Линклар

Афғон махсус хизматлари минтақани янги хатардан огоҳлантирмоқда


Афғонистон Миллий хавфсизлик хизматининг бу мамлакат “Тулўъ” телевидениеси маълумотига таянган ҳолда билдиришича, қуролланган бир гуруҳ қатор террорчилик хуружларини уюштириш мақсадида Покистондан Тожикистонга ўтишни режалаштирган.

Афғонистон хавфсизлик хизматининг масъулларидан бири Шафиқулло Тоҳирий Шимолий Вазиристонда фаолият қилаётган бу гуруҳлар ўзбек ва тожик жангарилари ёрдамида Тожикистон хавфсизлигига таҳдид солишга уринаётганини айтган. Бу гуруҳларга Ал-Қоида ва Ҳаққоний тармоқлари аъзолари кириши айтилган.

Афғонистоннинг Ariana TV номли бошқа бир телевидениеси бу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб, Тожикистонда фаолияти таъқиқланган “Ансоруллоҳ жамоати” гуруҳи маҳаллий аҳоли ҳисобидан ўз сафини кенгайтираётганини хабар қилган.

Манбага кўра, ташкилотга янги қўшилган тожикистонликлар Покистон лагерларида ҳарбий тайёргарликлардан ўтиб, Тожикистонда террор хуружларини уюштириш учун ватанига қайтарилмоқда экан.

Жорий йил 3 майида Тожикистон Олий маҳкамаси “Ансоруллоҳ жамоати”нинг фаолиятини бу мамлакат ҳудудида таъқиқлаб қўйганди.

Тожикистон расмийларининг иддаосича, ансоруллоҳчилар Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг янги тармоғи бўлиб, у Ал-Қоида томонидан сармояланади.
XS
SM
MD
LG