Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:12

Муҳаммад Мурсий Миср президенти бўлди


Мисрда ўтказилган президентлик сайловида Мусулмон Биродарлиги исломий ҳаракати номзоди Муҳаммад Мурсий ғолиб чиқди.


Миср Марказий сайлов комиссияси расмийлари мамлакат президенти лавозими учун 17 июн куни ўтказилган сайловда Мусулмон Биродарлиги исломий ҳаракати номзоди Муҳаммад Мурсий ғалаба қозонганини эълон қилди.

Сайлов комиссияси расмийлари Муҳаммад Мурсий ўтган йил бошида ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президент Ҳусни Муборак даврида Бош вазир бўлиб ишлаган, собиқ генерал Аҳмад Шафиқ устидан озгина фарқ билан ғалаба қозонганини айтди.

Расмий маълумотларга кўра, президент сайловида Муҳаммад Мурсий сайловчиларнинг 51,7 фоиз, Аҳмад Шафиқ эса 48,3 фоиз овозини олган.

Пойтахт Қоҳиранинг марказий Таҳрир майдонига йиғилган Мурсийнинг ўн минглаб тарафдорлари Марказий сайлов комиссияси эълон қилган президент сайловининг якуний натижасини катта хурсандчилик билан қабул қилдилар.

Марказий сайлов комиссияси 17 июн кунги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 50 миллион фуқаронинг ярмидан кўпроги, яъни, 51,8 фоизи иштирок этганини маълум қилди.

Энди Мусулмон Биродарлиги исломий ҳаракатининг номзоди Муҳаммад Мурсий 16 ой олдин ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президент Ҳусни Муборакнинг ўрнини эгаллайди.

Аҳмад Шафиқ президент сайловида Муҳаммад Мурсий ғолиб чиққанига дарҳол муносабат билдирмади.

Ундан олин президентликка даъвогар иккала номзод, яъни, Муҳаммад Мурсий ва Аҳмад Шафиқ сайловда ғолиб чиққанини иддао қилган эди.

Мисрда ўтказилган сайловнинг якуний натижалари 21 июнда эълон қилиниши белгиланган эди.

Бироқ икки номзоднинг шикоятини кўриб чиқиш учун сайлов комиссияси муддатни 24 июнга кечиктирди.

Миср давлат телевидениеси мамлакатни бошқараётган Олий ҳарбий кенгаш раҳбари Маршал Ҳусайн Тантавий якшанба куни Муҳаммад Мурсийни президент сайловида ғалаба қозонгани билан табриклаганини хабар қилди.
XS
SM
MD
LG