Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:58

Google ҳукуматлар босими остида қолган


Интернетдаги етакчи қидирув хизмати ва эълон ширкати бўлган Google чиқарган янги ҳисоботда Интернетга қўйилган материалларни олиб ташлаш ҳақидаги ҳукуматлар сўрови кўпайгани билдирилган.


Google ширкатининг "Transparency report" номли янги ҳисоботида Интернетга қўйилган материаллар, айниқса, видеоматериалларни олиб ташлаш ҳақидаги сўровлар нафақат цензура мавжуд авторитар ҳукуматлардан балки, Ғарбдаги демократик давлатлар томонидан ҳам келиб тушгани билдирилган.

Ҳисоботда Испания расмий тизимларининг Google ширкатидан ҳукумат расмийларни танқид қилувчи 270 та блог ва мақола Интернетдан олиб ташланишини сўраб мурожаат қилгани¸ бироқ бу илтимос бажарилмагани қайд этилган.

Ҳисоботга кўра, АҚШ турли сабабларга кўра 187 та материалнинг Интернет қидирув тизимидан олиб ташланишини сўраган ва Google бу сўровнинг фақат 42 фоизини бажарган.

Google ширкати Покистон расмийларини ҳажв қилувчи олтита видеолавҳа Интернетдан олиб ташланиши ҳақидаги Исломобод илтимосини қондирмаган.

Британия полицияси терроризмни тарғиб қилувчи, деб олтита видеороликни YouTube дан олиб ташлашни Google дан илтимос қилган. Ширкат полиция сўровини бажарган.

Туркия ҳукумати мамлакат асосчиси Мустафо Камол Отатуркни ҳақорат қилувчи 149 та видеоролик YouTube дан олиб ташланишини Google дан сўраганидан сўнг ширкат ўша видеороликларни Туркия ҳудудида очилмайдиган қилиб қўйган.

Google ширкати чиқарган ҳисоботда 2011 йилда Россия ҳукуматининг Интернетга қўйилган материалларни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилмагани билдирилган.

Ўтган йил давомида Ўзбекистон ҳам Интернетдан материаллар олиб ташланишини сўраб Google ширкатига мурожаат қилмаган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистонда ахборот воситалари, жумладан, Интернет устидан назорат ўрнатилгани боис мамлакатни “Интернет душманлари” рўйхатига киритган.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоҳан Биҳр Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукумати Интернетдан айрим материалларни олиб ташлашни сўраб Google га мурожаат қилмаганини Ўзбекистонда мухолифатга тегишли сайлар, инсон ҳуқуқлари ва ҳукуматни танқид қилувчи мақолаларга аллақачон тўсиқ қўйилгани билан изоҳлади.

- Ўзбекистон ҳукумати Интернетни ўзи назорат қилгани учун, афтидан, муаммоли материалларни Google цензура қилишини сўрашга эҳтиёж бўлмаган ёки улар кутишни хоҳламаган, дейди Йоҳан Биҳр.

Демократик давлатлар айрим материаллар Интернетдан олиб ташланишини Google дан илтимос қилгани юзасидан ташвиш билдирган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг ЯнгиМедиа бўлими бошлиғи Люси Морилон Ўзбекистон айни масала борасида Google га мурожаат қилмаганини Интернетни назорат қилишга ўз воситасига эга бўлгани билан изоҳлади.

- Биринчидан Google га мурожаат қилиш учун улар эҳтиёж сезмаган. Боиси улар жамоатчилик кирмаслиги керак деб ҳисоблайдиган инсон ҳуқуқлари ёки эркин маълумот тарқатувчи сатларга аллақачон тўсиқ қўйган.

Улар Интернетни назорат қилиш учун ўз воситасига эга бўлгани учун Google га мурожаат қилишни ўринсиз деб ҳисоблаган бўлса керак, - дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти расмийси.

Айни пайтда, Google ширкатининг муаллифлик ҳуқуқлари бўйича мутасадди раҳбарларидан бири Фред вон Лоҳман 2011 йилда 3 миллион 300 мингта ширкат ва якка шахс муаллифлик ҳуқуқларига зид бўлган материаллар Интернетдан олиб ташланишини илтимос қилиб Google га мурожаат қилгани ва сўровларнинг 97 фоизи қондирилганини билдирди.
XS
SM
MD
LG