Линклар

Ўзбек рассомининг улкан асари иккита рекорд учун ариза берди


Ўзбек рассоми Леким Иброҳимовнинг "Фаришталар" асари.

Ўзбек рассоми Леким Иброҳимовнинг "Фаришталар" асари.

Таниқли ўзбек рассоми Леким Иброҳимовнинг минг бир полотнага чизган миллион фаришталар суврати юк машиналарга ортилиб Европага қараб йўлга чиқди. Илк манзил Прага.

Ўзбекистонлик рассом Леким Иброҳимовнинг “Мингта фаришта ва бир сурат” мега-полотноси Гиннес рекордлар китобига ва Россия рекордлар тўпламига киришга даъвогарлик қилмоқда.

Баландлиги 8 метр узунлиги эса 60 метр бўлган бу гигант асар илк бора Праганинг қадимий кўргазмалар залида 9 июл куни намойиш қилинади.

Кўргазма ташкилотчиси Мурод Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, улкан картина юкланган автомашина карвони Тошкентдан Прагага қараб йўлга тушган.

Картиналар ортилган юк машиналарининг 2 июл куни Прагага етиб келиши кутилмоқда.

Мурад Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, бу расмни яратиш учун 3 тонна бўëқ ва 600 квадрат метрга яқин махсус охорланган ва нам ўтказмайдиган мато сарфланган.

- Биз бу асарни бирданига икки рекордлар китобига тақдим қилдик. Прагадаги намойишни Россиянинг рекордлар китоби вакили кузатади. Гиннес вакили эса картинанаинг Мадриддаги намойишига келиши кутилмоқда, дейди Мурод Иброҳимов.

3 йил давом этган бу лойиҳага Россиядаги "Global Festina" ширкати ҳомийлик қилган. Шунингдек "Global Event and Construction" (Тошкент), "Apple Love" (Прага, Чехия), "Deportpublic" (Мадрид, Испания), "Gusto's srl" (Флоренция, Италия) галереялари лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланади.

Леким Иброҳимовнинг бу асари 9-21 июль кунлари Прагадаги Incheba Expo кўргазмалар марказида, кейин эса Мадриддаги очиқ майдонда намойиш этилади.



Гиннес рекордлар китоби қўмитасига кўра, Ўзбекистон халқ рассоми лойиҳаси бир қатор кўрсаткичлар бўйича ноёб ва рекордга муносибдир.

Биз Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Леким Иброҳимовнинг ўзи билан боғландик.

- Асар 1000 та бадиий жиҳатдан якунланган алоҳида картиналардан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида фаришталар тасвирланган, дейди рассом.

Ушбу мингта қисм охир-оқибатда Шарқ афсоналари мавзусидаги ўз сюжетига эга 528 квадрат метр катталикдаги картинани шакллантиради.

Муаллиф ҳақида:

Леким Иброҳимов 1944 йили Олмаотанинг уйғур қишлоғида туғилган. 1971 йилда Тошкентдаги театр ва рассомлик институтига ўқишга кириб, уни 1977 йил тугатган.

Леким Иброҳимов Россия бадиий академияси фаҳрий аъзоси.

Леким Иброҳимов нафақат рассом балки, ëз фалсафий фикрларини сўз билан ифода қиладиган файласуфдир. Леким Иброҳимовнин “Афсоналар” китоби 1994 йили Германияда немис тилида нашр қилинган.

YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG