Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:15

Тошкентдаги “Бешёғоч” бозори бузилаяпти


Чилонзор туманида жойлашган “Бешёғоч” бозори филиалининг бузилиши натижасида 40 та дўкон ер билан яксон қилинмоқда; дўкон эгаларига ҳеч қандай товон пули берилмаяпти.

Чилонзордаги Фарҳод ва Бунёдкор кўчалари чорраҳасида, Чилонзор метросидан чиққан жойда жойлашган “ Бешёғоч” бозорида икки кун аввал бузиш ишлари бошланди.

Бу ҳақда бозорнинг бузилиши билан боғлиқ вазиятни ўрганган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли Озодликка маълум қилди.

- Чилонзор метросида жойлашган деҳқон бозор бузилаяпти. Орқа тарафлардан бузилиб келаяпти. Бозор орқасида ҳозирги қурилган комплекс билан бозорнинг оралиғида қурилган бинолар, дўконлар барчаси бузилаëтганини кўрдим. Чилонзордан тушдингиз, Улуғбек парк томонга қараб кетаëтганингизда чап қўлда ҳокимият бор, Чилонзор ҳокимияти. Ҳокимият билан деҳқон бозор оралиғида завод бор эди. Завод номини билмайман. Ўша ерда қандайдир торговий бир марказ қурилди. Катта территорияда у. Дўконлар, шунга ўхшаган нарсалар қурилди. Аммо ҳали у ишга тушгани йўқ. Ўшанинг ўрнига кўчириладими ë фасади узоқдан кўриниб туриши учун бозор бузилаяптими, ҳали аниғини аниқлай олмадим, дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Озодликнинг Тошкентдаги бошқа манбаси “Бешёғоч” бозорининг бузилишини ўрганиб, бозордаги дўкон эгалари билан суҳбатлашди.

Ушбу манбага кўра, бозор ҳудудидаги гул ва гўшт расталари, сут ва мева маҳсулотлари сотиладиган расталар ва яна бозор ҳудудида жойлашган 40 та дўкон бузилаяпти. Бироқ ҳеч бир тадбиркорга товон пули берилмаяпти, дея хабар қилди бу суҳбатдош.

Бозордаги дўкон эгаларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, унга бузилаётган дўкони эвазига ер майдони бериш ёки шаҳарнинг бошқа бозорларидан жой ажратиш ваъда қилинган. Бу савдогар “Ипподром” бозоридан жой олишга умидвор бўлаётганини айтди.

Бозорда савдо қилиб келган тадбиркорлар билан Озодлик сўровига кўра махсус суҳбатлашган манбага кўра¸ савдогарларга “Бешёғоч” бозори ёнида янги қад ростлаётган савдо мажмуасидан ҳам дўкон таклиф қилинган, бироқ уларнинг нархи ўта қимматлиги боис тадбиркорлар бошқа бозорларга кўчишни маъқул кўраяпти.

Чилонзор туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, “Бешёғоч” бозорини бузиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори бўлиб, эндиликда бозор ўрнида машиналар турар жой ташкил қилинади.

- Бозор ўрнига қайта қурилмайди, у ерда тураргоҳ бўлади. Бозорни орқага олишаяпти озгина. Бозор орқасида катта поля бор, ўша ерни олишаяпти. Бу ëқдан бузилиб, бу ëқдан қурилаяпти уже. Бозор ёпилгани йўқ, ишлаяпти. Продуктовий расталар ишлаяпти. Атрофида магазин бор эди. Ўша магазинлар бузилаяпти холос. Бу ëқ томонидан икки этажли магазинлар қурилаяпти. Улар ўша ерга кўчади кейин, деди Чилонзор туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик суҳбатлашган манбаларга кўра¸ озиқ-овқат ва мева-сабзавот сотувчи савдогарларга аввалги гул расталари ўрнидан жой ажратилган, бироқ жой кичиклиги боис Фарҳод кўчаси бўйлаб савдогарлар тарқалиб кетган ҳолда савдо қилаяпти.

Тошкентда сўнгги бир йилда ўнга яқин бозор бутунлай яксон қилинди ёки бошқа жойларга кўчирилди.

Жумладан, шаҳардаги Юнусобод, Паркент бозорлари ҳамда Тошкент шаҳри метрополитенининг “Машинасозлар” бекати устида жойлашган бозорнинг айрим қисмлари бузилди.

Олой бозоридаги кийим-кечак растаси ва буюм дўконлари ўрнида яшил майдон ва машиналар учун тўхташ жойи барпо этилди.

Пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган Фарҳод савдо ярмаркаси ер билан текисланди ва кейин унинг маълум қисмигина қайта қурилди.

Шаҳарнинг Навоий кўчасидаги ярмарка ҳам бузилиб, у ердаги дўконлар шаҳардаги Ўрикзор бозори ва собиқ “Малика” тикув фабрикаси биносида очилган савдо мажмуасига кўчирилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:06 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG