Линклар

logo-print

Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон матбуоти ҳаққини ололмаган фермерлар, ўсимликларга қирон келтираётган зараркунандалар, маст-аласт хонимлар, афтодаҳол маданият уйлари ва компютерсиз ўтаётган информатика дарслари ҳақида ёзди.

Барча расмий нашрларда “Роғун ГЭСи қурилиши ҳалокатли оқибатларга олиб келиши муқаррар” мақоласи чоп этилди.

Маҳаллий матбуот учун синашта мавзудаги мақолага кўра, Тожикистонда – Амударёнинг юқори оқимида ГЭС қурилишидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳар йили 600 миллион доллар зарар кўради, ялпи ички маҳсулот 2,2 фоизга камаяди, 336 минг киши ишсиз қолади (“Халқ сўзи” 20 июн).

Фермерлар фаолияти эътибордаги мавзулардан бири бўлиб қолмоқда (“Меҳнат ва рағбат уйғунлиги”, “Қишлоқ ҳаёти”, 19 июн; “Мақсадимиз улуғ, аҳдимиз қатъий”, “Халқ сўзи”, 20 июн; “Фермерлик ҳаракати қудратли ижтимоий кучга айлансин”, “XXI аср”, 21 июн).

Мақолаларда қишлоқ хўжалиги вакилларига берилган енгилликлар баланд пафосда таҳлилу ташвиқ этилади. Лекин “Инсон ва қонун”нинг 23-сонида эълон қилинган ахборот фермерлар фаолиятида жиддий муаммолар ҳам мавжудлигидан далолат беради. Сирдарё вилояти адлия бошқармаси масъул ходими Ғулом Жўраевга кўра, давлатга пахта топширган фермерлар ўз ҳаққини вақтида ололмаётгани кузатилмоқда. Жумладан, Сардоба туманидаги “Олимхўжа чорва сири” (13,5 миллион сўм), Боёвут туманидаги “Раҳмонқулов Сувон” (59 милллион), “Салмоқли натижалар” (12,6 миллион), “Набижон” фермер хўжаликлари (20,5 миллион) ўтган йилги пахта хомашёси учун тўловни орадан бир йил ўтиб, адлия аралашуви билан аранг олган.

“Мамлакатимиз мустақиллигининг 21 йиллигини муносиб меҳнат туҳфалари билан кутиб олишни аҳд қилган республикамиз пиллачилари 25 минг тоннадан зиёд “кумуш тола” тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини адо этдилар!” Мазкур алвон хабар “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 19 июн сони илк саҳифасини безади.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев “Мукаррамликка муносиб бўлинг!” мақоласида (“Ҳуррият”, 20 июн) тўй-базмларда оёқда туролмайдиган даражада ичаётган шаробхўр аёлларни танқид қилди: “Яқинда яна бир тўйга боришга тўғри келди. Мезбон аёл элдан бурун ҳар бир стол олдига бориб, тумонат одамларнинг кўз ўнгида даврадагилар билан қадаҳ тўқиштириб спиртли ичимликни сипқора бошлади. Бизнинг столга ҳам келди. Бу ишингиз қудалар олдида обрўйингизга путур етказиши мумкин”, дея шипшидим. “Нима қипти ичсам, ахир улар, бегона эмас-ку...” деди-да шартта бурилиб кейинги стол атрофидагилар билан қадаҳ кўтарди. Тўй маросими авжига чиққанда уни ҳам даврадагилар қўлтиқлаб олиб чиқиб кетишди...”

“Ҳуррият” газетасининг айни шу сонида “йирик корчалонлар, бузғунчи сиёсий марказлар ноғорасига ўйнаётган оммавий ахборот воситалари” қораланган.

Муаллиф Абдували Абдулбоқиев Яқин Шарқ ва Африкадаги оммавий чиқишларни “ахборот хуружи оқибати” деб баҳолайди. Намойишга тўпланган оммани “бузғунчилар” деб атаган муаллиф чиқишлар пул ёрдамида уюштирилаётганини иддао қилади: “Тунисда ғалаёнлар ҳалигача барҳам топгани йўқ. Бунинг устига, энг ёмони, ёвуз ниятли кимсаларнинг намойишга чиққан оломонга 600 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пул тарқатаётганидир”.

“Тошкент оқшоми” чоршанба сонида Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари, таъмагирлигини камайтириш мақсадида ишонч телефони (239-35-21) ишга тушганини маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг таълимдаги ижросидан қониқмаган. Бу ҳақда “XXI аср” газетаси таҳлилий мақола эълон қилди (“Вазирлик танқиддан тўғри хулоса чиқарди”, 21 июн). Айтилишича, айрим мактабларда информатика дарсида 100 та болага атиги 5 та копмютер тўғри келмоқда, вақтида молиялаштирилмагани сабабли кўпгина коллежларда Интернетга уланиш имконияти йўқ. Депутатлар саволларига жавоб берган таълим расмийси дарслар ўлда-жўлда қолганини ҳам тан олган: “Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Дониёров қиш қаттиқ келган кунларда ҳақиқатан ҳам компьютер синфлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаганини, айни пайтда эса қолдирилган соатлар қўшимча дарслар ҳисобидан қопланаётганини таъкидлади”.

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори Дилором Ёрматова мамлакатда зайтундан ҳосил олиш мумкинлигини исботлагани хусусидаги хабар бир қатор вақтли нашрларда эълон қилинди. “Эко ҳаёт” газетаси 20 июн сонида ёзишича, синов муваффақиятли ўтса, республикада зайтун ёғи саноат даражасида ишлаб чиқарила бошлаши мумкин.

“Адолат” газетаси Наманган вилоят Янгиқўрғон туманидаги маданият уйлари абгор аҳволда экани, шунга қарамай, туман ҳокимлиги мавжуд муаммоларни хаспўшлашга уринаётгани ҳақида бонг урди (“Маданият уйи эмас, тўйхона керакми?”, 22 июн). Журналист Саидолим Абдураҳмонов мушкул вазиятга шундай образли тавсиф беради: “Янгиқўрғон туманидаги баъзи қишлоқ маданият уйлари бинолари “Тегсанг, тўкиламан” деб қалтириб турибди. Мисол учун, Зарбдор қишлоғида жойлашган маданият уйи биноси 1988 йилда қурилган бўлиб, 16 мингдан зиёд аҳолига маданий хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган. Икки қаватли бу ҳашамдор бинонинг ичига киришга одам қўрқади. Қоп-қоронғи зал, йиллар давомида қаровсиз ташлаб қўйилган 450 ўринли томошагоҳ, ҳувиллаб ётган тўгарак хоналари, сўппайиб турган пианино, биттагина рубоб, тўрт-бешта қийшайган стол-стул... Шунга қарамай, маданият уйи мутасаддисининг заррача иштибоҳсиз “Рақс, пианино, доира ва рубоб тўгаракларимиз мунтазам ишлаб турибди” деб туриши кишини мутаассир этади”.

Ғаллаорол туман ҳокимлиги “Муштум” журналини танқидий мақола учун судга берган. Маҳкама бош муҳаррирга энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима солган. Аммо таҳририят фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судяси Садоқат Сафоева очиқдан-очиқ ҳокимлик манфаатини ҳимоя қилди деб ҳисоблайди: “С.Сафоева мавҳум сабабларга кўра, мантиқли-мантиқсизлигидан қатъи назар, даъвогарнинг деярли барча талабларини асосли топиб, қарийб бир томоннинг адвокати позициясига ўтиб олди... Асосли эътироз билдирган томонни “судни беҳурмат қилдинг” деган важни дастак қилиб жазолайверса, бунақа судянинг холислигига ишонч қоладими?” (“Муштум”, “Тўғри сўзнинг тўқмоғи”, 5-сон).

“Новый век” масъул идораларни ўсимлик олами ва одамларга таҳдид солаётган зараркунандаларга қарши жиддий курашишга даъват этди (“Ўсимлик олами хавф остида” – “Растителный мир под угрозой”, 21 июн). “Ўзбекистонда экологик хавф юзага келди – республика миқёсида! Бўстонлиқ туманида, Чирчиқ шаҳридан Қирғизистон чегарасига қадар зараркунанда қуртларнинг мўр-малахдай кўпайиши кузатилмоқда... Келгуси йил ёз охирларига бориб, Угом-Чотқол миллий қўриқхонасидан, Чимён, Чорвоқ, Белдерсой, Хумсон, Хўжакент ва Ўзбекистон аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун севимли бошқа дам олиш масканларидан ном-нишон қолмаслиги мумкин” дея огоҳлантиради газета.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG