Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:41

"Гулноранинг тўйлари"га куëв топиш қийин бўлди"


Гулнора Каримовага қарашли “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси Бухорода 179 та никоҳ ва суннат тўйи ўтказди. Бироқ ташкилотчилар "камбағал куëв"ни ҳашар тўйга кўндириш қийин бўлаëтганини тан олмоқда.

Бухоро вилоятининг Когон шаҳри ва тумани ва Қоровулбозор туманида Фонд форум томонидан ўтказилган тўйлардаги келин-куёвлар ва хатна қилинган болалар кам таъминлаган оилалар болалари бўлди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Когон шаҳар ҳокимлиги қошидаги Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари Дилбар Усмонованинг айтишича, 12 та никоҳ тўйи ва 25 та суннат тўйи ўтказилган:

- Биз асосан кам таъминланган оилаларга эътибор бердик. ”Афросиёб” тўйхонасида катта тўй бўлди.Фонд форум билан ҳамкорликда ўтказдик. Улар ҳам ёрдам берди. Келинларга Гулнора Каримованинг “GULI” бренди остидаги никоҳ кўйлаклари кийдирилди. Ўзимизни маҳаллий тадбиркорларимиз катта ёрдам берди. Телевизорлар, велосипедлар олиб беришди, дейди Дилбар Усмонова.

Когон туманидаги исмини ошкор этмаган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, бу хайрия тўйларининг асосий юки маҳаллий корхоналар, хусусий тадбиркорлар зиммасига тушган.

- Бу тўйларга Гулнора Каримова фонди иккита “Гули” брендидаги кўйлак олиб келди. Тўйдан кейин яна қайтариб олиб кетишди. Қолган келинларни ўзимиз кийинтирдик. Гўзаллик салонлари ўз ҳисобидан хайрия тарзида келинларни пардозлаб берди. Лекин тўғрисини айтиш керак, фонд совғалар ҳам берди. Лекин асосий совғалар ва тўйлар харажатлари маҳаллий тадбиркорлар ва корхоналар ҳисобидан бўлди, дейди маҳалла фаолларидан бири.

(Суратлар Fund Forum.Uz расмий веб саҳифасидан олинди)


Когон шаҳрида истиқомат қиладиган 22 ёшли Ферузжон Бобоев ҳам ана шу хайрия тадбирлари кампаниясида уйланди. Озодлик билан суҳбатлашган куёв боланинг айтишича, унинг ота-онаси ҳам пенсионер ва у бу тўйни ташкил қилиб берганлардан миннатдор:

- Мен шундай акциялар ташкил этилганидан хурсандман. Мен келин билан анча олдин танишгандим. У ҳам, мен ҳам, камбағал оиладан бўлганимиз учун тўйга қийналиб турган эдик. Лекин ЗАГСга ариза бериб қўйган эдик. Маҳалладан чақириб шундай-шундай, тўй ўтказиб берамиз дейишди, хурсанд бўлдик. Ҳокимиятдан Умида опа деган билан бирга бозорга чиқдик. Менга ҳам, келинга ҳам бошдан оёқ сарпо қилиб беришди. Телевизор, соат ва Тошкентга беш кунлик путевка совға қилдилар, дейди Ферузжон Бобоев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:51 0:00
Бевосита линк


Когонда истиқомат қиладиган 26 ёшли Хадича Раҳмонованинг айтишича, унинг ўзи ва эри ишсиз. Ўғлим Суннатулланинг бу хайрия тадбирида суннат қилинганлиги биз учун айни муддао бўлди, дейди Хадича:

- Ўғил болага суннат тўй қилиш ҳамма ота- онанинг орзуси. Лекин бизни тўй қилишга шароитимиз йўқ эди. Ажойиб тўй бўлди. Энг яқин қариндошларимиздан 20 киши қатнашди. Ўғлимизни бозорга олиб чиқишиб зарбоф тўн, костюм, ҳамма нарса олиб беришди. Биз роса хурсанд бўлдик, дейди Хадича Раҳмонова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:53 0:00
Бевосита линк


Қоровулбозор туманидаги исмини ошкор қилишни истамаган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, бу акцияда қатнашиш ихтиёрини билдирган келин-куёвларни топиш анча мушкул бўлган:

- Кўпчилик куёвлар бунга рози бўлмади. Биттасини зўрға уговорит қилиб кўндирдик. Айтадики, камбағал бўлсам ҳам ўзимни кўнглимдагидек тўй қиламан, ўртоқларим ярми қолиб кетади дейди. Ота-онаси ва маҳалла оқсоқоллари билан тўйга кўндирдик, дейди маҳалла фаолларидан бири.

Озодлик олган маълумотларга кўра, бу тўйларнинг асосий ҳомийлари Когон ёғ ҳиссадорлик жамияти, “Когондон”, “Олтинтола”, темир йўл корхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва хусусий дорихоналар бўлган.

Фонд форум маълумотига кўра, мустаҳкам оила йилига бағишланган “1000та никоҳ ва 1000та суннат тўйлари” лойиҳаси доирасида шу пайтгача “477та никоҳ ва 594 та суннат тўйлари ўтказилган.

Бундан олдин форум ташкил этган хайрия тўйлари Андижон, Навоий вилоятларида ва Қорақалпоғистон республикасида ўтказилган эди.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG