Линклар

Тошкентда яна икки турк ширкати тугатилди


2011 йилда ёпилган собиқ Туркуазнинг 2001 йил 13 июл кунги кўриниши.

2011 йилда ёпилган собиқ Туркуазнинг 2001 йил 13 июл кунги кўриниши.

Тошкент вилояти Зангиота туманида фаолият юрғизиб келган “Илкай” ва “Пинар транс” турк ширкатлари тугатилиб, улар раҳбари Гунеш Меҳмет ва Қаҳве Али озодликдан маҳрум этилди.

Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди “Илкай” ширкати раҳбари Гунеш Меҳметни 11 ой, “Пинар транс” ширкати раҳбари Қаҳве Алини эса икки йилга озодликдан маҳрум қилди.

Бу ҳақдаги хабарни Озодликка туман судининг ўзини таништирмаган ходими тасдиқлади.

Шунингдек, яна бир туркиялик таниқли тадбиркор уч йилга озодликдан маҳрум қилиниб,15 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилган.

Яна бир гуруҳ турк тадбиркорининг қамалишига оид хабар тарқатган Gorizont.uz сайти учинчи турк тадбиркорининг исми-шарифини очиқламади.

Зангиота туман суди вакили ҳам¸ "масаланинг нозиклиги" боис¸ на суд ҳукмининг қачон чиқарилгани ва на учинчи турк тадбиркорига оид маълумот беришни истамади.

Gorizont.uz маълумотига кўра, савдо ва хизматлар билан шуғулланиб келган учала турк тадбиркори ҳам бир қатор иқтисодий жиноятлар, жумладан, даромадни солиқдан яширганликда айбланган.

Турк тадбиркорларини ўз қаноти остига олиб, улар жиноятини яшириб келгани айтилаётган ўзбек солиқчиси эса 11 йилга қамалган. Бу ҳомий номи ҳам¸ Ўзбекистондаги ҳуқуқ идоралари назоратида экани тахмин қилинадиган Gorizont.uz нашрида эълон қилинмади.

Интернет нашрининг ёзишича, “Илкай” ва “Пинар транс” ширкатлари бош ҳисобчиси Любов Ҳамроқулова ва маъсул лавозимларда ишлаб келган Дилбархон Ирисова, Шуҳратилла Тўлаганов ва Исроил Қорабоев суд ҳукмига кўра, катта миқдорда жаримага тортилган ва келажакда раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳаққидан маҳрум қилинган. Бу тўрт шахс Ўзбекистон фуқароларидир.

Собиқ "Туркуаз" ширкати раҳбари Воҳид Гунеш Ўзбекистонда 8 йил бизнес қилиб, ўтган йил ҳибсга олиниб¸ 9 ой тутқунликда сақланган турк тадбиркори. Ҳозирда Истанбулда яшаëтган Гунеш ўзининг Тошкент расмийларига берилган катта пора эвазига озодликка чиққанини айтиб келади.

Озодлик билан суҳбатда жаноб Гунеш, “Илкай” ва “Пинар транс” ширкатлари раҳбарларидан ҳам озодлиги учун пора талаб қилинаëтганини тахмин қилади.

- "Пинар транс” ширкатининг бутун мол-мулкини мусодора қилишди. Барча раҳбарларини қамашди. Ҳозир энди уларни озод қилиш учун 10 миллиард сўм (25 июн кунги расмий курс билан 5 миллион 241 минг АҚШ долларига тенг) пул сўраяпти экан. Ўзбекистон ҳар ойда бир турк тадбиркорини қамаяпти. Турк тадбиркорлари Ўзбекистондаги ширкатларини сотиш ҳаракатида. Бироқ нимагадир харидор йўқ. Ўзбекистон турк тадбиркорлари учун дўзахга айланди, дейди Воҳид Гунеш.

Gorizont.uz маълумотига кўра, иккала ташкилотнинг 2009-2011 йиллардаги фаолияти тафтиш қилинганда¸ Гунеш Меҳмет ширкатининг уч йил давомида 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги даромадини ноқонуний равишда ўзлаштиргани¸ Қаҳве Али ширкатининг эса уч йил давомида жами 27 миллион сўм (расмий курс бўйича 14 минг 151 АҚШ доллари) нақд пулини солиқдан яширгани аниқланган.

Ўзбекистонда 60 миллион долларлик бизнесидан айрилган Воҳид Гунешга кўра, ўзбек қамоқларида қолаётган турк тадбиркорларининг аксари сохта жиноятларда айбланган.

- Ўзбекистонда хориж тадбиркорларига ҳужум бундан кейин ҳам давом этади. Чунки Ўзбекистоннинг тузуми бу. Тадбиркор ўз бизнесини йўлга қўйгач, унинг бор мол-мулкини мусодара қилиб, ўзларини ҳибсга олиб, қамоққа ташлайди. Тузум шу. Тадбиркорнинг айби борми, йўқми бунинг фарқи йўқ. Агар улар истаса¸ сиз айбдорсиз. Сиз бир ҳимоясиз одамга айланасиз улар қўлида. Лекин сизда бир йўл бор. Катта пул эвазига озодликка чиқаришни¸ албатта¸ сизга таклиф қилишади. Уларда махсус режа бор. Ҳар ойда бир турк фирмасига ҳужум қилиш бўйича. Лекин аввалида сизга ишлашга имкон берилади. 5-10 йил ишлаб бизнесингизни йўлга қўйгач, улар сизни овлашга ўтади. Бу ҳолат Ўзбекистонда бизнес кўринишига айланган, дейди 2011 йилда Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари томонидан турли иқтисодий жиноятларда айбланиб ёпилган "Туркуаз" ширкати раҳбари Воҳид Гунеш.

11 ойга қамалган “Илкай” ширкати раҳбари Гунеш Меҳметнинг Ўзбекистонда қарийб 10 йил давомида бизнес қилиб, бир қанча ўн миллионлик доллар миқдоридаги бизнесга эга бўлгани айтилади.

Норасмий хабарларга кўра, бугунги кунда ўзбек қамоқларида камида 15 нафар турк тадбиркори бўлиб, уларнинг барчаси иқтисодий жиноятларда айбланган.

Кейинги 20 йил ичида юзлаб турк табдиркори ва ўнлаб турк ширкати турли сиëсий-иқтисодий сабаблар баҳонасида Ўзбекистондан ҳайдалди¸ уларнинг Ўзбекистондаги бизнеси ва мол-мулки¸ ошкор қилинмаëтган томон манфаатига мусодара қилинди.


YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG