Линклар


Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 194 та давлат ихтиёридаги мактабгача таълим муассасасини текшириб, турли қонунбузарликларни аниқлаган.

Қайд этилишича, айрим боғчалар санитария талабига жавоб бермайди, тарбияланувчилар ўрин-жой, стол-стул, ўйинчоқ ва дарслик билан таъминланмаган, машғулот ўтказиладиган ёзги айвончалар абгор аҳволда.

Болалар ҳаққига хиёнат ҳолатлари фош этилган


Сариосиё туманидаги 4-мактабгача таълим муассасаси ошхонасига “Сариосиё нон” фирмасидан олиб келинган 600 грамм қолипли нон назорат тартибида тарозида тортилганида унинг вазни 440 грамм чиққан.

Текширувларга кўра, 10 дан ошиқ боғчада, жумладан, Қува туманидаги 42, 31-сонли, Фарғона шаҳридаги 44-сонли мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат улашилган.

Монополиядан чиқариш қўмитаси биринчи тиббий хизматни ҳам салбий баҳолаган: “Ўрганиш ўтказилган деярли барча мактабгача таълим муассасаларида биринчи тиббий ёрдам бурчаги қониқарсиз ташкил қилинганлиги, аксарият муассасаларда айрим турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар номига қўйиб қўйилганлиги кузатилган”.

Васийлик кенгашлари маблағлари ўмарилмоқда


Боғчаларда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш учун васийлик кенгаши фаолият юритади. Айтилишича, васийлик кенгашлари томонидан маблағларни ўмариш ҳоллари учрамоқда. Масалан, Самарқанд шаҳридаги 3-сонли болалар боғчаси васийлик кенгаши ихтиёридаги 939,1 минг сўм ўзбилармонларча сарфлаб юборилган.

Мамлакат бўйлаб мактабгача таълим муассасаларида пуллик қўшимча дарслар ташкил этиш урфга кирмоқда. Монополиядан чиқариш қўмитасига кўра, қўшимча дарс учун ота-оналардан пул олиш қонунга зид. Негаки, болаларни касбга йўналтириш, хорижий тилларни ўргатиш муассасанинг низомий мажбуриятлари сирасига киради. Шунга асосан, Хоразм ва Наманган вилоятида пуллик ўқув курслари ташкил қилган боғча маъмуриятлари огоҳлантирилган.

Маҳаллий кузатувчилар охирги пайтларда маблағ ўзлаштириш айби билан маҳкамага тортилган боғча мудиралари сафи кенгайиб бораётганини айтадилар. Масалан, 2011 йилда Фарғона туманидаги 7-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Ҳикматхон Мадмусаева, 13-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Холниса Турдалиева иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган.

Маълумотларга кўра, Халқ таълими вазирлиги тасарруфида 6135 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Тошкентда ва вилоятлар маъмурий марказларида хусусий боғчалар сони ошиб бораётгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG