Линклар

Афғон хавфсизлик кучлари Ўзбекистонни айбламоқда


Афғонистон хавфсизлик хизмати вакиллари Ўзбекистон Амударёда нефт қазиб олиш бўйича лойиҳанинг амалга оширилишига тўсиқлар яратиш учун генерал Абдурашид Дўстум (суратда) қўл остидаги айрим қўмондонлар хизматидан фойдаланаётганини иддао қилмоқда.

Афғонистон хавфсизлик хизмати вакиллари Ўзбекистон Амударёда нефт қазиб олиш бўйича лойиҳанинг амалга оширилишига тўсиқлар яратиш учун генерал Абдурашид Дўстум (суратда) қўл остидаги айрим қўмондонлар хизматидан фойдаланаётганини иддао қилмоқда.

Афғонистон куч ишлатар тузилмалари Ўзбекистонни Амударё ҳавзасининг шимолий қисмида нефт қазиб олиш бўйича лойиҳанинг амалга оширилишига тўсқинлик қилаётганликда айбламоқдалар.

Бу ҳақда Афғонистоннинг Khaama Press нашри хабар тарқатди.

Бу ерда гап Афғонистоннинг Сарипул вилоятида ўтган якшанба куни нефт қазиб олиш бўйича расман ишга туширилган лойиҳа устида бормоқда.

Khaama Pressга кўра, Афғонистон хавфсизлик хизматининг исми ошкор этилишини истамаган вакиллари ўз қўлларида “Амударёда нефт қазиб олишга йўл қўймаслик учун қўшни Ўзбекистон разведкаси аралашувини акс эттирган ишончли далил-исботлар бор”лигини маълум қилганлар.

Маълумотларга кўра, Афғонистон шимолидаги конларда нефт қазиб олиш бўйича тендерни ўтган йил декабрида Хитой миллий нефт-газ корпорацияси ютиб олган.

Нашрнинг қайд этишича, Афғонистон миллий ҳаракати партияси лидери, Миллий коалицион партия аъзоси ва ҳукуматнинг асосий мухолифи Абдурашид Дўстум ҳам шимолдаги нефт конларини ишлашига тўсқинлик қилиб келган.

Афғонистон тоғ-кон саноати вазирлиги ҳам мамлакатнинг асосий табиий заҳираларини қазиб олиш ишида юзага келтирилаётган тўсқинликлар юзасидан ташвиш изҳор қилган.

Мазкур вазирлик матбуот котиби Умар Жовид “минтақадаги хавфсизлик хизматлари мамлакатда нефт қазиб олиш лойиҳасининг амалга оширилишига тўсиқлар яратаётгани”ни айтган.

Khaama Pressнинг қайд этишича, генерал Дўстумга қарши айбловлар билан Ўзбекистон Амударёда нефт қазиб олинишини тўхтатишга уринаётгани тўғрисидаги хабарлар ўртасида бирор-бир алоқа бор ёки йўқлиги маълум эмас.

Айни пайтда Афғонистон хавфсизлик хизмати вакиллари генерал Дўстум қўл остидаги айрим қўмондонларга Амударёда нефт қазиб олиш бўйича лойиҳанинг амалга оширишига тўсиқлар яратиш учун Ўзбекистон томонидан пул берилганини иддао қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG