Линклар

logo-print

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги бир гуруҳ пиллакорлар жорий йилда етиштирган пилла ҳосили ҳаққини ололмай сарсон бўлмоқда.

Қарши тумани Ниёзмудин қишлоғи Ниёзмудин маҳалласида яшовчи 42 ёшли Саломат Абилова жорий йилда уч фарзанди билан 2 қути - 40 грамм ипак қурти олиб боқди.

Баҳор серёмғир бўлгани учун ипак қурти боқиш анча қийин кечганини айтади Саломат опа.

- Пилла вақти шунақанги жала ëғди, челаклаб қуйгандай ëғди. Ëмғирларга қолиб кетдим. Уйларимнинг ëғочлари синиб кетди. Болаларим билан жалада қолиб кетдим. Ҳамма нарсам ëмғирга қолиб расвоси чиқиб кетди. Бу йил пилла қурти боқиш анча қийин бўлди, дейди Саломат опа.

Абиловлар оиласи белгиланган 120 кило режани ошиғи билан бажариб, 130 кило пилла етиштирди.

Саломат опага кўра, етиштирган пилласи нархи жами 650 минг сўмни ташкил қилади ва бу пулни маҳалла фаоллари тарози бошида беришга ваъда қилишган.

Бироқ Алимовлар оиласи орадан ярим ой вақт ўтганига қарамай пулни ололмай сарсон.

- Пиллани боқтириб олиш учун қоп-қоп ваъдани беришди. Мана пиллани олиб кетиб бўлгандан кейин на пулидан дарак бор, на бошқа нарсасидан дарак бор. Ўзимиз меҳнатни қилдик, на энди қилган меҳнатимизнинг пулини югуриб ҳам ололмаяпмиз. Нима қилишимиз керак биз? Ана энди қайси ташкилотга борманг¸ ҳеч қайсиси тингламайди. Оддий бир маҳалласига чиқсак, борган ерингга бор, қўлингдан келганини қил дейди. Нима қилишимиз керак? Кимга мурожаат қилишимиз керак? Оддий халқ буларнинг яганасига керак, чопиғига керак, пилласини боқишга керак, пахтасини теришга керак. Бошқа оддий халқнинг керакли жойи йўқ. Оддий халқ қул! Қулдорлик даври бошланиб кетди Ўзбекистонда. Ҳеч ким тингламайди оддий халқнинг дардини, дейди Абилова.

Суҳбатдошга кўра, у сингари пилла ҳаққини ололмай юрган қаршиликлар анчагина.

Қашқадарё вилоят Пиллачилик бошқармаси маъсулига кўра, вилоятда Саломат Абилова каби жами 35 минг 655 та хонадонда пилла қурти боқилди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз маъсул пилла ҳаққини олмаслик ҳолатлари бўлишини инкор қилмади. Лекин суҳбатдошга кўра, бу муаммони ҳал қилиш мумкин.

- Бизлар фермер хўжаликлари билан шартнома қилгандик. Ўшанга нисбатан 65 фоизини биз тўлаб бергандик предоплата қилиб олдиндан. Ҳозир қолган охирги расчëтини 1 августгача тўлиқ 100 фоиз тўлаб берилади. Саломат Абилова фермер хўжалигининг звеноси бўлади. Звенонинг ҳақини тушириб олган фермер расчëт қилиб тўлаб бериши керак. Айрим пайтларда англашилмовчилик ҳолати бўлади. Фермер хўжалигининг счëтига пул тушиб борадида, ўша нарсанинг тўланган - тўланмаган қисмини назоратга ололмаймиз 100 фоиз. Биз аниқлаймиз буни ҳозир, Қарши тумани дедингиз, мен ëзиб олдим. Саломат Абилова 130 кило топширган. Ўшанинг пули қанча бўлган, нима сабабдан тўланмаганини аниқлаймиз, дея ваъда қилди суҳбатдошимиз маъсул шахс.

Қашқадарё вилоят Пиллачилик бошқармаси маълумотига кўра, вилоят бўйича 50 минг қути ипак қурти боқилган ва 3001 тонна пилла етиштирилган.

Республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳисоботига кўра¸ жорий йилда мамлакат бўйича жами 43 877 та фермер хўжалиги ва 381 минг 316 та қурт боқувчи звено пилла етиштириш билан шуғулланган.

Жорий йилда Ўзбекистон бўйича 25 минг тоннадан зиёд “кумуш тола” хирмони яратиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги расмий сайтида қайд қилинишича, ўтган йили 24 минг 666,9 тонна пилла етиштирилиб, 65,2 миллиард сўм фойда кўрилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG