Линклар

Непалда ўтаётган ёшлар ўртасида футбол бўйича Осиё чемпионати саралаш ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси мезбонлар устида 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўзбекистон термаси иккита ғалаба билан 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги мусобақанинг “Д” гуруҳида етакчилик қилмоқда.

20 июн кунги ўйинда ўзбекистонлик футболчилардан Шохруҳ Гадоев 7-дақиқада жарима тўпини непалликлар дарвозасига киритди. Орадан 2 дақиқа ўтгач эса, Темирхўжа Абдуҳолиқов калла қўйиб яна бир тўпни рақиб дарвозасига юборди.

Бироқ Непал терма жамоаси ўйиннинг биринчи тайми охиригача ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Непал командаси 2-таймни фаол бошлаганига қарамасдан, Ўзбекистон терма жамоаси яна иккита гол уриб олдинга чиқди. Бунда яна Шохруҳ Гадоев билан Темирхўжа Абдуҳолиқовлар иккинчи мартадан Непал дарвозасини забn этдилар.

Ўзбекистон командаси ўз гуруҳида биринчи ўйинни 18 июн куни Бангладеш билан ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қилган эди.

Ўзбек футболчилари навбатдаги ўйинни 22 июн куни Яман термаси билан ўтказади. Ундан кейин эса Ўзбекистон билан Иордания футболчилари майдонга тушади.

Катмандуда ўтаётган саралаш ўйинларида яхши натижа кўрсатган жамоалар 2014 йил бошида 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида илк бор ўтказиладиган Осиё чемпионатига йўлланма олади. Мазкур мусобақа қаерда ўтказилиши ҳозирча аниқлангани йўқ.
XS
SM
MD
LG