Линклар

logo-print

Шу кунларда Полша ва Украинада футбол бўйича 2012 йилги Европа чемпионатининг финал босқичи давом этмоқда. Европанинг энг кучли футболчилари беллашувини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳам европаликлардан қолишмасдан кузатмоқда. Ўзбекистонда футболга қизиқиш кейинги йилларда жуда ошганини кузатиш мумкин. Футбол фанатларининг ўзлари ҳам ҳаваскор командаларни тузиб, кунда майдонга тушаётганларини айтади.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг Озодликка айтишича, ҳозир ҳаваскор футбол ривожланишига ҳам алохида эътибор қаратилмоқда. Ҳаваскор командалар ўйнасин учун қатор-қатор футбол майдонлари ташкил қилинган.

22 ёшли Умиджон ҳам Тошкент шаҳар туманларидан бирининг солиқ инспекцияси ташкил қилган футбол командасида тўп суради. “Ҳозир ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай ташкилот ёки маҳалланинг ўз командаси бор”, дейди Умиджон.

- Ҳаваскор команда энди битта жойда ишлайдиганлар, битта жойда ўқийдиган, маҳаллалардан йиғилган. Менинг практикам солиқ инспекциясида бўлгани учун инспекциядагилар билан ўйнайман. Маҳаллада йиғилиб маҳалладагилар билан ўйнайман. Бозорда нима қиладиган тадбиркорлар бор. Улар билан ўйнаймиз. Улар битта команда бўлиб келади. Мисол учун, бозор бўлиши мумкин, бошқа бўлиши мумкин. Келади битта команда бўлиб, биз ҳам битта команда бўлиб ўйнаймиз. Ҳозир 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар ҳам футбол ўйнамоқда, дейди суҳбатдошимиз.

Ҳаваскорлар шунчаки кўчада эмас, сунъий чим тўшалган футбол майдонларида беллашиш имконига эга, дея давом этади Умиджон.

- Сунъий қопламали майдонлар кўпайиб кетди ҳозир. Биз турадиган мавзенинг атрофида 5-6-7та майдон бор. Тошкент бўйича умуман кўпайиб кетди. Мисол учун¸ Юнусобод тарафда 6-7 та поля бирданига қурилган. Ораси сетка билан ажратилган. Полянинг сифатига қараб бир соатига 40-50 минг қилиб қўйилган. Ҳозир ҳеч қайси поляда бўш вақтнинг ўзи йўқ. Чунки ҳар хил командалар ëзилиб қўйилади аниқ келишини. Эҳтиëж катта, дейди тошкентлик ҳаваскор футболчи.

Ҳаваскор футбол командаларини ташкил қилиш бўйича пионерлар ўзбекистонлик эстрада вакилларидир. 1990 йиллар охирларида стадионларга ишқибозларни тўплаган ҳаваскор командалардан бирида Обид Асомов ҳам тўп сурган.

Обид Асомов ўзбек эстрада юлдузлари тузган илк ҳаваскор командада тўп сурган.

Обид Асомов ўзбек эстрада юлдузлари тузган илк ҳаваскор командада тўп сурган.

- Анча олдин, Муҳриддин Холиқов деган хонандамиз бўларди раҳматли, шу ҳазил-ҳазил билан мусиқачиларни йиғиб футбол командаси ташкил қилдида. Шу баҳона билан кейин Равшан Комилов деган хонандамиз ўзининг футбол командасини қилди. Ўзининг мусиқачиларини йиғса, 11 киши бўлиб қоладида. Бу ëқда Нуриддин Ҳайдаров бир команда қилди. Мода бўлиб кетди. Янглишмасам Самарқанддан Мардон Мавлонов ҳам бир командаси билан келиб ўйнаб кетди худди бир нарсани қойил қиладигандай. Санъаткорлар ичида қайси санъаткорнинг командаси зўр, энди бу ҳам обрў, ғурурда. Артистдан қанақа футболчи чиқади? Мақсад халқни стадионга жалб қилиш. 15 минутдан икки тайм 30 минут футбол бўлади. Қолгани концерт бўлади.

Ўзбекистонликларнинг футболга қизиқишини орттириш учун эстрада юлдузлари аввалдан ўзаро келишиб олган пайтлар ҳам бўлган, дея эслайди Обид Асомов.

- Лекин халққа қизиқ бўлиши учун озгина театрлаштириб, томошабинга қизиқ бўладию, лекин олдидан келишилган бўлади. Футболчилардан кимдир мени чалиб йиқитади, 11 метрлик қўйиб беришади, мен гол ураман. Шоу бу, ростакамига футбол эмас. Томошабинга қизиқ бўлиши керак. Шунинг учун уни сценарий асосида уни олдидан футболчилар билан тайëрлаб, ўзи 15 минутдан ярим соат ўйнаймиз бор-йўғи, шунинг учун ҳатто дарвозабон билан келишиб “Ака, бу ëқ тарафни бўш қилиб турасиз. Бу ëққа ураман” деб, ëлғондан йиқилиб, қочиб, тез ëрдам машиналари келиб, олиб кетиб, у ëқдан тузалиб қайтиб келиб, хуллас мана шунақа нималар бўлдида. Мен ўшанда қилган буюк ишим, ҳеч эсимдан чиқмайди, Миржалол “Ака, сиз дарвоза атрофида айланиб юринг. Мен ўзим битта коптокни жўнатаман” деди. Ваъдасининг устидан чиқди, шундоқ ошириб бердики, шундоқ сал оëғимни теккизган эдим, гол бўлди.

Лекин, дея эслайди яна Обид Асомов, артист ҳаваскор футболчилар ўйинга қизиқиб кетиб, кўпинча жиддий ўйнар эди.

- Мен айтаëтганларим катта стадионларда қилганларимиз шоу сифатида ўтди. Лекин ўша пайтда Муҳриддин акам бир бошлаб бердилар раҳматли. У ерда энди жиддий, нима дейди ютганга бир яшик пиво деган жойлари ҳам бор эди. Ютқазган команда чойхонада катта дастурхон қилиб 30-40 кишилик меҳмондорчилик. Жиддий ўйнардик у пайтда. Бориб битта стадион гаплашилади. Томошабинлар ҳам йиғилади. Кун иссиғида бир-икки кун олдин бориб тўйдан кейин йиғилиб тренировка қилишади. Ўша пайтда ростакамига футбол ўйнардик. Бу 90-йилларда бўлаëтган гап. У пайтда Юлдуз Усмонова командасини ташкил қилди. Юлдуз янглишмасам ҳали ҳам югуриб туради болалари билан. Ўзи ўйнамайдию болаларининг ҳаммасини югуртиради. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Ғиëс Бойтоев деган ҳофизимиз бечора ростакамига оëғини чиқариб олди ўшанда. Валижон Шамшиев деган қизиқчимиз ҳам йиқилиб болницага тушиб қолди. Икки ҳафта болницада ëтди бечора, дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ва ҳаваскор футболчи Обид Асомов.

Ўзбекистон Футбол федерацияси вакиллари ҳаваскор футбол мавзусида Озодлик билан гаплашишни истамади.

Ўзбекистон футбол ишқибозлари клуби етакчиси Абдураҳмон Фозилов ҳаваскор футболга катта эътибор берилаётгани келгусида Ўзбекистон футболини катта зафарларга элтишига ишонишини айтади.
XS
SM
MD
LG