Линклар

Эронда ичкиликбозлик кўпаймоқда


Эрон полицияси мусодара этилган пиволарни тўкиб ташламоқда.

Эрон полицияси мусодара этилган пиволарни тўкиб ташламоқда.

1979 йилги Эрон ислом инқилобидан сўнг мамлакатда спиртли ичимлик истеъмоли ва савдоси тақиқлаганига қарамай¸ давлат матбуоти ва расмийлар аҳоли ўртасида ичкиликбозлик кўпайиб бораëтгани хусусида бонг урмоқда.

Шаробхўрларга ҳар турли оғир жазолар тайин қилинишию йилига миллионлаб литр шаробнинг мусодара этилиб¸ ерга тўкилишига қарамай¸ эронликлар шароб маданиятидан воз кечиш фикридан йироқ.

Эрон давлат матбуотининг ëзишича¸ ўтган йили мамлакатда мусодара этилган спиртли ичимликлар миқдори ундан аввалги йилга нисбатан 69 фоизга ошган.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Алиризо Месдоғиния эса спиртли ичимликлар истеъмолининг йил сайин кўпайиб бораëтгани хусусида бонг урди.

Теҳрон расмийсига кўра¸ исломий жумҳуриятнинг диний ва ахлоқий қадриятларига зид бўлган ичкиликбозлик оқибатида турли ахлоқсиз ҳатти-ҳаракатлар ҳам кўпаймоқда¸ миллат саломатлигига зиëн етмоқда.

“Жамиятда ичкиликбозлик кўпайиши ортида асосан шахсий сабаблар ëтибди. Айримлар ҳаëтдан сиқилган пайтда спиртли ичимлик ичишни муаммони ҳал этиш воситаси деб билмоқда”¸ деб иқтибос келтиради Эрон расмий нашрлари Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари гапларидан.

Эрон Ижтимоий меҳнат жамияти раҳбари Мустафо Эғлима¸ айрим эронликлар муаммолардан қутулиш учун шароб ичаëтгани ҳақидаги фикрга қўшилади.

- Спиртли ичимликлар одамни сархуш қилувчи воситалардан бири. Бугун биз иқтисодий босим¸ ижтимоий муаммолар ва инфляция даражаси жуда юқори бўлган бир жамиятда яшамоқдамиз. Одамлар муаммолардан туғилган оғриқни босиш учун спиртли ичимлик ичмоқда¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Эғлима.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ ичкиликбозлик¸ айниқса¸ Теҳроннинг асосан камбағал оилалар яшовчи жанубий районларида кенг тарқалган.

Айни пайтда¸ касалхоналардан олинган маълумотлар асосида вазирлик¸ Эрон вилоятларида ҳам бу муаммо кўламининг кенгайиб бораëтганини таъкидлади ва ҳукумат раҳбарларидан вазиятга алоҳида аҳамият беришни сўради.

Расмийларга кўра¸ бугунги кунда Эронда икки миллионга яқин банги бор ва уларнинг аксари бир пайтнинг ўзида ичкиликка ҳам ружуъ қўйган.

Маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ ҳар йили Эронга 80 миллион литр спиртли ичимлик контрабанда қилинади ва ундан фақат учдан биригина мусодара этилмоқда.

Оддий эронликларнинг айтишича¸ қора бозорда уйда қилинган арман ароғидан тортиб¸ пиво¸ виски ва француз шаробларини куннинг истаган пайтида топиш мумкин. Ҳатто озиқ-овқат дўконларида ҳам “прилавканинг тагидан” истаганлари шаробни секингина сотиб олишлари мумкин¸ ëки яширин алкоголфурушлар бу матоҳни¸ сўралган маҳали¸ уйга келтириб беришлари мумкин.

Эронда спиртли ичимликларга ўрнатилган тақиқ мамлакатда яшовчи насроний жамоаларига қўлланилмагани боис¸ насроний оилаларида қўлбола ароқ ва шароб тайëрлаш анъанаси сақланиб қолган.

Эронда чиқадиган “Шарқ” газетаси ўтказган суриштирув оқибатида¸ ўтган ой исломий жумҳуриятда исталган шахснинг наркотик моддалар билан савдо қилувчи шахс ва жойларни топиб¸ кўнгли тусаган бангни сотиб олишига 22 дақиқа¸ спиртли ичимликни топиб¸ сотиб олишига 17 дақиқа етарли экани аниқланган.

Эрон Ижтимоий меҳнат жамияти раҳбари Мустафо Эғлиманинг Озодликка айтишича¸ тақиққа қарамай¸ мамлакатдаги аксар зиëфат ва ўтиришларда¸ албатта¸ спиртли ичимлик истеъмол қилинади.

- Бирорта тўй зиëфати йўқки¸ унда алоҳида хонада шароб истаганларга спиртли ичимлик тортилиб¸ кайфу сафо қилинмаса! Ҳозирга қадар¸ бу ҳақда расмийлар лом-мим демас эди. Аммо бугун эълон қилинаëтган рақамлар ҳақиқатнинг бир чеккасини кўрсатаëтир¸ дейди эронлик кузатувчи.

XS
SM
MD
LG