Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:05

Рус журналисти миллатчиликда айбланмоқда


Бишкеклик журналист Владимир Фарафонов ҳақида қирғиз матбуоти деярли ҳеч нарса ёзмаяпти.
Бишкеклик журналист Владимир Фарафонов ҳақида қирғиз матбуоти деярли ҳеч нарса ёзмаяпти.

Москвалик сиёсатчи Владимир Жириновский Бишкекда рус журналисти қамалса, Россиядан барча қирғизларнинг чиқариб юборилишини талаб қилишини билдирди.

Бишкеклик журналист Владимир Фарафонов бир қатор интернет нашрларда миллатлараро низо қўзишга қаратилган мақолаларни чоп этишда айбланмоқда. Уч ойдан бери давом этаётган суд жараёнларида Миллий хавфсизлик қўмитаси Фарафонов 2010 йил воқеалари ҳақида ёзган мақолаларида қирғиз ва ўзбекларни бир-бирига гиж-гижлашга ҳаракат қилганинин исботлашга уринаяпти.

“Kloop.kg” сайти маълумотига кўра, Фарафонов “Русское единство” интернет сайтида чоп қилинган мақолаларидан бирида Ўш қирғини ҳақида “қон ҳидидан қутурган ва жазоланмаслигини билган маст ҳолатдаги, асосан қишлоқлардан келган ёш қирғизлар балоғатга етмаган ўзбек болаларининг калласини олишди”, деб ёзган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси шундан келиб чиқиб, журналистга нисбатан 11 та айблов билдирилган жиноят ишини очган.

-Прокурор судда Фарафоновга саккиз йиллик қамоқ жазоси белгиланишини талаб қилмоқда. Фарафонов суд жараёнларида ўзига қўйилган айбларни тан олмаслигини билдирган, - деди журналистнинг адвокати Леонид Лужанский.

Фарафонов иши юзасидан бир-иккита интеренет сайтларини ҳисобга олмаганда қирғиз оммавий ахборот воситалари маълумот бермаяпти. Бу борада асосан Москва матбуоти кўпроқ ёзмоқда. Айни пайтда россиялик сиёсатчилар ҳам Фарафонов иши юзасидан ўз фикрларини билдиришаяпти.

18 июн куни Россия Думаси депутати, Либерал Демократик партиясининг раиси Владимир Жириновский ҳам бу борада баёнот тарқатди.

“Расман билдирамизки, агар қирғиз суди адолатсиз ҳукм чиқарса ва журналист Фарафонов қамоққа ҳукм қилинса, ЛДПР барча қирғиз мигрантларини тезкорликда ватанларига депортация қилинишини қатъий талаб этади”, дейилади Жириновский ёйинлаган баёнотда.

Владимир Фарафоновнинг ўзи билан суҳбатлашиш имконияти бўлмади. Журналистнинг барча алоқа воситалари ўчиқ, унинг қаерда экани эса номаълум. Фарафоновнинг адвокати ўз ҳимоясидаги одам учинчи давлатларга бошпана излаб чиқиб кетган бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди.

-У кеча судга ҳам келмади. Унинг қўл телефони ҳам, уйдаги телефони ҳам ўчиқ. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Балки бошқа давлатга қочиб кетгандир, -деди адвокат Лужанский.

Бишкеклик рус журналистига нисбатан ўтказилаётган судни Қирғизғистон Омбудсмени Турсунбек Акун “бир тарафлама жараён”, деб баҳолади.

Омбудсменнинг айтишича, Қирғизистондаги қирғиз тилли миллатчилардан бирортаси миллатлараро низо қўзғатувчи чақириқлари ва ғоялари учун шу кунгача судга тортилмаган. Журналист Фарафонов қирғиз жамиятида миллатчиликда айбланган биринчи журналист бўлди.
XS
SM
MD
LG