Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:35

Тошкентда футбол кўриш камида 30 мингга тушади


Частота яхши узатилмагани учун испан мухлислари ҳам Италия-Ирландия ўйинини кўришга мажбур бўлди.
Частота яхши узатилмагани учун испан мухлислари ҳам Италия-Ирландия ўйинини кўришга мажбур бўлди.

Европа чемпионати бошланди-ю, ўзбекистонлик коптоксеварларнинг куни туғди. Футболга суяги йўқ мухлислар азза-базза меҳнат таътилига чиқвола қолди: тўрт йилда бир бўладиган мазахўрак томошани хаёлни бир жойга қўйиб, бемалол-баҳузур кўриш учун-да.


Кўча-кўйда Европа чемпионати ҳақида бир-бирига гап бермай суҳбатлашаётган ёш-яланг кўп учрайди. Лекин тўнғич авлод орасида футбол руҳи унчалик сезилмаётгандек. Ким билсин, катталар ишқибозликни кичикларга қўшқўллаб топшириб, ўзлари турмуш ташвишлари билан андармонми...

Қаерга борсам экан?..

Футбол деса ўзимни томдан ташламасам ҳам, ҳартугул, пичоққа илинадиган жамоалар баҳсини кузатиб боряпман. Хабарингиз бор, кеча С гуруҳи тақдири ҳал бўлди. Бу ёқда Испания ва Хорватия, у ёқда Италия ва Ирландия майдонга тушди. Ҳар икки ўйин Тошкент вақти билан 23:45 да бошланди. Кўпдан италянларга ишқибозлик қилиб юрганим учун иккинчи ўйин қизиқ туюлди менга.

Шу десангиз, уйда ёстиқ қучоқла-аб, Украинаю Полша стадионларига саёҳат қилиш жонга тегди. Бирор кафедами, хиёбондами, клубдами – хуллас, беш-ўн мухлис йиғиладиган жойга боргим келди.

Дўстларнинг тавсияси билан Тошкентдаги “Premier League” спорт барига йўл олдим. Матч бошланишига бир соатча вақт бор, лекин барда одам сийрак. Эшик оғзида ғоздек турган хизматчи йигитдан бунинг сабабини сўрадим.

– Билмадим, охирги кунлар томошабин қадами узилиб қолди. Россиянинг ўйинига одам кўп келарди. Олдиндан телефон орқали жой буюртириб қўйишарди. Группадан чиқолмади-ку Россия. Энди... қанча одам йиғилиши командаларга ҳам боғлиқ. Лекин, менимча, чорак финал бошланганидан кейин ишқибозлар кўпайса керак, – дея вазиятга ойдинлик киритди эшикоға.

Билсангиз, футболни кўпчилик билан томоша қилиш керак. Ашаддий мухлисларнинг бақир-чақири, олқиш-қарғишига қўшилишиб, кўнглингиздаги ғуборлар тарқайди-да.

“Premier League”дан кутганим – гуррос-гуррос томошабинни топмадим. Шу сабаб захирадаги иккинчи жой – “Soccer resto-club” ресторанига қараб от солдим.

1000 доллар тўлаб қўйган корчалон

Бино пештоқига ёпиштирилган улкан копток ишқибозларни сирли имлаётгандек.

Ичкарига кирганингиз заҳоти, бошингиз устидаги баҳайбат қўғирчоқ – тўпга қараб сапчиётган дарвозабон эътиборингизни тортади. Футбол ресторанининг ҳар бир қавати, ҳар бир бурчаги коптоксеварларнинг дидига мос безатилган.

Бир неча ошёнли бино деворларига футбол юлдузларнинг турфа алфоздаги суратлари ёпиштириб ташланган. Истасангиз, хорижнинг номдор жамоалари услубида безатилган хос ҳужрада (аммо ихчамроқ экранда), истасангиз 3х4 метрли мониторда – кўпчилик даврасида томоша қиласиз ўйинни. Катта экран ўрнатилган асосий томошахонага 60 чоғли одам сиғади. Лекин бугун бу ерда ҳам 15-20 томошабин йиғилган.

Азамат исмли оёқ-қўли енгил йигит “Soccer resto-club”да футбол томоша қилиш шартини тушунтирди.

Ҳар бир меҳмон футбол кўриш билан чекланмай, камида 30 минг сўмли егулик тановул қилиши керак. Ҳам томошахона, ҳам тамаддихона!

Қулоғингизга чалингандир, бу йил Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Европа чемпионати трансляцияси ҳуқуқини кўтарасига сотиб олди.

ЎзМТРК футбол кўрсатмоқчи бўлган ресторан, кафе, клуб, чойхона, кинотеатр, истироҳат боғларига 1000 долларлик шартнома имзолаш талабини қўйди.

Мўъжаз тамаддихоналар учун бу тўлов оғирлик қилгани рост. Лекин аксар кафею ресторанлар кўзни чирт юмиб телерадиокомпания билан шартнома имзолади. Аломат мусобақа баҳона уч-тўрт танга ишлаб олиш мумкин-да.

Оёғи олти, қўли етти бўлиб мухлис-хўрандаларга хизмат қилиб юрган Азамат гап орасида лицензия борлигини писанда қилиб қўйди. Демак, ҳаппои ҳалол ўйин кўрамиз.

Мабодо телерадиокомпаниядан бирор тафтишчи келиб қолса ҳам (билиб бўладими, бутун оммавий ахборот воситалари орқали трансляция учун шартнома қилмаганлар огоҳлантириб чиқилди-ку!), хотиржам ўтирсак бўлади: “Soccer resto-club” раҳбарияти биздек мухлислар учун нақд 1000 доллар санаб берган!

Бақир-чақир тақиқлан...майди!

Ана-мана билан қўш ўйин ҳам бошланди. Катта хонага жам бўлган аксар мухлис Испания–Хорватия баҳси учун келган экан. Мен эса, боя айтганимдек, Италия–Ирландияни кўрай деган илинжида эдим. Икки ўйин ҳам параллел кечаётгани учун улардан бирини танлаш керак. Кўпчиликнинг гапи гап! Алҳосил, қаршимиздаги маҳобатли экран “Ёшлар” телеканали эфирга узатаётган Испания–Хорватия ўйинини кўрсата бошлади.

Шу техника дегани зап мавҳум-мужмал нарса-да. Ўчакишгандек, ҳали овоз йўқолиб қолади, ҳали тасвир денг! Падари қусур қурилманинг айби билан шарҳловчи Давлат Турдиалиевнинг бийрон гаплари ҳам худди хумдан чиқаётгандек эшитилади-я! Хизматчи йигит арзанда матоҳини созлолмай гаранг, мижоз-хўрандалар асаби таранг!

“Частотани яхши узатишмаяпти, бизнинг айбимиз йўқ” деб қўяди орада. Барибир бўлмади. Испан мухлисларининг ҳам, ахийри, сабр косаси тўлди. “Италияга олиб кўр-чи!” дейишди ноилож. Мижознинг истаги қонун! Канал “Ёшлар”дан “Россия 2”га алмашди. Худо деган мухлис эканман, бу канал Италия–Ирландия ўйинини бип-биноий кўрсатяпти. Андак асабийлашувлар ортда қолиб, ўзим кутган томошага ошно бўлдим...

Томошахонага кенгиш оромкурсилар қўйилган. Ялпайибми, ястанибми – ўзингизга қулай позада кўраверасиз ўйинни. “Бақир-чақир тақиқланади!” деган эълонни ҳам кўрмадим. Демак, қисиниб-қимтинмай, бемалол “ўз уйингиздагидек” ўтиришингиз мумкин (Ресторанда бақир-чақир тақиқланмаса ҳам, суратга олиш ман қилинган экан, қаранг! Битта-иккита суратга олганимни кўрган ходим ошиғич огоҳлантирди. “Ул-бул ёзсам, фойдаланарман, реклама-ку сизларга”, дея муросага чақирмоқчи бўлсам, “Рекламага муҳтож эмасмиз” деди қатъий. Шу томонларга йўлингиз тушиб қолса, суратга олиб, менга ўхшаб дакки эшитиб юрманг-а тағин!)

Футбол баҳона... улфатчилик ғанимат

Қурама издиҳом. Футбол деса чимилдиқни ҳам ташлаб чиққудек журъатга эга ашаддий ишқибоз ҳам шунда. Дўстларининг тортқилашларидан уялибми, безор бўлибми, кўпчиликдан қолмай деб келган ҳам шунда.

Хотинининг таъна-дашноми (“Битта коптокнинг кетидан Ҳалокунинг итидек чопаётган аҳмоқларга шерик бўлмай, фойдали иш қилсангиз бўлмайдими?!”) жонидан ўтиб кетиб, тинчлик истаб келган “мазлум” ҳам шунда...

Ҳа, ўз номи билан томоша бу! Ҳув чеккада ўтирган йигитлар ўйинга ҳам қарамай, олдидаги серкўпик пивони семирганча гап сотиб ўтирибди: футбол баҳона улфатчилик ғанимат.

Ёнқатордаги ўрта яшар эр-хотин мухлис мўл-кўл буюртма бериб, паққос таомхўрликка ихтиёр берган.

Йўқ, ҳайтовур, ашаддий мухлислар ҳам бор экан. Ана, ўрта қатордаги йигит оғзига солмоқчи бўлган бодроғи қўлида қолиб, италянларнинг навбатдаги ҳужумини анграйганча кузатиб ўтирибди...

“Европани мовийга бўяймиз!” деган шиор билан тўп тепаётган Италиянинг ишқибози кўп азалдан. Томошахонадаги аксар мухлислар ҳам италянларга “болеть” қилди шу куни.

Камписанд Ирландияга ён босган одам бўлмади. 2:0 ҳисобида Италия ғалабаси билан якунланган ўйин тафсилотларига тўхталиб ўтирмайман.

Ширин уйқусидан кечиб, тун ярмигача баҳсни кўрган мухлислар изоҳларимга муҳтож эмасдир.

Аммо-лекин Италиянинг севимли занжиси Балотеллининг голи ҳаммасидан ҳам чиройли чиқди, а, тўғрими?..


Қуйида 12 июн куни ўтказилган Полша-Россия ўйинини намойиш этган кафелардан биридан олинган суратларни тақдим этамиз.

XS
SM
MD
LG