Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:36

Пиёда зиёратчилар Толибонга йўлиқди


Ҳажга пиёда боришни қасд этган тожикистонликлар гуруҳи.
Ҳажга пиёда боришни қасд этган тожикистонликлар гуруҳи.

Ҳаж қилиш ниятида пиёда йўлга чиққан тожикистонлик зиёратчилар Афғонистоннинг Шибирғонида Толибон жангарилари ва НАТО ҳарбийларига дуч келди.

Саккиз зиёратчидан иборат гуруҳга бошчилик қилаётган Абдулазиз Ражабов Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбири билан суҳбатда Балх вилоятидан чиқаверишда Толибон жангариларига дуч келиб қолганларини айтди.

- Балх вилоятидан Шибирғонга бориш учун йўлни кесиб ўтишга қарор қилдик. “Толиблар бизни ўлдириши мумкин” деган хаёлда уларга дуч келиб қолишдан чўчирдик. Йўлимизда учраган Толибон жангариларидан икки нафари: “Сизлар кимсизлар, қаёққа кетаяпсизлар?” деб сўради. Биз оддий одамлар эканимизни ва Худонинг уйини пиёда зиёрат қилиш учун йўлга чиққанимизни айтдик. Улардан бири бизга дўқ-пўписа қилиб, юк халталаримизни тинтиб кўрди, аммо бошқаси - назаримда бошлиғи эди - “уларни қўйиб юбор”, деб буюрди, - дейди Ҳожи пиëда деган ном олган тажрибали спортчи Абдулазиз Ражабов.

Шу тариқа тожикистонлик зиёратчилар ўзларини Толибон жангарилари, деб таништирган қуролли кишилардан қутилиб қолган, аммо кўп ўтмай улар қуролланган бошқа бир гуруҳга дуч келиб қолган.

- Кийимларидан улар НАТО аскарлари эканини фаҳмладик, лекин тилларини тушунмасдик. Улар бизни ўраб олишди, қуролларини намойиш қилган ҳолда четроққа олиб боришди. Бизни отиб ташлашса керак, деб қўрқдик ва Оллоҳга таваккал қилдик. Аммо бирпасдан сўнг таржимон чақириб, ҳужжатларимиз билан танишиб чиқишди. Биз сайёҳ эканимизни ва ягона мақсадимиз пиёда Саудия Арабистонига бориб, Худонинг уйини зиёрат қилиш эканини тушунтирдик. Америкаликлар жилмайишди ва “гуд бай” деб, бизни қўйиб юборишди, - дейди Абдулазиз Ражабов.

Тожикистоннинг Кўлоб минтақасидан бўлган саккиз зиёратчининг Ҳаж зиёратига сафари шу йил 8 май куни файласуф ва шоир Мирсаид Али Ҳамадонийнинг Кўлобдаги мақбарасини зиëрат қилишдан бошланган эди.

Шу кунларда Афғонистон ҳудудида бўлиб турган зиëратчилар Маккага етиб бориш учун Покистон, Эрон ва Ироқ ҳудудини ҳам кесиб ўтиб, октябр ой сўнгига қадар Саудия Арабистонига кириб боришни мўлжалламоқдалар.
XS
SM
MD
LG