Линклар

16 июн куни Жиззах шаҳри ҳудудида “Афросиёб” тезюрар поезди 30 ёшли Наргиза Сараевани уриб юборди ва аёл воқеа жойида вафот этди.

Воқеа ўтган шанба куни эрталаб соат 9 ларда Жиззах шаҳрининг Боғишамол маҳалласи ҳудудида содир бўлган.

Тошкент-Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган “Афросиёб” тезюрар поезди жиззахлик 30 ёшли Наргиза Сараевани уриб юборган.

Воқеа гувоҳларига кўра, Наргиза олган жароҳати боис ўша жойнинг ўзида оламдан ўтган.

Жиззах шаҳрининг Қаля маҳалласида яшаган Наргиза Сараева шаҳар СЭСида ишлаган ва ишдан берилган топшириқ бўйича кетаётган пайти ушбу бахтсиз ҳодиса содир бўлган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Мамиржон Азимов Озодлик илтимосига кўра ушбу воқеани ўрганиб, тафсилотларига ойдинлик киритди.

- Сараева Наргиза Санэпидстанцияда ходима бўлиб ишлар экан. Уларни коммунал тўлов бўйича аҳолидан пул йиғиш учун чиқариб юборишган ишхонасидан. Булар коммунал тўлов бўйича чиқиб туриб, Боғишамол ҳудудидан Шарлуқ маҳалласига ўтадиган поезд йўлда махсус пунктдан ўтмоқчи бўлган. Бу ерда аҳоли ўтиши учун, ўша пункт эрталаб соат 9 ларда тезюрар поезд келар пайтларда ëпилар экан, поезд ўтиб кетгандан кейин яна очиб қўйилар экан. Ўша куни ўша ерда бўлган назоратчи йўқ бўлган у ерда, ўша пункт қулфланмай қолганда, булар поезд йўлдан кесиб ўтаëтган пайтда, келинни поезд уриб юборган.

Булар уч киши бўлган, Наргиза телефонда гаплашиб телефон билан овора бўлиб қолган. Телефон билан гаплашиб кетаëтган вақтда хаëл билан эътибор бермаган. Тез юрар поезд етиб келиб бу келинчакни уриб юборган. Кўкрак қисмидан юқори қисми, асосан мия қисми қаттиқ жароҳат олиши натижасида ўша жойда жон берган, дейди воқеа тафсилотларини махсус ўрганган Мамиржон Азимов.

Жиззах шаҳар Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган навбатчи ходими Наргиза Сараеванинг "Афросиёб" поезди уриб юборгани оқибатида ўлганини тасдиқлади.

Милиция ходимига кўра, "Жиззах шаҳри ҳудудидан ўтган темир йўл Самарқанд шаҳрига қарашли бўлгани боис", Наргиза Сараева ўлими бўйича очилган жиноий ишни Самарқанд Транспорт прокуратураси ўрганмоқда.

Наргиза Сараеванинг ўлими тезюрар поезд билан боғлиқ илк фавқулодда ҳодиса эмас.

Жорий йилнинг 27 январ куни Сирдарё вилояти ҳудудида – Оқ олтин - Гулистон темир йўл бекатлари оралиғида 7 яшар Азиза Фахриддионова “Афросиёб”поезди шамолидан олган жароҳати боис ўлган эди.

Самарқанд Транспорт прокуратураси бу воқеани тасдиқлаб, Азиза поезд шамоли натижасида симёғочга зарб билан урилиб, олган оғир жароҳатдан касалхонада вафот этганини айтган эди.

2011 йилнинг 21 сентябрида Сирдарё ҳудудида соатига 190 километр тезликда кетаётган “Афросиёб” поездининг пантографи ишдан чиққач, рейс бекор қилинган.

“Афросиёб” тезюрар поездининг 250 километр/соат тезликда юра олиши айтилади. Мутахассисларга кўра, транспорт бундай тезликда ҳаракатланган пайтда кучли шамол юзага келади.

Самарқанд Транспорт прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, темир йўл бўйлаб ўрнатилган тўсиқларни бузиб, ўғирлаб кетиш, белгиланмаган жойдан тўсиқни ошиб ўтиш, поездларга тош отиш каби қонунбузарликлар учраëтгани боис¸ 2Афросиëб" йўлида хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар туғилмоқда.

Жорий йил бошида “Ўзбекистон темир йўллари” давлат компанияси Жиззахдан Даштободгача 59 километрлик ва Даштободдан Янгиергача 34 километрлик йўл қайтадан таъмирлангани, Тошкентдан Самарқандга қадар йўл бўйига симтўр тортилгани ҳақида ҳисобот берган.

Тошкент ва Самарқанд ўртасида қатновчи “Афросиёб” тезюрар поезди Испаниянинг “Patentes Talgo S.L.” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган. Испан ширкати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2009 йилда имзоланган олди-сотди битимига мувофиқ, иккита поезд ва улар эҳтиёт қисмлари қиймати 38 миллион еврога баҳоланган.

Биринчи тезюрар поезд 2011 йил 22 июл куни Ўзбекистонга олиб келинган ва 2011 йилнинг октябридан бери доимий қатновга қўйуилган. Иккинчи “Афросиёб” тезюрар поезди эса 2011 йил 9 декабр куни Тошкентга келтирилган.

Тезюрар электропоезд икки шаҳар ўртасидаги 344 километрлик масофани 2 соату 30 дақиқада босиб ўтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG