Линклар

Тошкентда темир гаражлар бузилмоқда


Тошкентдаги металл гаражни бузиш жараëни.

Тошкентдаги металл гаражни бузиш жараëни.

Ҳукуматнинг "Намунали маҳалла" дастури доирасида Тошкент шаҳридаги барча металл гаражларни босқичма-босқич бузиш жараёни бормоқда. Бундан сўнг пойтахтдаги машиналар умумий тўхташ жойларида сақланади.

Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги Абдураҳмон Жомий маҳалласида аҳолига тегишли 290 та гараж бор эди.

Жомий маҳалла жамғармасининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, шу пайтгача улардан 272 таси бузиб бўлинган.

- Қўйлиқ 6-7-массиви бизларга тегишли. Кўп қаватли иморатлар ҳаммаси. 7-массивдаги гаражлар барчаси бузилди, тўлиқ тугатилган. Ҳаммасини икки ой олдин биз огоҳлантирганмиз. Кимга керак бўлса, олиб бориб қўядиган жойи бўлса, гаражини олиб кетди ўзининг жойига. Бизлар уларни машина ва транспорт билан таъминладик. Темир гаражларнинг кўп эгалари металлолом сифатида топширишни истади, металлоломчилар келиб ўз техникаси билан келиб бузиб олиб кетди, дейди суҳбатдош.

Гаражлар бузилиш жараёнини ўрганган Озодликнинг Сирғалидаги манбасига кўра, гаражларни демонтаж қилиш гараж эгаларининг ўз ҳисобидан амалга оширилган.

Жомий маҳалла жамғармаси мулозимига кўра, гаражлар давлат рухсатисиз қурилган тақдирда¸ улар учун товон пули бериш кўзда тутилмаган.

- Бизларда маҳалла томонидан ëки ҳокимият томонидан компенсация деган нарса бўлгани йўқ. Бизларда фақат ўшаларга ëрдам берилди. Транспорт билан ëрдам берилди, кучдан ëрдам берилди. Қолгани уларнинг ўзининг ихтиëрида бўлди. Қаëққа олиб боради, кимга сотади, қанчага сотади бу ўзининг иши. Чунки уларга давлатдан рухсатнома бўлмаганда, дейди Жомий маҳалла жамғармаси мулозими.

Сирғали туманидаги гаражлар нархи ўртача 400-600 (Тошкент марказида 1000-1500) АҚШ доллари атрофида бўлган. Озодлик манбасига кўра, айрим сирғалиликлар гаражларининг бузилишига қаршилик билдирган.

Жомий маҳалла жамғармаси мулозими аҳоли орасида норозилик ҳолатлари бўлганини тасдиқлади. Бироқ унга кўра, тушунтириш ишлари олиб борилгач, маҳалла фуқаролари гаражларини бузишга рози бўлган.

- Бизлар аҳолига тўғри тушунтирдик. Деярли ҳаммаси тўғри тушунди. Тўғри бир хиллари норози ҳам бўлди. Бизлар уларга тўғри тушунтирдик. Пала-партиш қурилган. Болалар майдончаси ëки одамлар дам олиш учун тайëрланаëтган боғларга халақит беради¸ дедик. Хуллас тушунтириш ишларини яхши олиб бордик, дейди суҳбатдош.

Кейинги ойларда маҳаллий матбуот ва Интернет сайтларида Тошкентдаги гаражлар бузилиши асосий мавзулардан бирига айланди.

Жумладан, Ўзбекистон ҳаваскор ҳайдовчилар портали - uzavto.net да гаражлар бузилишига норози кайфиятдаги фуқаролар айни мавзуни кенг муҳокама қилаяпти.

“Новый век” газетаси 14 июн куни “Гаражларни бузиш – енгилликми ёки бошоғриқ?” (Снос гаражей – благо или проблема?) мақоласида Олмазор туманида гаражларни бузиш жараёни мулк эгаларининг хоҳишига зид равишда амалга оширилаётгани айтилади.

Учтепа туманида яшовчи Нозим аканинг гаражи ҳозирча бузилмаган. Гараж бузилиши ҳақида огоҳлантириш олган Нозим ака бунга қарши эмаслигини айтади.

- Йиғиб айтаяпти гаражларингни бузамиз¸ деб. Айирамиз гаражларни, стоянка қиламиз деб. Пожалуйста қилинг, қўямиз дедик. Предупреждение берган ҳаммага. Ҳозир битта домда 50 та квартира бўлса, шундан 20 тасида гараж бор, 30 тасида йўқ. Ҳозир деярли ҳаммада машина борку. Сиғдира олмайсизку уни. Катта-катта гараж қурмаса бўлмаяптида. Ҳамма машиналар кўчада қолиб кетаяпти. Шаҳарни қараб кўринг, кечқурун домларнинг ҳамма ëғини машина босиб кетади. Қўйишга жой топа олмай қолади одамлар. Қўриқланадиган гараж бўлса яхшию бир томондан, дейди ҳали гаражи бузилмаган Нозим ака.

Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси маъсул ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда, шаҳардаги барча металл гаражлар бузилишини тасдиқлаб, бу жараённинг шаҳар маҳаллаларида босқичма-босқич амалга оширилаëтганини билдирди.

Гаражларни бузиш аҳоли манфаатларини кўзлаб, амалга оширилаётганини айтган суҳбатдошимизга кўра, ҳозирда гаражлар эгаллаб турган майдонлар ўрнида дам олиш масканлари, болалар майдончалари барпо этилади.

Шунингдек, унинг айтишича, эндиликда умуммий "гараж"- тўхташ жойлари ташкил қилинади.

Жомий маҳалла жамғармасининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра¸ бу маҳаллада шундай "гаражлар"дан учтаси ташкил қилинаяпти.

- Гаражларнинг ўрнига ҳозир янги, замонавий гараж қуриш бошланган. Гараж қўриқланадиган очиқ турдаги бўлади. Тасдиқланган архитектор лойиҳаси бўйича қурилаяпти. Атрофи 70-80 сантиметр баландликда ўралади. Атрофлари гулзор, ободонлаштириладида, ичкарида қўриқланадиган очиқ стоянка бўлади. Асфалт қилинган, чизма чизиқлар чизилган бўлади. Иккита жойда қўриқловчи учун махсус бутка бўлади. Туну кун қўриқланадида. Шундан учтаси лойҳалаштирилган. Ҳозир биттасининг қурилиши уже бошланган. Худо хоҳласа¸ Мустақиллик байрамигача 250 ўринли биринчи гараж ишга тушади, дейди Жомий маҳалла жамғармаси мулозими.

Шаҳардаги гаражларни бузиш тадбири ҳукуматнинг "Намунали маҳалла" давлат дастури доирасида амалга оширилаяпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган мазкур дастур ўтган йилнинг март ойидан бошлаб кучга кирган.
XS
SM
MD
LG