Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:09

Аҳмедов Интерпол қидирувидан олиб ташланди


МТСнинг Тошкент шаҳобчаларидан бири.
МТСнинг Тошкент шаҳобчаларидан бири.

“Система” компанияси директорлар кенгаши раиси¸ МТС ширкатининг асосий мулкдори Владимир Евтушенков “МТС Ўзбекистон” бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани ҳақидаги хабарларни рад қилди.


РИА Новости ахборот агентлигининг 22 июн куни ëзишича¸ Владимир Евтушенков бу хабарларни “утка”¸ яъни жамоатчиликни чалғитиш учун махсус сиздирилган ëлғон маълумот деб атаган.

Айни пайтда¸ "МТС"нинг асосий хўжайини Беҳзод Аҳмедовнинг қочиб кетганига оид бу "утка"ни ким ва нима мақсадда тарқатгани¸ шунингдек "МТС Ўзбекистон" директорининг қочмаган бўлса¸ ҳозир қаерда экани ҳақида лом-мим демаган.

Айни шундай Евтушенков¸ нафақат "МТС Ўзбекистон"¸ балки унинг бош ширкати "МТС"нинг қаллоблик ва пул ювиш операцияларига алоқадорлигига оид матбуотга сиздирилган айбловларга ҳам муносабат билдирмаган.


20 июн куни Interpol расмий сайтидан олинган нусха.
20 июн куни Interpol расмий сайтидан олинган нусха.
Евтушенков бу гапни очиқлаган пайтда Интерполнинг қидирув рўйхатидан Беҳзод Аҳмедов номининг олиб ташлангани кузатилди.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари қаллоблик ва пул ювиш амалиëтларида айбланаëтган "МТС Ўзбекистон" мобил алоқа ширкати раҳбари Беҳзод Аҳмедовга Interpol орқали халқаро қидирув эълон қилган эди.

Interpol саҳифасида 38 яшар Беҳзод Аҳмедовнинг қаллоблик ва пул ювиш амалиëтларига алоқадорлик айби бўйича қидирилаётгани айтилган эди.

Uzmetronom интернет газетаси сиздирган ҳабардан Беҳзод Аҳмедовнинг Россияда эканлиги тушунилди. Айни манбага кўра хозир МТС мулозимлари корпоратив мазмундаги ҳужжатларни йўқ қилиш билан банд.

Ўзбекистон хавфсизлик тизимларига яқинлиги айтиладиган Uzmetronom Интернет газетасининг 22 июн куни ошкор этмаëтган ўз манбаларига таяниб ëзишича¸ МТС вице-президенти Распопов 19 июнда Арманистондан Москвага Беҳзод Аҳмедов билан бирга парвоз қилган. Распоповнинг Еревандан олдин Тошкентга зудлик билан боргани ҳам айни нашрда билдирилди.

Interpol расмий сайтидан 22 июн куни Беҳзод Аҳмедов номи қидирилганда¸ бундай шахснинг қидирилаëтганлар рўйхатидан олиб ташлангани аëн бўлди - қидирув 0 натижа билан тугади.
Interpol расмий сайтидан 22 июн куни Беҳзод Аҳмедов номи қидирилганда¸ бундай шахснинг қидирилаëтганлар рўйхатидан олиб ташлангани аëн бўлди - қидирув 0 натижа билан тугади.

Ўтган ҳафта айни Uzmetronom Интернет газетаси мамлакатдаги энг йирик уяли телефон ширкати ҳисобланган "МТС Ўзбекистон" ширкати бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг
компания молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш давомида жиддий қонунбузарликлар аниқланиши ортидан оиласини мамлакатдан олиб чиқиб, ўзи ҳам ғойиб бўлгани ҳақида сирли манбаларга таяниб хабар тарқатган эди.

Аҳмедовнинг йўқолиши¸ МТСнинг Ўзбекистондаги ҳомийлари бошига қора булутлар келиб¸ на ширкат ва на унинг директорини ҳимоя қила олмай қолгани ифодаси бўлиши мумкин¸ дея тагдор ишорат қилган эди мазкур манба.

Аммо ҳозирча бирор манба "МТС-Ўзбекистон"нинг Тошкент раҳбарларидан айнан қай бирининг ҳимоятида бўлиб келгани ҳақида маълумот тарқатмаëтир.

Ўтган ҳафта давомида “МТС” ширкатининг Москвадаги марказий идораси Озодликнинг Ўзбекистондаги ўз бўлими раҳбари йўқолиб қолгани ҳақдаги хабарларга изоҳ бериш ҳақдаги ҳам ëзма¸ ҳам оғзаки сўровини рад қилди.

- Вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқмагунимизча бу юзадан изоҳ беролмаймиз, деди 20 июн куни Озодлик сўровига жавоб қайтарган “MTC” матбуот вакили Валерия Кузменко.

Душанба куни Ўзбекистон ҳукуматидаги яқин манбаларга эга айрим агентликлар "МТС" Беҳзод Аҳмедовни топишда ёрдам беришни сўраб Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза йўллагани ҳақида хабар тарқатган эди.

Хусусан¸ Ўзбекистон хавфсизлик тизимларига яқинлиги айтиладиган Uzmetronom Интернет газетаси "МТС" ширкатининг Москвадаги бош қароргоҳи президенти Андрей Дубовсков хати нусхасига эга бўлганини ëзди.

“МТС” президенти аризасида Беҳзод Аҳмедов ва “МТС-Ўзбекистон”нинг бошқа масъул шахслари томонидан бошқарувда инсофсизликка йўл қўйилгани, Москвадаги раҳбарият чалғитилгани, маблағлардан ўз ўрнида фойдаланилмагани ва ширкат мулки ўмарилгани қайд этилган.

“Бу шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари натижасида ширкат маблағларни нақдинага айлантириш ва солиқдан қочиш каби шубҳали ва ноқонуний ишларга аралашиб қолган ”, дея иқтибос келтиради Узметроном Андрей Дубовсков хатидан.

“МТС” президенти ўз аризасида, шунингдек, Беҳзод Аҳмедов шу кунда ҳеч бир изоҳсиз ишга чиқмаётгани ва унинг ҳозирда қаерда экани номаълумлиги юзасидан ҳам ташвиш изҳор қилган.

"Ушбу фурсатдан фойдаланиб, бу иш юзасидан текширув олиб бораётган Ўзбекистон прокуратура органларидан ширкатдаги одатий вазиятни қайта тиклаш ва Аҳмедов Беҳзод Баҳодировичнинг қаерда эканлигини аниқлаш ишида ҳамкорлик қилишини сўраймиз", дейилади "МТС" президенти мурожаатида.

Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган "МТС" ширкатининг¸ ўз расмий сайтида ëзишича¸ бу мамлакатда 9 миллиондан ошиқ мижози бор.
XS
SM
MD
LG