Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:35

"Мемориал": Ўшда ҳарбийлар ўзбекларга ўқ узган


19 июн куни Венада Норвегия Ҳелсинки қўмитаси ва Москвадаги «Мемориал» ташкилотининг Ўш қирғини юзасидан тайёрлаган ҳисоботи жамоатчиликка тақдим этилди.


“...Ўшда касалхонага келтирилган энг биринчи жасадалар кўча тўқнашувларида эмас, “Алай” меҳмонхонаси олдидаги тунги махсус амалиёти пайтида ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ўқотар қуролдан фуқароларга қарши асосиз фойдаланиш оқибатида ҳалок бўлган шахсларга тегишлидир” деб ёзилади Норвегия Ҳелсинки қўмитаси ва Москвадаги «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўш қирғини юзасидан тайёрлаган ҳисоботида.

Ҳисобот муаллифларига кўра, бундан аввал Ўш қирғини юзасидан текширув ўтказган халқаро комиссия, Қирғизистон миллий комиссияси ва қирғиз парламенти комиссиялари негадир кўплаб гувоҳлар томонидан тасдиқланган мана шу ҳолатни четлаб ўтишган.

Янги ҳисобот муаллифларига кўра, 10 июн куни “Алай” меҳмонхонаси олдига калтакланган миллатдошларини ҳимоя қилиш учун йиғилган бир неча юз ўзбекка қарши милиция резина ўқлар, БТРдаги ҳарбийлар эса жанговор ўқлар билан ўт очишган. Воқеа жойида камида 5 кишининг ўлгани ва уларнинг исм – шарифлари ҳисоботнинг 51 саҳифасида айтилади.

Норвегия Ҳелсинки қўмитаси ва Москвадаги «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилоти фуқароларга қарши кучишлатар тузилмалар томонидан қурол ишлатилгани Қирғизистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Роза Ўтунбаевадан ҳам, кенг жамоатчиликдан ҳам сир тутилганини иддао қилади.

-Бу ҳисоботда воқеанинг барча майда-чуйда жиҳатлари ҳам қамраб олинган. Бу ерда хронология ёзилган. Бу хронологияни ҳукумат ва бизнинг комиссияларимиз яхши ёритиб бера олмаган. Янги ҳисобот муаллифлари эса эркин ва танқидий нуқтаи назардан ёндошиб, материалларни тўплашган, расмий манбаалар ҳамда суриштирувларга таянган. Шу орқали ўша воқеаларни кўрсатишга ҳаракат қилишган. Ҳисоботда у ёки бу тараф айбланмаган, -деди ҳисобот билан танишган бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлайкан Исмоилова.

Қирғизистоннинг Венадаги элчиси маслаҳатчиси Мурат Байходжоев янги ҳисобот экспертлар ҳамда дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирок этадиган тор доирада кўриб чиқилганини билдирди. Унинг айтишича, ҳисобот маълумот учун қабул қилинган ва муҳокама этилмаган.

Расмий маълумотларда айтилишича, Қирғизистон ҳукумати мазкур ҳисобот билан аввалроқ танишитирилган. Қирғиз ҳукумати, норасмий маълумотларга кўра, бу ҳисоботнинг Венада тақдим этилишига қарши чиққан. Бироқ Мурат Байходжоев бу маълумотни тасдиқламади.

Норвегия Ҳелсинки қўмитаси ва Москвадаги «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўш қирғини юзасидан тайёрлаган ҳисоботи интернет тармоғида ёйинланган эса-да, Қирғизистон ҳукумати унга муносабат билдиргани йўқ.

Ҳисобот муаллифларининг 2010 йилнинг 10 июнидан 11 июнига қадар Қирғизистон кучишлатар тузилмалари томонидан Қирғизистон фуқароларининг отиб ўлдирилиши юзасидан билдирган маълумотлари Бош прокуратура томонидан тергов қилинадими ёки йўқми деган савол ҳам жавобсиз қолмоқда.
XS
SM
MD
LG