Линклар

logo-print

Ленинград вилоятида мардикорлик қилаётган оилада Ўзбекистонга қайтиб кетиш масаласида эри билан муроса қилолмаган ўзбекистонлик аёл ўз жонига қасд қилди.

23 июн куни Ленинград вилояти Киров тумани Березовка қишлоғидан туман марказий шифохонасининг травматология бўлимига 2-3 даражали куйиш ҳолатида 34 ёшли Ўзбекистон фуқароси олиб келинди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Санкт-Петербург шаҳар ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармаси расмийси Алексей Данке айрим сабабларга кўра бу аёлнинг исмини ошкор эта олмаслигини айтди. Унинг айтишича, ҳодиса 23 июн куни тахминан соат 15:30 ларда содир бўлган.

- 23 июн куни Мга шаҳри яқинидаги Берёзовка қишлоғида танасининг термик куйиши ҳолатида 1978 йилда туғилган ўзбекистонлик аёл госпитализация қилинди. Олиб борилаётган дастлабки тергов тахминларига кўра, марказий-осиёлик бу аёл эрига ўз ватанига қайтиб кетишни таклиф қилган. Бироқ ундан рад жавобини олгач, у аффект ҳолатида ўзининг устидан бензин қуйиб, ўт қўйиб юборган, дейди тергов давом этаётганини тушунтирган полиция расмийси.

Озодликнинг расмий идоралардаги манбаларидан маълум бўлишича, ўзбекистонлик аёлнинг исми Муқаддас Қурбонниёзова, у ҳеч қаерда ишламаган, Петербургда вақтинчалик қайддан ўтган. Унинг асли хоразмлик эканига оид тахминлар бор.

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбанинг айтишича, бир неча йилдан бери эри билан Россияда яшаб келган аёл бошдан кечирган қийинчиликлар ва руҳий эзилиш боис турмуш ўртоғидан бирга Ўзбекистонга қайтиб кетишни сўрайди. Эри бу таклифни рад этади ва ўртада жанжал чиқади. Натижада эри аччиқ қилиб уйдан чиқиб кетгач, 34 ёшли аёл ўзига ўт қўяди.

34 ёшли жабрдийда Киров туман марказий шифохонасига олиб келинди.

Ўзбекистонлик аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишга уринаётган шифокорлар, Озодлик билан суҳбатда, ҳозирда у ўта оғир ҳолатда эканини маълум қилишди.

- Аҳволи жуда оғир. Ҳеч қандай ортиқча ёрдам кўрсатишнинг иложи йўқ: олинган жароҳатлар билан тирик қолиши даргумон. Тананинг 95 фоизи куйиб кетган, дейди Киров туман шифохонасиинг бош травматологи.

Шифокорлар беҳуш ҳолатида қолаётган Ўзбекистон фуқаросининг ҳаёти учун курашишда давом этишларини қўшимча қилишди. Ҳодиса тафсилотларини полиция ўрганмоқда.

Бу каби ҳодиса Россияда биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ. Озодлик оғир турмуш ва шахсий муаммолар туфайли ўз жонига қасд қилаётган меҳнат муҳожирлари ҳақида олдин ҳам хабар қилган.

Федерал статистика хизмати келтирган маълумотга кўра, Россия нафақат мигрантлар сони ва аҳоли орасида ўлим даражаси юқорилиги билан, балки ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилаётган мамлакатлар сирасига киради. 2010 йилда Россияда ҳар 100 минг кишидан 23 киши ўзини ўз жонга қасд қилган.

1991 йилдан бери кескин ошган бу кўрсаткич сўнгги йилларда камайиб бораётганига қарамасдан, мутахассислар худкушлик ҳолатлари Россияга иш излаб келган меҳнат муҳожирлари орасида кўпайиб бораётганини таъкидлашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG