Линклар

logo-print

Тожикистон ҳукумати қошидаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлигининг Сўғд вилоят бўлими Истаравшан шаҳар ҳукумати раис муовини ва Тожикистон коммунистлар партиясининг Истаравшан шаҳар бўлими раҳбари Мусо Олимов Ҳаж сафари учун бир фуқародан 3,5 минг сомоний (тақрибан 720 АҚШ доллари, - таҳр.) миқдорида пора олгани учун қўлга олинганини билдирди.

Коррупцияга қарши кураш идорасининг маълум қилишича, айни пайтда Мусо Олимовга нисбатан мамлакат жиноят Кодексининг 319-моддаси бўйича жиноят иши очилган.

- Мусо Олимовга нисбатан жиноят иши маҳаллий тадбиркор Ҳомид Мўминовнинг шикояти асосида очилди, - деди агентлик масъуллари.

“Пора эмас, хайрия эди”


Истаравшан шаҳар ҳукумати расмийси Мусо Олимов бу хабарни тасдиқлади, аммо у ўзининг коррупцияга қарши кураш ходимлари томонидан ҳибсга олиниш сабабларини бошқачароқ шарҳлади.

- Мен ундан жамият учун пул олдим, уйим ёки чўнтагим учун эмас. Бир тадбиркор идорага келиб, аёли ва фарзандининг Ҳаж сафарига бориши учун амалий ёрдам кўрсатишимизни илтимос қилди. Биз унга яқинларининг Хаж сафари учун навбати узоқроқда эканини айтдик, аммо бу тадбиркор шаҳар ободончилиги учун катта улуш қўшганини назарга олган ҳолда, илтимосини қондирдик. Бунга жавобан у яна ҳар қандай хизмат бўлса тайёр эканини айтди. Биз шаҳардаги ногиронлар учун нархи 3500 сомоний турадиган бешта аравача кераклигини айтдик. У: “Аравачаларнинг пулини бераман, ўзларинг сотиб олинглар”, деди. Бор гап шу, - дейди Мусо Олимов.

Тожикистонлик зиёратчиларни Ҳаж сафарига кузатиш ҳукуматнинг дин ишлари бўйича қўмиталари зиммасига юклатилган.

Мусо Олимов Истаравшан туман ҳукумати раисининг дин ишларини назорат қилиш бўйича муовини вазифасида фаолият қилиши маълум бўлди.

- Одамгарчилик нуқтаи назаридан ҳам олиб қаралса, агар ҳозирги кунда бирор тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилмасангиз, у ҳам ҳукумат ишларига ёрдам бермайди. Шуни назарга олган ҳолда, мен унга (тадбиркор Ҳомид Мўминов назарда тутилаяпти, – таҳр.) аёли ва фарзандини Ҳажга навбатсиз жўнатиш учун ногиронларга аравача олиб бериш билан ёрдам қилиши мумкинлигини айтдим, - дея қўшимча қилди Олимов.

Олимовнинг айтишича, ҳозирда Истаравшан туманида махсус аравачага эҳтиёж сезаётган 41 ногирон рўйхатга олинган.

Пора берганнинг Ҳажи қабул бўлмайди


- Ҳажга юбориш учун ҳукуматда пора сўрайди. Ҳаж зиёратига бориш учун пора бериш дурустми? Бир Жумъа намозида масжид имоми “кимки пора берса, Ҳажи қабул эмас. Кимки, Ҳажга юбориш учун пора олса, уйи куйсин”, деган эди. Имомнинг шу айтганларини бир неча марта таҳлил қилиб, коррупция идорасига мурожаат қилишга қарор бердим, - дейди Озодликка гапирган тадбиркор Ҳомид Мўминов.

Тожик жамиятида мавзудан огоҳ бўлганларнинг кўпчилиги Истаравшан ҳокимининг муовини тадбиркордан ўзи учун эмас, балки “ҳукумат ва жамият манфаати учун” пул олганига ишонмаслигини айтмоқда.

- Аҳолидан ана шу каби ниқоблар остида маблағ олишади, яъни таъма йўли билан. Олимовнинг ана шунақа ҳатти-ҳаракатларидан кўплаб шикоятлар эшитганман, мен бу одамни бир неча марта огоҳлантирганман ҳам, - дейди Халқ демократик партиясининг Истаравшан шаҳар бўлими раҳбари Боҳодир Восидов.

Маълум бўлишича, Мусо Олимов ҳозирда озодликда қолмоқда,аммо коррпуцияга қарши кураш агентлигининг Сўғд вилоятидаги идораси Истаравшан шаҳар Кенгашидан Мусо Олимовни дахлсизлик мақомидан маҳрум қилишни расман сўраган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG