Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:57

Tеррорчиликка қарши кураш қонуни ўзгартирилди


Тожикистон парламенти мажлиси.
Тожикистон парламенти мажлиси.

Ўтган ҳафта Тожикистоннинг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонунига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Янги қонун аввалгисидан террор гуруҳини аниқлаш ва бу борадаги хулосани Олий маҳкамага тақдим қилиш фақат Миллий хавфсизлик қўмитаси зиммасига юклатилиши билан фарқ қилади.

Тожикистоннинг аввалги қонунида, шунингдек, “террорчи” деб эълон қилинган ва мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинган шахслар маҳкамага шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган. Янги қонун бу тартибларни ҳам бекор қилди.

“Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонунга киритилган бу ўзгартишлар Тожикистон парламентининг кўпчилик депутатлари томонидан олқишланди, аммо “Иҳвон ул-муслимийн” ташкилотининг ҳамон бу мамлакат террористик ва экстримистик ташкилотлар рўйхатида қолаётгани тожик депутатлари баҳси мавзуига айланди.

Тожикистон парламенти вакилларидан айримлари Тожикистоннинг террорчи ёки террористик гуруҳларни аниқлаш механизмини танқид қилди. Уларга кўра, кўп ҳолатларда миллий манфаатлар назарга олинмаган ҳолда ё бўлмаса, бошқа йирик давлатларга тақлид шаклида қарор чиқарилади.

Марказий Осиёдаги диний хусусиятга эга бўлган ягона сиёсий партия - Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий “Иҳвон ул-муслимийн” (Мусулмон Биродарлиги) ташкилотини Тожикистон террористик ташкилотлар қаторига киритиб қўйганига ишора қилди.

Кабирий таъкидича, “Иҳвон ул-муслимийн” Марказий Осиё бошқа давлатларида бўлгани каби Тожикистонда ҳам ҳеч қачон фаолият юритмаган ва бу ташкилот мамлакат хавфсизлигига таҳдид ҳам солмаган. Бироқ фақат Россия ва Европанинг айрим мамлакатларига тақлид ўлароқ, Тожикистон ҳукумати 2006 йили бу ташкилотни террористик ташкилотлар рўйхатига киритиб қўйган.

Президентликка сайловларда ғолибликни қўлга киритганидан хабар бераётган “Иҳвон ул-муслимийн” ташкилоти билан Тожикистоннинг келгуси муносабатлари қандай бўлади? Қонунга мувофиқ, “Иҳвон ул-муслимийн” раҳбари ҳам, Тунис Исломий Эннаҳда партияси раҳбари ҳам Тожикистонга сафар қила олмайдилар. Зеро, улар раҳбарлик қилаётган ҳаракат ва ташкилотлар бошқа мамлакатлардаги каби Тожикистонда ҳам “террорчи” деб эълон қилинган.

Тожикистон президентининг парламентлаги вакили Жума Давлатовнинг билдиришича, “ҳозирда Тожикистон рўйхатида 14 та шундай ташкилот бор, аммо замон талаби билан бу рўйхат ҳам ўзгартирилади”.

Янги қонун лойиҳаси билан депутатларни таништирган Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода таъкидича, бундан буён фақат Олий Суд қарори билан шахс ёки ташкилот “террорчи” ёки “террористик ташкилот”, деб эълон қилиниши мумкин.

- Мазкур ҳужжатга мувофиқ, террорчиликка алоқаси бўлган шахслар ёки ташкилотлар рўйхатини фақатгина Миллий хавфсизлик қўмитаси тузади. Бироқ террорчиликда айбланган шахслар мол-мулкини мусодара қилиш борасидаги қарор Бош прокуратура тавсияси асосида Олий маҳкама томонидан қабул қилинади, - дея билдирди Бош прокурор Салимзода.

“Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар узоқ баҳслардан сўнг қабул қилинди.
XS
SM
MD
LG