Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

Вақтинчалик никоҳ оммалашмоқда


Тожикистонлик дин пешволари хориж фуқаролари, хусусан, вақтинчалик никоҳ (мутъа) кенг тарқалган мазҳаб вакилларига турмушга чиқишга рози бўлаётган тожикистонлик аёлларни ҳушёрроқ бўлишга чақирмоқда.

Тожик жамиятида танилган руҳоний Эшон Абдулбасир Саидов кузатувича, вақтинчалик никоҳ Душанбе шаҳрида сўнгги икки-уч йил ичида тенденцияга айланган. Унга кўра, айримлар тожик аёлларининг диний саводсизлиги ва соддалигидан ўз манфаати йўлига фойдаланиши ортидан ўнлаб қиз ва жувонлар мутъа - эронликларга хос вақтинчалик никоҳ қурбони бўлиб қолаётир.

Мутъа зиноми?


Мутъа шиа мазҳабида кенг тарқалган ва эркак билан аёл ўртасида маълум бир муддатгача боғланиб, белгиланган муддатдан сўнг ўз-ўзидан бекор бўладиган вақтинчалик никоҳдир. Бу никоҳ тури асосан Эрондаги шиалар орасида кенг тарқалган ва у қонуний саналади.

Аммо маҳаллий дин пешволари аксарият тожикистонликлар эргашадиган Ҳанафия мазҳабида (“Аҳли сунна вал жамоа”даги тўрт мазҳабнинг бири) мутъа ёки вақтинчалик никоҳ ҳаром эканини айтади.

Эшон Абдулбасир Саидовнинг таъкидича, сунний мазҳаб вакиллари мутъани қабул қилмайди ва ҳатто уни “зино”га яқинроқ, деб санайди.

- Кимда ким ана шундай никоҳ билан турмуш қурар экан, у зино қилган ҳисобланади. Яъни бундай никоҳнинг зинодан фарқи йўқ, - дейди у.

Эшон Абдулбасир сунний мусулмонлар фақатгина эру хотиннинг ўлим вақтигача бирга бўлишга аҳду паймон қилиб тузган никоҳни тан олинишини уқтиради.

- Агар шу ният билан никоҳ боғланса, дурустдир. Лекин бир ойлик, икки ойлик бўлса, ундай никоҳ нодуруст, - дейди Эшон Абдулбасир.


Ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз қолаётган аёллар


Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъули Зарафо Раҳмоний шу кунларда бу мамлакатда яшаётган эронлик фуқаролар билан мутъа никоҳи боғлаётган тожикистонлик аёлларни тез-тез учратаётганини айтади.

- Бу аёллар охир-оқибат ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз қолиб кетади. Ҳамма ҳолатларда эркаклар вақтинчалик аёлларини тарк этади. Ҳаммадан аянчлиси, бундай никоҳлардан болалар туғилаётганидир, - дейди Зарафо Раҳмоний.

Раҳмоний хоним бу тенденциянинг жамиятда тобора кучаяётганига мамлакатдаги иқтисодий аҳволни сабаб деб билади.

- Тожикистонлик кўплаб эркаклар мавсумий иш излаб мамлакатни тарк этган. Иш юзасидан Тожикистонга келаётган эркаклар кўп, бунинг ортидан вақтинчалик никоҳлар кўпаймоқда. Мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий омиллар сўнги йилларда бу ҳолатнинг авж олишига имконият яратаётир, - дея мулоҳаза билдиради Зарафо Раҳмоний.

Тожикистонда шу кунгача қанча аёл вақтинчалик никоҳдан ўтгани ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо Зарафо Раҳмоний юзлаб тожикистонлик аёллар ана шундай никоҳдан ўтганига ишонади.

Эрон Ислом республикасининг Душанбедаги элчихонаси шу кунгача тожикистонлик фуқаролардан вақтинчалик никоҳ билан боғлиқ шикоят олмаганини билдирди.

Аммо тахминан бир ойча аввал маҳаллий матбуот тожикистонлик бир гуруҳ аёллар Эрон элчихонасининг консуллик хизматига мурожаат қилиб, эронлик турмуш ўртоқларини сўраб-суриштираётгани ҳақида ёзган эди.

Асл исмини айтишдан тийилган душанбелик 25 ёшли Мая эронлик савдогар - собиқ турмуш ўртоғи билан ўтган йили шаҳар ресторанларининг бирида танишган экан.

Никоҳ, Маянинг айтишича, куёвнинг дўсти томонидан ўқилган ва яна икки ўртоғи эса гувоҳ тариқасида бу тадбирда қатнашган.

- Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. У вақтинчалик никоҳ ҳақида нимадир дегандек бўлди, лекин мен у шунчаки эҳтиёткорлик қилаяпти, деб ўйладим, - дейди Мая.

Аёлнинг гапига қараганда, олти ой ўтгач, куёв бола ёш аёлини ташлаб кетган. Ҳозирда Мая вақтинчалик никоҳдан туғилган қизалоғи билан яшамоқда экан.

- Мен ундан ҳеч қандай моддий ва маънавий кўмак олмайман, - дейди Мая.


Тожикистон қонунлари ҳам мутъани тан олмайди


Яқин йилларгача мутъа (ёки сийға) тожик жамияти учун ёт мавзу саналарди. Лекин сўнгги пайтларда руҳонийлар билан савол-жавобларда бу мавзунинг қайта-қайта кўтарилаётгани унинг жамият, хусусан, диндорларнинг ташвишига сабаб бўлаётганини далиллайди.

Тожикистон қонунчилигида вақтинчалик никоҳ борасида ҳеч қандай ишора йўқ. Тожикистонда фақатгина Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида қайдга олинган никоҳ расмий, деб тан олинади.

Шуни назарга олган ҳолда, тожикистонлик ҳуқуқшунослар мулоҳазасича, никоҳ хоҳ доимий бўлсин, хоҳ вақтинчалик - давлат идоралари томонидан умуман эътиборга олинмайди. “Бошқа томондан, - дейди ҳуқуқшунослар, ЗАГСдан ўтмаган аёллар турмуши бузилган тақдирда меросдан мосуво бўлиб қолади”.

Бир ёки ундан ортиқ киши билан никоҳдан ўтиш Тожикистонда жиноят ҳисобланади ва бунинг учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG