Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:29

Сирдарёлик ҳуқуқ фаолларига босим кучайган


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг билдиришича, сирдарёлик бир қатор ҳуқуқ фаоллари фаолиятига тўсиқлар қўйилмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига нисбатан босимлар кучайгани Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 20 июн куни тарқатган баёнотда таъкидланади.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди кассация судлов ҳайъати томонидан жамиятнинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 40-моддаси (Туҳмат), 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 239-моддаси (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиш) билан айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима тўлаш жазосига тортилган.

Маъмурий иш тафсилотларига кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими тегишли тартибда вилоят Адлия бошқармаси ҳисоб рўйхатидан ўтмай фаолият юритиб келган ва давлат ҳокимияти органларига йўллаган мурожаатларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг шаънини камситувчи сўзлардан фойдаланган.

“Ҳолбуки, - дейилади баёнотда,- жамиятнинг Сирдарё вилояти бўлими муқаддам расмий рўйхатдан ўтган, аммо қайта рўйхатдан ўтказиш баҳонасида ҳисоб рўйхатига олинмай келинмоқда”.

Жамият баёнотига кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилояти бўлими юрист-маслаҳатчиси, “Одил-ҳуқуқ” адвокатлик фирмаси адвокати Зайниддин Жўрабоевнинг ҳам тегишли лицензияси бекор қилинган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларини суд жараёнларида ҳимоя қилиб келган кам сонли адвокатлардан бири бўлган Жўрабоевнинг лицензияси бекор қилиниши ҳам, жамият фикрича, ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан босимнинг кўринишларидан биридир.

“Эзгулик”ка кўра, жамият фаолиятига босим вилоятдаги бошқа ҳуқуқ фаолларини ҳам ташвишга солиб қўйган.

Жамият ўзининг Сирдарёдаги фаолларига нисбатан амалга оширилаётган бу каби тазйиқларни кескин қоралаб, юқори инстанция судларини адолатли қарор чиқаришга чақирган.
XS
SM
MD
LG