ўз фаолиятларини давом эттирадилар.

СИРИЗА лидери Алексис Ципрас 17 июн куни ўтказилган сайловда ўз коалицияси мағлуб бўлганини тан олди.

Яқин орада тузилиши кутилаётган янги ҳукуматнинг асосий вазифаси Грециянинг евроҳудуд мамлакатлари ва умуман, Европа Иттифоқи билан муносабатлардаги ҳаракат дастурини белгилаш бўлади.

“Янги демократия” партияси раҳбари Антонис Самарас Греция Европа Иттифоқи аъзоси сифатида ўз мажбуриятларига содиқ қолишда давом этишини билдирди. Шунингдек, у “барқарор ҳукумат” тузиш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилиниши биланоқ Германия канцлери Ангела Меркел “Янги демократия” лидери Антонис Самарасни ғалаба билан қутлади. Самарас билан телефон орқали суҳбатлашган Меркел хоним Афина Европа Иттифоқи олдидаги мажбуриятларини бажаришига ишонч билдирди.

Аввалроқ иқтисодий таҳлилчилар Грециядаги парламент сайловларида СИРИЗА ғалаба қозонган тақдирда, грецияликлар ўз миллий валютаси бўлган драхмага қайтиш эҳтимоли борлиги, бу эса биржаларда талотумни юзага келтириши ва евронинг қадрсизланишига сабаб бўлиши мумкинлиги юзасидан хавотирли тахминларни илгари сургандилар.

Парламент сайловларида “Янги демократия” партияси ғолиб бўлгани ҳақидаги хабарлардан кейин Осиё бозорларида душанба куни ўсиш кузатилди.

Хусусан, Япониянинг Nikkei биржасида кўрсаткичлар 2,1 фоизга, Жанубий Кореянинг Kospi биржасида эса 2,08 фоизга ошди. Гонконгда ҳам акциялар 1,79 фоизга қимматлади. Шунингдек, Осиё бозорларида евро қиймати кўтарилгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG