Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:44

Анқара Сурия Туркия учқичини уриб туширганини ўрганмоқда


Харитада Туркия учқичи уриб туширилган минтақа қизил рангда кўрсатилган.
Харитада Туркия учқичи уриб туширилган минтақа қизил рангда кўрсатилган.

Туркия Президенти Абдулла Гул Сурия Туркиянинг қирувчи учқичини уриб туширгани борасида жиддий хавотир билдирди.


Абдулла Гул Сурия матбуоти таъкидлаганидек, чегара ҳудудида парвоз қилган учқич қанчадир вақт Сурия ҳаво ҳудудига ўтган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Ҳозир биз учқич айнан қаерда уриб туширилганини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу аниқланганидан сўнг барча зарурий чораларни кўрамиз.

Бу учқичлар парвоз қиладиган тезлик назарга олинса, денгиз узра ҳаво чегарасини бузиш ва ўзга ҳудудда қисқа муддат бўлиш тез-тез учрайдиган ҳолат, деди Туркия президенти.

Абдулла Гул самолёт қайси давлат ҳудудида уриб туширилганини фақат текширув натижалари тасдиқлай олиши мумкинлигини урғулади.

Туркия Президенти Абдулла Гул воқеа батафсил ўрганилганидан сўнг қарор қабул қилинишини маълум қилди.

Ундан олдин Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон кабинет аъзолари ва ҳарбий қўмондонлар билан фавқулодда йиғилиш ўтказганидан кейин эълон қилган баёнотда воқеа батафсил ўрганилганидан сўнг қандай чора кўриш тўғрисида қарор қабул қилинишини билдирган эди.

Туркиядаги ахборот агентликларига кўра, Сурия воқеа учун Туркиядан узр сўраган.

Бироқ Бош вазир Эрдўғон ўз баёнотида бу ҳақда ҳеч нима демаган.

Суриянинг давлатга қарашли SANA ахборот агентлиги шанба куни тонгги янгиликларда “номаълум учувчи нишон Сурия ҳаво ҳудудини бузиб ғарб томондан катта тезликда паст учиб келаётган пайтда Ўрта ер денгиз ҳудудида уриб туширилгани”ни хабар қилди.

SANA икки мамлакат ҳарбий кемалари бедарак йўқолган икки учувчини қидиришда ҳамкорлик қилаётганини ҳам билдирди.

Туркия ҳарбийлари учқичлар нима мақсадда чегара яқинида парвоз қилганини ошкор қилмади.

Бироқ айрим ахборот агентликлари тахминига кўра, учқичлар разведка мақсадида парвоз қилган.

Бу воқеа Дамашқ билан халқ исёнини шавқатсиз бостираётгани учун Сурия Президенти Башар Ал-Ассадни истеъфога чиқишга чақирган Анқара ўртасидаги муносабатларни кескинлаштириши мумкинлиги айтилмоқда.

Туркия чегарани кесиб мамлакат ҳудудига ўтган 32 минг суриялик қочқин учун Сурия билан чегарадош минтақада лагерлар ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG