Линклар

logo-print

Тожикистон радиосининг мухбири, бу мамлакат Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Гулнора Усмоновани ҳамкорлари “тупроқ сочиш” ва “сеҳргарлик”да айблаган.

Бундан қаттиқ изтиробга тушган журналист “бу қарор ўзига нисбатан шахсий хусумат туфайли қабул қилингани”ни айтди ва юзага келган можаро борасида Озодлик радиосига батафсил гапириб беришни истамади.

Айни пайтда Тожикистон радиосининг маданий ва маърифий дастурлар бўлими муҳаррири Гулнора Усмонова “меҳнат фаолияти меъёрларини бузгани учун” ишдан ҳайдалгани айтилди.

Тожикистон Ёзувчилар уюшмасининг президиуми эса 14 июн куни “Адабиёт ва санъат” рўзномасида эълон қилинган хабарномасида “Г. Усмонова ўзининг ғайриоддий хатти-ҳаракатлари билан ҳамкорларининг тинчини бузгани ва ҳатто уларни қўрқитиб қўйган”и учун ишдан бўшатилгани билдирилганди.

“Редакция фахрийларидан бир неча киши уни (Гулнора Усмонова назарда тутилаяпти, - таҳр.) журналистга хос бўлмаган ишлар билан шуғулланаётганини кўрган, бу эса уларда ташвиш уйғотган... туморбозлик, жодугарлик каби номақбул ишлар шу пайтгача редакциямизда кузатилмаган”, дейилади хабарномада.

Сўнгги бир неча йил давомида Тожикистон матбуотида ҳамкорлар ўртасида мавжуд зиддиятлар ҳақида кўплаб мақолалар нашр қилинди, аммо журналистга нисбатан бундай айблов илк бор, у ҳам бўлса давлатнинг етакчи нашрида янграмоқда.

Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Меҳмон Бахтининг Озодлик радиосига маълум қилишича, Тожикистон Радиоси ходимларидан бир гуруҳи ундан Гулнора Усмонова билан суҳбатлашиб, ишхонада бундай номақбул ишларни қилмасликдан огоҳлантириб қўйишини сўраган.

- У ишхонада сув сепиб, тупроқ сочиб, туморбозлик қилиб, ҳамкорларини қўрқитиб қўйган. Биз уни чақириб суҳбатлашдик, бу ишни президиумда кўриб чиқдик. Биз унга қаттиқ муомала қилмадик, фақат насиҳат қилдик, - дейди Меҳмон Бахти.

Унинг айтишича, мазкур масала муҳокамаси чоғида ҳатто Гулнора Усмоновани Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан чиқариб ташлаш борасида ҳам таклифлар бўлган.

Журналист Усмонова Ёзувчилар уюшмаси хатига жавоб ёзганини ва агар бордию унга рад жавоби берилса, у ҳолда айрим собиқ ҳамкорларининг шикоятига жавоб қайтаришини айтди.

Редакция бош муҳаррири Зафарон Муҳаббатованинг маълум қилишича, Гулнора Усмонова меҳнат аҳлоқи меъёрларини бузганлиги, яъни сабабсиз ишга келмагани туфайли ишдан бўшатилган.

Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Гулнора Усмонова 2003 ва 2012 йилларда нашрдан чиққан бир нечта китоб муаллифи ҳамдир.
XS
SM
MD
LG