Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:56

Миср президенти ҳамон аниқ эмас


Араб баҳоридан кейинги илк президент сайлови ғолибини эълон қилишни пайсалга солиш Мисрдаги сиёсий бўҳронни чуқурлаштирмоқда.
Араб баҳоридан кейинги илк президент сайлови ғолибини эълон қилишни пайсалга солиш Мисрдаги сиёсий бўҳронни чуқурлаштирмоқда.

Миср сайлов комиссияси президент сайлови натижаларини, аввал айтилганидек, пайшанба куни эълон қилмаслигини маълум қилгач мамлакатдаги сиёсий вазият янада таранглашмоқда. Сайлов комиссяси ўз қарорини номзодлардан тушган шикоятларни кўриб чиқиш учун вақт талаб этилиши билан изоҳлади. Бўҳрон кучайиши нафақат сайлов ғолибини аниқлаш, балки ҳарбийларнинг янги сайланган президент ваколатларини қисқартириш уринишлари билан ҳам шартланган.

Миср сайлов комиссиясининг президент сайлови натижаларини эълон қилишни кейинга қолдиргани мамлакатдаги шундоқ ҳам қалтис вазиятни янада кескинлаштирди.

Иккала номзод – ҳам Мусулмон биродарлиги вакили Муҳаммад Мурсий, ҳам собиқ бош вазир генерал Аҳмад Шафиқ ғалаба қозонганини даъво қилмоқда ва вужудга келган вазият, таҳлилчилар фикрича, жамоатчиликнинг сайлов жараёнига нисбатан ишончига путур етказади.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Шашанк Жўший бўҳрон таҳликали тус олаётганини айтади.

- Сайлов натижаларини эълон қилишни кечиктиришдан ҳамма томон ютқазади. Биринчидан, бу ҳарбийларга нисбатан шундоқ ҳам суст бўлган ишончнинг йўқолишига олиб келади, иккинчидан агар сиёсий элита номзоди Аҳмад Шафиқ ғалаба қозонадиган бўлса, бу сайлов натижалари қалбакилаштирилди ёки армия ўз номзоди фойдасига натижаларни бекор қилди, дея талқин қилинади. Менимча, бу одамларнинг ғазаби ва ҳатто кўчага чиқишларига сабаб бўлади, дейди таҳлилчи.


Икки номзод тарафдорлари ўртасидаги ишончсизлик ҳарбийлар ўтган ҳафта тарқатиб юборилган парламент ваколатларини ўзлаштириши ортидан янада кучайди.


Собиқ президент Ҳусни Муборак даврида тайинланган судялардан иборат Олий Конституциявий суд кўпчилик ўринларни Мусулмон биродарлиги назорат қилган парламентни сайловлар ноқонуний бўлган деган важлар билан тарқатиб юборди.

Ҳозирда бўш қолган парламент биноси ҳарбийлар томонидан ўраб олинган ва Мусулмон биродарлиги олий суд қарорини Муборак давридан қолган элитанинг “давлат тўнтариши” дея атади. Янги парламент сайловлари қачон ўтказилиши белгиланганича йўқ.

Айни пайтда Муборакнинг тақдири ҳам вазиятга оид сиру синоатларга ҳисса қўшмоқда. Ҳафта бошида баъзи матбуот агентликлари Муборак клиник ўлимни бошдан кечирганини хабар қилди. Орадан сал ўтиб эса, бошқа агентликлар унинг комада эканини маълум қилди.

Унинг қамоқхонадан шифохонага кўчирилиши кўпчиликнинг ҳарбийлар собиқ етакчиларини қамоқдан ҳимоя қилмоқда, дейишига сабаб бўлди. 2 июн куни Миср суди Муборакни ўтган йилнинг февралида Араб баҳори пайтида тинч намойишчиларни ўққа тутганликда айбдор, деб топиб умрбод қамоққа ҳукм қилди.

Ҳозир кўпчиликни қизиқтираётган савол ҳарбий элита кейинги кунларда президент ваколатларини кескин қисқартиришга қаратилган чораларни кўргач, Мусулмон биродарлиги номзоди Мурсийни президент сифатида қабул қиладими, йўқми.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Яқин Шарқ бўйича яна бир таҳлилчиси Маҳа Аъзам ҳарбийлар тарқатиб юборилган парламентдан тортиб олган ваколатлардан энг муҳими мамлакатнинг Муборакдан кейинги конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнини тўла назорат қилиш ҳуқуқидир, дейди.

- Улар констиутция лойиҳасини тузадиган кенгаш аъзоларини танлаш имконига эга бўлади, бундан ташқари уларнинг вето қўйиш ваколати ҳам бўлади. Бошқача қилиб айтганда, ҳарбийлар “биз Мисрдаги сиёсий жараён ҳамда конституция ёзилиши устидан ҳакамлармиз” демоқда. Бу эса демократик жараённинг қанчалик илгарилаши учун жуда муҳимдир, дейди лондонлик таҳлилчи.

Ҳам ҳарбийлар, ҳам янги сайланган президент конституция лойиҳаси бўйича эътироз билдириш ва Олий Конституциявий суддан масалани ҳал қилиб беришни сўраш ваколатига эга. Лекин таҳлилчи Аъзамнинг айтишича, суд аъзоларининг барчаси Муборак даврида тайинлангани факти бундай вазиятда ҳакамлик ваколатини де-факто ҳарбий элита ҳукмига ҳавола қилиб қўйади.

Мурсий охир-оқибат президент бўладиган бўлса, унинг олдидаги энг асосий вазифа ўз ҳукуматини ҳарбийлар назоратидан чиқариш бўлади. У ўз қарори билан генералларни ҳокимиятдан четлата олмайди, чунки ҳафта бошида ҳарбий ҳокимият буни тақиқловчи чорани олдиндан кўриб қўйди.

Президентликка Мурсийми ёхуд Шафиқми сайланадиган тақдирда ҳам Муслумон биродарлиги ва сиёсий элита ўртасидаги тортишувлар давом этиши аниқ, демоқда таҳлилчилар. Уларнинг фикрича, сайловни ким ютиши фақатгина бу тортишув Миср ҳокимияти ичида бўладими, ё кўчага чиқадими шуни аниқлаб беради.
XS
SM
MD
LG