Линклар

logo-print

Анқара Сурия Туркияга қарашли учқични уриб туширгани масаласи НАТО Кенгаши йиғилишида муҳокама этилишини билдирди. Айни пайтда, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Дамашққа норозилик нотаси жўнатди.


Туркия телевидениеси Сурия 22 июн куни Ўртаер денгизида Туркияга қарашли учқични уриб туширгани учун Анқара Дамашққа норозилик нотаси йўллаганини хабар қилди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли одатдаги машқ парвозини бажараётган “Phantom” русумидаги учқич Сурия ҳаво ҳудудига янглиш кириб, сўнг кўнгилли равишда халқаро ҳаво ҳудудига қайтганидан кейин уриб туширилганини айтди.

- Ўртаер денгизининг шарқий қисмидаги сўнгги воқеалар сабабли мамлакат ички радар тизимини синаш мақсадида Туркия учқичи машқ миссиясини бажараётган эди. Унинг миссияси Суриядаги ҳозирги бўҳронга алоқадор бўлмаган, дея баёнот берди Аҳмад Довутўғли.

Туркия Ташқи ишлар вазири уриб туширилган самолётда қурол бўлмаганини қайд этди.

- Учқич қуролсиз эди. Хатарли вазифани бажариш учун жўнатилган учқич қуролсиз бўлмайди. У фақат машқ ва синов мақсадида парвоз қилган. Буни барча томон билган, деди Туркия Ташқи ишлар вазири.

Сўнгги хабарларга кўра, уриб туширилган самолёт қолдиқлари Ўртаер денгизида бир минг 300 метр чуқурликда топилган.

Аҳмад Довутўғли бу масалани НАТО Кенгаши йиғилишида муҳокама қилишни сўраганини билдирди.

- Мен бу масала келаси ҳафтада НАТО Кенгаши йиғилишида Тўртинчи модда доирасида муҳокама этилишини сўрадим. Бундан ташқари, эга бўлган маълумотларимиз асосида биз агрессив муносабат деб қараётганимиз воқеа БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам муҳокама этилиши учун мактуб йўлланади, деди Туркия Ташқи ишлар вазири.

Туркия Президенти Абдулла Гул 23 июн куни Сурия Туркия учқичини уриб туширгани борасида жиддий хавотир билдирган.

Ундан олдин Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон кабинет аъзолари ва ҳарбий қўмондонлар билан фавқулодда йиғилиш ўтказганидан сўнг баёнот эълон қилиб, воқеа батафсил ўрганилганидан кейин қандай чора кўриш тўғрисида қарор қабул қилинишини маълум қилган эди.

Айни пайтда Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий Туркия ва Сурияни минтақада барқарорликни сақлаш учун масалани “тинч йўл билан ҳал қилиш”га чақирган.
XS
SM
MD
LG