Линклар

20 июн куни Россиянинг Калуга вилояти Обнинск шаҳар суди ўзбекистонлик 32 ёшли Гулнора Қорабоева ва 21 ёшли Баҳодир Жўраевга нисбатан ҳукм чиқарди.

Одам савдосида айбланган бу эр-хотин 4 йилданга қамалган. Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги Россия Тергов қўмитаси Тергов бошқармасининг Обнинск шаҳри бўйича бўлим бошлиғи Александр Ларин сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Ларинга кўра, шу йилнинг феврал ойида обнинсклик полициячиларга Гулнора Қорабоева ва Баҳодир Жўраев яқинда туғилиши керак бўлган чақалоқни сотмоқчи бўлгани ҳақида тезкор маълумот келиб тушган.

Шундан сўнг полициячилардан бири харидор сифатида ўзбекистонликларга йўлиққан. Даставвал эр-хотин янги туғилган чақалоқ учун 1000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилишган, ўзаро савдолашувлардан кейин улар болани 500 долларга сотишга рози бўлганлар.

26 феврал куни Обнинск шаҳар касалхонасида Гулнора Қорабоева қиз туққан. Туғруқхонадан чиқиши билан у “харидор”дан пулни олиб, чақалоқни унга топширган. Шундан сўнг қизалоқнинг ота-онаси қўлга олинган, чақалоқ эса муолажа учун касалхонага юборилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, тергов ва суд чоғида айбланувчилар ўз айбини тўлалигича тан олганлар ва жазони ўтаб бўлганларидан кейин қизалоқларини давлатнинг махсус муассасасидан олиб, ўзлари тарбия қилиш истагини билдирганлар.

Бу ҳолатларни ҳисобга олган Обнинск шаҳар суди Гулнора Қорабоева ва Баҳодир Жўраевни тўрт йилданга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Маҳкумлар жазони умумий тартибдаги жазо колониясида ўташи айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG