Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:11

Ҳуқуқ фаоли қамоқда қоладиган бўлди


Фарғонада ҳуқуқ ҳимоячиси Эркин Қўзиевга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон тумани бўлими раиси Эркин Қўзиев 3 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилган.

21 июн куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг кассация ҳайъати ҳуқуқ ҳимоячиси Эркин Қўзиевга нисбатан Ўзбекистон тумани суди ҳукмини назорат тартибида кўриб чиқди ва маҳкама дастлабки инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг рафиқаси Марҳабо Қўзиевага кўра, юқори инстанция суди томонидан ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзи ва адвокатлар томонидан келтирилган важлар мутлақо эътиборсиз қолдирилди.

Маҳкама ҳуқуқ фаолига белгиланган жазо чорасини мустаҳкамлади. Энди Эркин Қўзиев жазони ижро этиш муассасасига этап қилинади. У шу мақсадда Тошкентдаги 1-сонли тергов ҳибсхонаси (Тоштурма)га келтирилган.

Шу йилнинг 3 май куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани суди инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ўзбекистон тумани бўлими раиси Эркин Қўзиевни 3 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилган.

49 яшар ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарлик) ва 211-моддаси 2-қисми (Пора олди-бердисида воситачилик қилиш) билан айбланган. Жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ белгиланган.

Ўзбекистон тумани ички ишлар бошқармаси тергов бўлими томонидан қўзғатилган жиноят иши материалларига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси Эркин Қўзиев ва Ўзбекистон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Адҳамжон Ҳамдамов гўё 2008 йилда фуқаро Муҳаммаджон Бойматовнинг 3200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан алдаб олишган. Кейинги йиллар давомида пулнинг муайян қисмини бермай келишган.

2012 йилнинг 2 январида М. Бойматов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза бериб, Адҳамжон Ҳамдамовдан пулларини тилхат асосида қайтариб олган. М. Бойматовнинг Эркин Қўзиевга даъвоси йўқлигига қарамай у қамоққа олинди, жазога тортилди. Аммо туман ҳокимнинг биринчи ўринбосари Адҳамжон Ҳамдамовга тегишли қисм амнистия акти асосида ҳаракатдан тўхтатилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбарияти жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди кассация ҳайъати қарорини кескин қоралади. Эндиликда жамият Эркин Қўзиев иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида мурожаат қилажагини таъкидлади.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG