Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:19

Мулозим Суйритепага булдозер солганини рад қилди


Суйритепа совет замонида муҳим археологик жой сифатида консервация қилинган. Сурат Uznewsnet сайтидан олинди.
Суйритепа совет замонида муҳим археологик жой сифатида консервация қилинган. Сурат Uznewsnet сайтидан олинди.

Тошкент вилояти Оҳангарон водийсида жойлашган қадимий Илак давлати пойтахти деб тахмин қилинган Суйритепа ëдгорлигини рухсатсиз булдозер билан ковлаганлар¸ расмийга кўра¸ МХХ га топширилган.


Бу ҳақда Озодликка билдирган Ўзбекистон Ëдгорликлар илмий-ишлаб чиқариш бошқармаси мутахассиси Сарвар Ашировга кўра¸ айни пайтда бундай ҳолат такрорланмаслиги учун тепалик назорат остига олинган.

- Биз ўша ерга бориб булдозер ишлатиб¸ уй қурмоқчи бўлганларни тўхтатиб қўйдик. Аҳоли уй ва йўл қуриш учун булдозер ишлатишаëтган экан¸ бориб тўхтатдик. Бу баҳорда бўлувди. Яқинда яна хабар келди булдозер ишлаяпти деб¸ бориб уни ҳам тўхтатдик.

Uznewsnet Интернет нашри қадимий ëдгорликни сақлаш вазифаси юклатилганларнинг ўзи булдозер билан Суйритепани талончилик мақсадида ковлаганини ëзди.

Нашрнинг ëзишича¸ суҳбатлашганимиз мулозим Сарвар Ашировнинг ўзи “булдозерли талончиликка” бош-қош бўлган.

Мақоладаги Маҳмуд исмли чўпон гапидан олинган иқтибосни Сарвар Ашировнинг ўзига ўқиб бердик.

(Мулозимнинг мақоладан хабари йўқ экан)

“Булдозер қир устидаги тупроқ қатламини олаётган булдозерни кўрганида, у шу заҳоти нима бўлаётганини билишга аҳд қилди. Ўша ердагиларнинг бири, Сарвар Аширов номига берилган ҳужжатни кўрсатиб, бу ерда қазилма ишлари олиб борилаётганини билдирган. Шундан кейин, у чўпондан бу жойга яқинлашмасликни талаб қилиб, ҳайдаб солган.

Кейинчалик, Ашировнинг ёдгорликларни қайд этиш бўлими бошлиғи экани маълум бўлган. Ўз-ўзидан бу бўлим ўз масъулиятини қўпол тарзда суъистеъмол қилган, дея ҳисоблашади археологлар.”

Мақоладан бу иқтибосни эшитган Сарвар Аширов бу ахборотни расман жиддий тарзда инкор қилди.

- Э тавба.. Бу абсурд бу. Ëлғон десам¸ ҳаққим кетади. Бунақа ëввойиликни биз қилмаймизку ахир. Окам¸ если честно это все бред. Нафақат мен¸ балки ҳеч бир археолог тепаликка булдозер солмайди. Булдозер билан ер ковлашни археологияга мутлақо алоқаси йўқ. Бу энди варварство. Биз кичик паккилар¸¸кичкина мўйқаламлар билан секин ковлаймиз.

Озодлик мухбирининг "унда тепаликни булдозер ковлагани ҳақида гап қаердан чиқди? деган саволига жавобан Ўзбекистон Ëдгорликлар илмий-ишлаб чиқариш бошқармаси мутахассиси Сарвар Аширов:

- Такрор айтаман¸ бир-иккита бизга алоқаси бўлмаган одам ковлаган. Аммо биз бунга чек қўйиб¸ бу одамни СНБга бервордик¸ дея раддиясини давом эттирди.

Оҳангарон водийсини илмий мақсадларда ўрганган минералог олима Мўътабар Аҳмедова Суйритепа ëдгорлигининг йўл қурилиш баҳонасида қисман бузилганини айтади.

- Бу жойлар совет даврида маданий ëдгорлик дея консервация қилиб қўйилган эди. Советлар худосиз бўлса ҳам¸ қадимий ëдгорликлар устидан йўл қуриш каби ўзибўларчиликка боришмаган. Суйритепа дохил Илак цивилизацияси қолдиқлари жам бўлган тепаликларнинг кўпи кейинги 5-10 йил ичида бузилди¸ дейди олима.

Ўзбекистон Ëдгорликлар илмий ишлаб чиқариш бошқармаси мутахассиси Сарвар Аширов ҳам Аҳмедованинг бу гапларини қисман тасдиқлайди:

- Бизни ташвишга солаëтган нарса ҳам шу. Булдозер воситасида тепалик умуман йўқотиб юборилган. Умуман.

Сарвар Аширов Оҳангарон водийси қаърига кўмилган қадимий Илак маданияти ҳақидаги мақолалар муаллифи.

Суҳбат сўнгида Аширов ëдгорликларни бузганлар жазоланишини яна бир бор таъкидлади.

- Маданий меросимиз сақланаяпти. Ноқонуний иш бўлса тўхтатилаяпти. Жиноятчи талончи¸ бузғунчилар жазога тотилаяпти¸ дейди мулозим.

Суйритепа тимсоллари

Буюк Ипак йўлидаги маданий ва иқтисодий марказ бўлган Илак антик ўрта аср давлатининг қолдиқлари совет археологлари тарафидан ўрганилиб¸ консервация қилиб қўйилган.

Кон-разведка ишлари¸ йўл ва бошқа иншоотлар қурилиши оқибатида бу обидалар зарар кўраëтгани археологларни ташвишга солиб келади.

Илак маданиятига оид тошларга қолдирилган тимсоллардан бири ер ковлаëтган одам шаклида.

Илак маданиятининг визуал тимсолларини 1984 йилда ўрганган рассом Энгелс Исҳоқов ер кавлаëтган одам эзгулик тимсоли эканини ўз тадқиқотида ëзган эди.

Суйритепадаги кўмикларни булдозер билан кавлаш эса ўтмиш қадриятларини тижоратга айлантирган бугунги кун реаллигига ишоратдир.

Суйритепада 2012 йил қазишма ишлари олиб боришга изн берилган. Қазишма ишларининг яқин кунларда бошланиши айтилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:48 0:00
Бевосита линк


YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG