Линклар

Миср пойтахтида намойишлар давом этмоқда


Қоҳиранинг Таҳрир майдонига йиғилган Мурсий тарафдорлари.

Қоҳиранинг Таҳрир майдонига йиғилган Мурсий тарафдорлари.

Мисрда президентликка номзод, Ҳусни Муборак даврида бош вазир бўлиб ишлаган Аҳмад Шафиқ ва мамлакатни бошқараётган Ҳарбий кенгашнинг бир неча минг тарафдори намойиш ўтказди. Тадбир Қоҳиранинг шимолий қисмида, 1981 йили радикал исломийлар президент Анвар Саодатни ўлдирган Наср-Сити даҳасида бўлиб ўтди. Намойишчилар исломийларнинг ҳокимият тепасига келишига йўл қўймаслик чақириғи билан чиқдилар.

Қоҳиранинг бош майдони бўлмиш Таҳрирда эса бир неча кундан буён “Мусулмон биродарлиги” ҳаракатидан номзод Муҳаммад Мурсийни қўллаб оммавий намойишлар ўтказилмоқда. Намойишчилар ўтган ҳафта кўпчилигини исломий партиялар вакиллари ташкил қилган парламентни тарқатиб юборган ва қонун чиқариш ваколатига эга бўлиб олган ҳарбий кенгаш хатти-ҳаракатларига қарши норозилик билдирмоқдалар.

Мисрда ўтган якшанба поёнига етган президентлик сайловининг натижаси бугун эълон қилиниши кутилмоқда. Президентликка номзодларнинг ҳар иккаласи – Муҳаммад Мурсий ҳам, Аҳмад Шафиқ ҳам сайловда ўзларининг ғолиб бўлганларини иддао қилмоқдалар. Сайлов натижалари 21 июн куни эълон қилиниши керак эди, бироқ ҳар иккала номзод томонидан сайлов комиссиясига юборилган эътирозлар туфайли бу иш ўтган пайшанба куни амалга оширилмай қолган.
XS
SM
MD
LG