Линклар

Полша ва Украинада футбол бўйича 2012 йилги Европа чемпионати сўнгги босқичга кирди. 24 июн куни чемпионлик учун курашни давом эттирадиган тўртта терма жамоа маълум бўлди.


Евро-2012 тақвимига мувофиқ 27 июн куни Уктаинанинг Донецк шаҳрида Португалия ва Испания, 28 июн куни Полша пойтахти Варшавада Германия билан Италия терма жамоалари финалга йўлланма олиш учун беллашади.

Иккала ўйинда ғолиб чиққан жамоалар 1 июл куни Украина пойтахти Киев шаҳридаги Олимпия стадионида бўладиган финал ўйинида куч синашади.

Миллионлаб футбол ишқибозлари, жумладан, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳам ушбу ўйинларни интиқлик билан кутмоқда.

"Ҳафта саволи"нинг бугунги сонида респондентларга: “Сизнингча¸ қайси футбол жамоаси Европа чемпиони бўлади?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Шуҳрат, Бухоро, ўқитувчи:

- Менимча, Германия бўлса керак. Чунки “немис машинаси” ҳозир бутун майдонда ҳимоячи, ярим ҳимоячи, ҳужумчи ўзининг позициясини тўғри эгаллаб олган. Италиянинг чемпион бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин Италия ҳужумчилари немис ҳужумчиларига нисбатан суст. Чунки кеча ҳам кўрдик. Бир неча голларни уролмади Италия ҳужумчилари. “Немис машинаси”да унақа эмас. “Немис машинаси”да ҳаммаси режалаштирилган. Ҳужумчилар ҳам, ҳимоячилар ҳам ўз вазифасини сидқидилдан адо қилаяпти. Шунинг учун Европа чемпионатида Германия чемпион бўлса керак. Испания-Португалия ўйинида Испаниянинг қўли баланд келиши мумкин. Юлдузлар камроқда энди Португалияда. Роналдо, Нани, Поштига, Пепелар барибир Испания юлдузларига етмайдида. Испания билан Германия чиқади, албатта¸ Германия ютади. Чунки Германиянинг алами бор Испанияда. 2010 йилги Жаҳон чемпионатида Испания Германияни мағлубиятга учратган эди.


Наманган вилоят ИИБ навбатчиси:

- Ака мен футбол кўрмайман. Ишдаги одам қаердан футбол кўрсин? Мен каратэга қизикаман. Бу (ИИБ телефони) ўйинчоқ телефон эмас. Футболингизни ҳал қиладиган нарсамас бўт.


Ҳайдар Акбар, спорт шарҳловчиси:

- Кечаги ўйинда жуда кўпчилик Англия терма жамоаси ғолиб бўлади¸ деб башорат қилган эди. Лекин Италия Англияга қарши яхши бир тактикани қўллади. Ўйин давомида 80 фоиз тўп италияликларда бўлди. Улар яхши жамоавий ўйин намойиш қила олишди. Агар имкониятлардан тўлиқ фойдаланганда ҳисоб бунданда йирикроқ бўлиши керак эди. Масала асосий вақтнинг ўзида ҳал бўлиши керак эди. Италия чемпион бўлади¸ деб айта олмайман, лекин чиройли ўйин намойиш қилди. Финалга Испания билан Германия чиқади¸ деб ўйлайман. Жуда қаттиқ муросасиз курашдан кейин Германия терма жамоаси ғолиб бўлса керак бу сафар.


Набижон, Самарқанд:

- Телевизорга мен қарамаяпман. Вақт бўлмаяпти. Даладаманда мен, огородда юраман экинларни суғориб, парваришлаб. Ўғлим ҳам кино кўради, футболга қизиқмайди. Кино, концерт кўриб ëтади. Қизиқиш йўқда. 20 сотих огородимиз бор. Шунда пиëз, сабзи, рўзғорга яраша ҳамма нарса экамиз. Қўшиқ эшитаман радиодан¸ холос.


Нодира, иқтисодиëт вазирлиги ходими:

- Гоҳида футбол кўраман. Вақтимга қарабда. Италияга болет қиламиз оиламиз билан. Россияга болет қилаëтган эдик, чиқиб кетдию улар. Менинг хўжайиним, ўғлим Италияга болет қилади. Мен унақа жуда кўрмайман, кўришаëтганда ўтириб озгина кўрмасам. Германия ҳам яхши ўйнаяпти лекин. Португалия ҳам яхши ўйнайди. Ўйинчилари яхшироқ бошқаларга қараганда. Ким чемпион бўлишини билмийман.


Шуҳрат, "Афросиëб" бизнес маркази ходими:

- Конечно Германия. Италия ўйнашни билмайди, улар бир тийинга қиммат. Португалия ҳужумда ўйнайди, лекин немисларга кучи етмайди. Испанларда Барселона стили. Уларнинг ҳам немисларга кучи етмайди. Испанлар барибир ютқазиб қўяди. Роналдо зўр, лекин “немис машинаси” барибир кучлида. Германия фаворит. Тўртта команда ичида фаворити Германия. Германияда яхши ўйинчи кўпда. Мюллер бор, Гомез бор, Шванштайгер бор, Ўзил бор, Хедира бор. Исполнителлар кўпда. Германия Европа чемпиони бўлади¸ Худо хоҳласа.


Жамшид, Россиядаги фарғоналик йигит:

- Билмадим. Ўзи футболга фанатман, лекин бу ерда юрганлигим учун қизиқиш ҳам қолмади, вақт ҳам. Ора-орада кўриб турибман. Португалия чемпион бўлади¸ деб ўйлайман. Фанат битта командага ëпишиб олади, нимагалигини ҳам билмайди. Нимага фанат бўлаëтганини ҳам, нимага қизиқаëтганини ҳам билмайди ўзи. Португалияга фанатман. Менинг шунақа хоҳишим бор, Португалия чемпион бўлади деб ўйлайман.


Григорий, Фитнесс СПА ходими:

- Германия Европа чемпиони бўлади. Бу жамоа менга ёқади. Чунки бу жуда кучли терма жамоа. Яхши ҳужум уюштиради. Умуман интизомли жамоа. Мен улар ғолиб бўлади¸ деб ўйлайман. Уларнинг лақаби “Немис машинаси”. Жуда яхши жамоа. Ҳар бир ўйинчи ўз ўрнида вазифасини бажаради.


Жонибек, Хоразм, уста:

- Иш билан овора бўлиб футболни кўришга вақтим йўқ. Спортга қизиқишим йўқ. Кечами, ўтган куни бир ўйин бўлди 1:0 ўшани кўрдим. Испания-Португалия ўйнади менимча, ўшани кўрдим. Ҳозир иш билан юрибман. Жой соляпмизда. Мен спортдан боксни кўраман. Бошқасини кўрмийман. Ким чемпион бўлишини масаласида, Испания бўлиши мумкин.

Жасур, "Ўзавтойўл" ширкати ходими:

- Тўғрисини айтсам¸ ишхонадан кеч чиқаётганим учун футболни кўра олмаяпман. Ўзим футбол ўйнамайман. Лекин футболни кам кўраман. Ҳозир футбол кўрмаётган бўлсам, ким чемпион бўлишини қаердан биламан?


Машҳура, уй бекаси:

- Мен футбол ўйинларини кўрмаяпман. Қизиқмийман. Спорт турларидан сузишни, теннисни, фигурний катания, гимнастика бўлса томоша қиламан. Футбол кўришни унча хоҳламайман. Шовқинидан бошим оғриб кетади.

Ҳурматли муштарий, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.


YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG