Линклар

logo-print
Маданият

Виктор Цой ўлгани ёлғон экан...

  • Фаррух Юсуфий

Виктор Цойнинг одамда адолатсизликка қарши исён уйғотувчи қўшиқлари Совет режимини ҳам чўчитган.

Виктор Цойнинг одамда адолатсизликка қарши исён уйғотувчи қўшиқлари Совет режимини ҳам чўчитган.

Виктор Цой ҳаёт бўлганида 21 июн куни 50 ёшга тўлар эди. Кун бўйи дунё янгиликларини кузатиб, Виктор Цойнинг ашаддий мухлиси сифатида уни хотирлаб икки оғиз гапириб қўймаганим учун уйга хижолатда қайтдим.

Виктор Цой билан илк бор 1989 йилда “Игна” филми орқали танишганимда, ҳали 13 ёшдаги шўхроқ бир ўспирин эдим.

Викторнинг “Қуёш исмли юлдуз”, “Қон группаси”, “Ўзгаришни истаймиз”, "Ер ва Осмон ўртасида уруш", "Шарққа йўл олган троллейбус" каби таралмаган сочдек, қофиясиз тузилган ва бир пайтнинг ўзида қандайдир яширин файласуфона маъноси бўлган қўшиқларини ҳали ғўр бир ёш бола бўлганим учун ўзимча тушунишга ҳаракат қилардим ва уларда 13 яшар ўспирин топиши мумкин бўлган ҳаёт ҳақиқатини топгандек бўлардим.

Бу қўшиқлар ёшликдаги баъзи қилиқларимдан уялтирди, қийин вазиятларда кейин уялиб қолмайдиган қарор беришга ҳаракат қилишни ўргатди.

Виктор Цой қўшиқларини эшитиб юрган киши, ҳар сафар, ҳар бир қўшиғидан янги маъно топиб, ўзича қойил қолиши мумкин.

1990 йил август ўрталарида танишларимдан бири Виктор Цой аварияга тушибди, деб қолди. У пайтларда ҳали Интернет йўқ, орадан икки ҳафтача ўтгач, “Аргументы и факты” газетасида воқеа тафсилотлари берилган кичик мақола чиқди.

Шунда ҳам унинг ҳалок бўлганига кўникиш қийин эди. “Кино” гуруҳи сўнгги қўшиқлар албомини 1990 йилнинг декабрида, Виктор ўлимидан бир неча ой ўтиб эълон қилди.

"Романтика" магнитоласидан Викторнинг янги қўшиқларни куйлаётганини эшитиб турган кўпчилик мухлислари каби менда ҳам “Виктор Цой ўлгани ёлғон экан” деган хаёл ўтди. Ҳали романтикроқ эдик-да.

Орадан 20 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, бугун Виктор Цой образи, унинг ижоди ва қўшиқлари актуал бўлиб қолаётганини кўриб, “Виктор Цой ўлгани ёлғон экан” деган хаёл кўнглимдан ўтди.

Виктор рок-қўшиқчиликни 1980 йиллар бошларида бошлаган. Лекин унинг саркаш, одам қалбида исён ҳиссини туғдирувчи қўшиқлари, албатта¸ Совет режимини чўчитган эди.

Кўпчилик омма унинг қўшиқлари билан Горбачёвнинг ошкоралик сиёсати туфайли танишди. Унинг қўшиқлари адолатсизлик ва ёлғонга қарши исёнга етаклашини Россиядаги норозилик ҳаракати мадҳиясига айланганидан ҳам кўриш мумкин.

Замонамизнинг таниқли сиёсатчиси 2012 йил 21 июн куни Санкт Петербургда ўтаётган бир анжуманда “Ўзгаришларга бўлган иштиёқ хавфлидир” дея ўзи истамаган ҳолда, кўпчиликни шу куни 50 ёшга тўлган Виктор Цойни эслашга ундади.

Виктор Цой ўлгани ёлғон экан...


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG