Линклар

Маҳкум ҳизбчилар Имомали Раҳмонга мактуб йўллади


Сўғд вилоятида ушланиб қамалган Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари.

Сўғд вилоятида ушланиб қамалган Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари.

Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотининг Тожикистон қамоқхоналарида сақланаётган 250 нафар аъзоси мамлакат президенти Имомали Раҳмонга хат ёзди.

Тожикистон Олий Мажлиси, Олий маҳкамаси, Бош прокуратураси ҳамда БМТ ва ЕХҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотларга ҳам нусхаси юборилган хатда ҳизбчилар ўзларига қўйилган айбловлар бекор қилинишига таъсир кўрсатишни сўраганлар.

Маҳбуслар мамлакат Жиноят кодексининг учта моддаси, жумладан, 187-модда (жиноий гуруҳ тузганлик), 189-модда (диний, миллий, ирқий ва маҳаллий низо қўзғаганлик) ҳамда 307-модда (зўрлик йўли билан ҳокимият тўнтаришга уринганлик) бўйича озодликдан маҳрум этилганларини ва бу ўзларига нисбатан “туҳмат” эканини таъкидлаганлар.

Тожикистон Олий маҳкамаси 2008 йилда Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотини экстремистик ташкилотлар қаторига киритганди.

Тожикистон расмийлари иддаосича, ғояси мамлакат мустақиллиги ва ягоналигига хавф туғдирувчи мазкур ташкилот тожик жамиятидаги барқарорликни издан чиқариш мақсадида айрим хорижий давлатлар томонидан сармояланади.

Маҳбуслар мактубида жаҳонда, шу жумладан, Тожикистонда исломий халифалик қуришни мақсад қилган Ҳизб ут-Таҳрир ташкилоти бу мақсадларга эришиш йўлида ҳар қандай зўровонликлардан йироқлиги таъкидланган.

Тожикистонда илк ҳизбчи 1999 йили ҳибсга олингани айтилади. Бир ойча аввал ҳизбчиликда айбланиб, судланганларнинг яқинлари Тожикистон давлат раҳбари номига хат ёзиб, уларнинг “бегуноҳлиги” боис озодликка чиқарилишини сўраган эди.

20 июн куни президент Имомали Раҳмонга мактуб йўллаган маҳбуслардаги маълумотларга кўра, ўтган 13 йил давомида Ҳизб ут-Таҳрирнинг тахминан 400 аъзоси қамоққа ташланган ва айни пайтда уларнинг 300 нафари Хўжанд, Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳар қамоқхоналарида жазо муҳлатини ўтаётир.

Айтиш жоизки, Тожикистонда ҳизбчиликда айбланиб, қора курсига ўтирган судланувчилардан ҳали бирор кишига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилмаган. Ҳуқуқшуносларнинг айтишича, одатда Ҳизб ут-Таҳрир аъзоларига ўта қаттиқ жазо белгиланади.

Шу ўринда айтиш лозимки, 2007 йилнинг июнида Тожикистонда эълон қилинган “Авф тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Ҳизб ут-Таҳрирга алоқадорликда айбланиб қамалганлардан фақат маҳбус аёллар озодликка чиқарилганди, уларнинг тўққиз нафари Ўзбекистон фуқаролари эди.
XS
SM
MD
LG