Линклар

"Масжидларда бемалол намоз ўқий олмаймиз, тадбиркорлик йўқ. Бир иш жойи очай деб нима қиладиган бўлсангиз, ҳукуматдан ҳар хил налоглар келиб тинчлик бермайди. Иложи йўқлигидан чиқиб кетиб¸ сиëсий бошпана олгим келади"¸ дейди марҳаматлик Абдулла.


Арабистондан сиëсий бошпана олгим келади¸

дейди Андижоннинг Марҳамат шаҳрида яшовчи ўзини Абдуллажон деб атаган 20 яшар йигит. Суҳбатдош Озодликнинг "Қурултой" дастурида муҳокама қилинган сохта қочқинлар муаммосига муносабат билдирди.

- Бу эшиттиришни эшитдим бугун эрталаб. Ўзбеклар бошқа давлатлардан қочқин мақомини олаяпти, сиëсий қочқин бўлмаса ҳам олаяпти деган мавзуда гап кетдида. Бу гапда шундай хулоса келдики, у сиëсий қочқин эмас, шунчаки ўзига керак бўлиб сиëсий қочқин мақомини олаяпти деган сўз бордида бу ерда. Шундай сўз кетиб қолди. Лекин акам Ўзбекистонда хотиржам яшашликнинг иложи йўқда. Масалан¸ бундай олиб қарасак, масжидларда намозларни бемалол ўқий олмаймиз. Шунинг учун кетамизда Ўзбекистонни ташлаб. Нима қилайлик энди?

Майли ўзимизнинг жонимизга хавф солса ҳам, оила аъзоларимизнинг жонига ҳам хавф соладида ака. Шундай гап кетдики, ўзбеклар ўзи сиëсий қочқинмасу, сиëсий қочқин мақомини олаяпти дегандай гап кетиб қолди. Лекин Ўзбекистонда қийноқлар, тазйиқлар борда. Масалан масжидларда бемалол намозларни ўқий олмаймиз, тадбиркорлик йўқ. Бир иш жойи очай деб нима қиладиган бўлсангиз, ҳукуматдан ҳар хил налоглар келиб тинчлик бермайди. Иложи йўқлигидан чииқб кетамизда. Масалан¸ мен ҳам сиëсий бошпана олгим келади. Арабистонлардан олсам, мазза қилиб юргим келади. Қийналиб кетдик ахир Ўзбекистонда, дейди марҳаматлик Абдуллажон.

Исмим, ëшим ва қаерда яшашим сир қолсин

Ўзбекистондан қўнғироқ қилган йигит (овозидан шундай тахмин қилдик) мамлакат қонунчилигининг турлича ишлаши ҳақида мулоҳаза билдириш орзусида эканлигини айтди. Суҳбатдош ўз муаммоларини ечиш учун ариза бергани, аммо бу ариза инобатсиз қолаëтганидан ташвиш билдирди.

Суҳбатдош қайси муаммо юзасидан кимга ариза берилганини айтмади. Айтсам, топиб олишларидан қўрқаман, дейди суҳбатдош.

- Ўзбекистонда аризамизга чора кўрилмаяптию, лекин ҳар хил тарзда ишлаяптида. Бир қарасангиз, ҳокимларни ҳам жавобгарликка тортаëтганини эшитаяпмиз. Бир қарасак, аризамизга чора кўрмай чўзиб юрибди 3 йилдан бери. Бизда адолат бор экан, қонун бор экан, шундан қандай фойдалансак бўларкан, гапларимизни кимга айтишимиз керак экан. Сизларнинг радио орқали президентга етказишнинг иложи бормикан? Президент қабулига киришга қўймаса. Шунга ҳеч бўлмаса радио орқали етказишнинг иложи борми деб телефон қилган эдим, дейди исми сир қолишини истаган йигит.

Андижонликлар қўрқмайди, фақат улар бола-чақасини ўйлайди

Андижон воқаеларининг 7 йиллиги боис Озодлик эълон қилган туркум мақолалар билан танишган, ҳозир Россияда мардикорлик қилаëтган Андижонлик йигит андижонликларнинг нега боши эгик эканлигини бола-чақа омили билан изоҳлашга уринди.

- Яна бир нарса. Андижон воқеаларининг 7 йиллиги муносабати билан деб интернетга видеоролик жойлаб қўйган экансизлар. Шуни кўрган эдим. Андижонликлар жуда қўрқиб қолган деган гап бўлди. Лекин ундай эмас. Андижонликлар қўрқмайди. Ўзбек фақат оила аъзосини, бола-чақасини ўйлайди. Ўзининг жонига тегса, 1000 марта, 10 минг марта бўлса ҳам ўлаверади. Лекин бола-чақасини, оила аъзоларини, онасини кўз олдига келтириб, бу ишни қилолмайдида. Биз ўзбеклар ҳам ҳаққимизни талаб қилишни биламиз, дейди андижонлик йигит.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG