Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:37

Заставадан қочган чегарачилар ушланди


Қозоғистонда ўзбошимчалик билан заставани ташлаб кетган 11 ҳарбий ушланди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати маълум қилди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати маълумотига кўра, қозоқ-хитой чегарасидаги “Терсайриқ” чегара заставасини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган 11 ҳарбий 19 июн куни соат 13 дан 40 дақиқа ўтганда Шарқий Қозоғистоннинг Тарбагатай тумани Жанаталап қишлоғи яқинидан ушланган.

Чегара хизматининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, Чегара хизмати, Ички ишлар департаменти ва Миллий хавфсизлик қўмитаси департаменти томонидан тузилган махсус қидирув гуруҳи 11 чегарачини “Терсайриқ” чегара заставасидан 18 километр узоқликда қўлга олган.

- Улар чегарадан қочиб кетмаган, балки заставани ўзбошимчалик билан ташлаб кетган. Ҳозирда 11 чегарачи автомашинада чегара заставасига олиб кетилаяпти, дейди расмий.

Чегара хизмати аввал эълон қилган баёнотда “Жорий йилнинг 18 июн куни тонг саҳарда 2011 йилнинг ноябрида муддатли хизматга чақирилган ўн бир ҳарбий “Шиғис” минтақавий бошқармаси Зайсан чегара отрядининг “Терсайриқ” чегара заставасини ўзбошимчалик билан, қуролсиз ташлаб кетган”, дея хабар қилинди.

Чегарачилар қочиб кетганидан хабар топган застава бошлиғи мустақил равишда қидирув ташкил қилишга уринган ва бу фавқулодда вазият ҳақида қўмондонликка фақат оқшомга бориб маълум қилган.

Дастлабки расмий маълумотга кўра, чегарачиларнинг ўзбошимчалик билан заставани ташлаб кетишига чегарачилар ўртасидаги ҳарбий низомга мувофиқ бўлмаган муносабатлар сабаб бўлган.

Чегара хизматидан маълум қилишларича, бу жойда давлат чегарасини қўриқлаш Чегара хизматининг қўшимча бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Айни пайтда мазкур ҳодиса юзасидан ҳарбий прокуратура томонидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 380-моддаси 1-қисми (ҳарбий қисм қўмондонлиги, мансабдор шахслари томонидан хизмат ваколатларининг суиистеъмол қилиниши ёки ошириб юборилиши) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Бу қозоқ-хитой чегарасида сўнгги бир ой мобайнида содир бўлган иккинчи нохуш ҳодисадир. Май ойи охирида Олмаота вилоятидаги “Арқанкерген” чегара масканида 14 чегарачи ва ўрмон қўриқчисининг куйган жасади топилганди.

Мазкур қотилликда чегара заставаси тирик қолган ягона аскар Владислав Челах гумонланмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ҳозир у сўроқ қилинаяпти. Аммо Челахнинг онаси журналистларга ўғли билан учрашув чоғида Владислав ўз хизматдошларининг ўлимига алоқаси йўқлигини айтганини билдирган.
XS
SM
MD
LG