Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:52

Ўзбекистон Олимпия қўмитаси Ғафур Раҳимовнинг вице-президентлик ваколатларини тўхтатди


Ғафур Раҳимов.
Ғафур Раҳимов.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Ижроия қўмитаси Ғафур Раҳимовнинг ташкилот вице-президенти ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш ва ташкилотга аъзолик мақоми ўз кучини йўқотган, деб тан олиш ҳақида қарор чиқарди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) Ижроия қўмитасининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида Лондонда 2012 йилда бўладиган Ёзги Олимпиада ўйинларига тайёргарлик билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилган.

Ғафур Раҳимов фуқаролигини ўзгартиргани сабабли, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси низомининг (20.3.2-моддаси) талабига мувофиқ, Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш ва унинг қўмитага аъзолик мақоми ўз кучини йўқотган, деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон Бокс федерациясида ҳам бир ой олдин Ғафур Раҳимовга нисбатан шундай қарор қабул қилинган.

Раҳимов 2001 йилда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти лавозимини эгаллаган.

У 2007 йилда Осиё Бокс федерацияси президенти, 2010 йилда эса Осиё бокс конфедерацияси президенти лавозимларини эгаллаган.

Июн ойи бошида Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистон Миллий бокс федерацияси аъзолигидан чиқарилиши ҳақидаги хабар Ҳаракат ва Узметроном Интернет нашрларида пайдо бўлган эди.

Хабарларда Ғафур Раҳимов Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, Россия фуқаролигини олгани боис Тошкентда шундай қарор қабул қилингани ва бу ҳақда Халқаро бокс федерациясига билдиришнома юборилгани маълум қилинган.

"Ўзбекистон Миллий бокс федерацияси қарори Ғафур Раҳимовнинг Миллий бокс федерацияси вице-президентлиги, Осиё бокс конфедерацияси президентлиги ва Халқаро бокс федерацияси вице-президентлигидан ҳам автоматик тарзда четлатилишини англатади", дейилган эди Узметроном хабарида.

Бироқ мутасадди ташкилотлар расмийлари бу хабарни инкор қилганди.

61 ёшли Ғафур Раҳимов Бокс федерацияси ва Олимпия қўмитаси раҳбарлигидан ташқари Ўзбекистонда жиноят олами авторитетларидан бири сифатида ҳам танилган.

Ўзини тадбиркор ва меценат сифатида тақдим қиладиган Ғафур Раҳимовнинг исми кейинги пайтларда тез-тез хориж матбуоти сарлавҳаларига чиқмоқда.

Жорий йил бошида АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига Ғафур Раҳимов ҳам киритилган эди.

АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган ҳужжатда "Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик ҳалқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда", дейилади.

80-йиллардан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги криминал тўдалар ичидаги нуфузини кучайтириб келаëтгани айтиладиган Ғафур Раҳимов Тошкент ҳукумати томонидан мамлакат спорти, хусусан, боксни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаëтган йирик тадбиркор сифатида эътироф этилиб, шахсан президент Каримов томонидан олқиш ва мукофотларга соҳиб этилган.

Айни пайтда бундан 12 йил муқаддам Сиднейдаги Олимпиада ўйинларида Осиë олимпия қўмитаси расмийси сифатида қатнашишга борган Ғафур Раҳимовни Австралия хавфсизлик идоралари “халқаро наркобарон” деган шубҳа билан мамлакат ҳудудига киритмаган ва бу воқеа халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Ғафур Раҳимовнинг расмий сайтида айтилишича, у бир нечта ширкатда президент лавозимини ҳам эгаллайди. Мазкур фирмалар орқали Ўзбекистонга халқ истеъмоли моллари, кимё, автомобил ва енгил саноати учун хом ашё кириб келади.

Норасмий манбаларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан бизнесдаги мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимов ҳукумат, хусусан, Ислом Каримов марҳаматидан мосуво бўлган ва 2010 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган.
XS
SM
MD
LG