Линклар

Бу даъват Тожикистонда тожиклараро тинчлик битими имзоланганининг 15 йиллигига бағишлаб 26 июн куни Душанбе шаҳрида ўтказилган йиғинда сўз олган президент Имомали Раҳмон тилидан янгради.

- Тинчлик битимининг имзоланиши ортидан тожик миллатининг йўқ бўлиб кетиши хавфи ҳам бартараф қилинди. Бу буюк неъматни ҳамиша асрайлик ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашга ҳаракат қилайлик. Хорижлик хўжалардан умид қилманг. Фуқаролар уйи куйгандан кейин ким машаққат чекканига тарих гувоҳдир. Қуруқ ваъдадан бошқа ҳеч нарса кўрмадик. Ўзимиз азоб чекамиз, ватанимизни обод қиламиз, бошқалардан умидвор бўлмаслик керак, - дея таъкидлади Тожикистон давлат раҳбари.

Президент Имомали Раҳмон тинчлик битимининг имзоланиши ҳар томонлама муҳим аҳамиятга эгалигини уқтирар экан, айнан шу ҳужжат мамлакатдаги ички низоларга нуқта қўйиб, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳамда маданий ривожланиш учун йўл очиб берганини таъкидлади.

- Фаолиятимнинг дастлабки кунларидаёқ ишни тинчликдан бошлашимни ва жабр кўрган халқимга тинчлик олиб келишни ваъда қилгандим. Мухолифат гуруҳларини музокара столига тўплаш ва миллий бирлашувга эришиш осон кечмади. Аммо тожик халқининг қўллаб-қувватлови шарофати билан қўл етмас орзуга, яъни тинчлик ва барқарорликка эришдик, - деди Тожикистон президенти.

Унинг айтишича, Тожикистон ҳукумати тинчлик битимини имзолаш учун мухолифат билан 21 та расмий ва ўнлаб норасмий музокаралар олиб борган.

- Мухолифат билан музокаралар ҳам текис ва осон бўлмади. Айрим гуруҳлар ва ҳатто айрим давлатлар бизнинг бирлашишимизга ва мамлакатимизда тинчлик ўрнатилишига турли йўллар билан халақит берди, йўлимизга тўсиқ бўлишга уринди, - дер экан Имомали Раҳмон бу гаплар айнан қайси мамлакатларга тегишли эканига аниқлик киритмади.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар ва тарихшунослар бу мамлакатда тинчлик битимининг имзоланишида тожик собиқ мухолифати раҳбари, Ислом уйғониш партияси лидери марҳум Саид Абдулло Нурий жанобларининг ҳам хизмати улкан бўлганини таъкидлаб келади. Аммо тожик расмийларининг чиқишларида бу хизматлар деярли эсга олинмайди.

Нурий тарафдорларига ҳар томондан йўл берк


Тинчлик битими имзоланганининг 15 йиллигига бағишлаб республика миқёсида турли тадбирлар ўтказлаётган айни кунларда расмийлар Ислом уйғониш партияси аъзоларига бу байрамни кўнгилдагидек нишонлаш имкониятини бермаётгани айтилади.

“Азия-плюс” ахборот агентлигининг ёзишича, Хатлон вилоятининг Қумсангир ва Данғара туман ҳукуматлари Ислом уйғониш партиясининг ана шу туманлардаги бўлимларига Ваҳдат байрами тадбирларини ўтказишни таъқиқлаган.

Бу борада агентликка билдирган Ислом уйғониш партияси масъули Маҳмадали Ҳайитнинг айтишича, маҳаллий ҳукумат ўз қарорини сиёсий партиялар ҳукуматга тегишли бинолардан ўз тадбирларини ўтказиш учун фойдалана олмаслиги билан изоҳлаганлар.

- Ислом уйғониш партияси туман Маданият уйини кўзланган тадбир учун олдиндан ижарага олиб, бунинг учун сўралган маблағни ҳам тўлаб қўйган эди. Ундан ташқари, Ваҳдат байрамини шу бинода ўтказиш борасида туман ҳокими Холмурод Раҳмонов билан ҳам олдиндан келишилган бўлган, - дейди Ислом уйғониш партияси расмийси Маҳмадали Ҳайит.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъулларининг гапига ишонадаган бўлсак, Ҳаж сафарига тайёргарликлар бошлаб юборилган айни кунларда Хатлон ва Сўғд вилоятларидаги маҳаллий ҳукуматлар партия аъзоларининг Ҳаж зиёратига боришига ҳам тўсқинлик қилаётир. Маҳаллий ҳукумат расмийлари Ҳажга боришни ният қилган партия аъзоларига “бу партия сафидан чиқсагина, Ҳажга бориши мумкин”лигини айтган.

- Хатлон вилоятининг Мўминобод туман раиси партия аъзоларига, ҳатто агар уларнинг самолётда эканидан хабардор бўлса, уларни ортга қайтаришини айтиб таҳдид қилган, - дейди бу борада Озодликка хабар қилган партия раиси муовини Саид Умар Ҳусайний.

Айни пайтда партия масъуллари ана шундай баҳоналар билан зиёратчилар рўйхатидан чиқариб ташланган партия аъзоларининг умумий сони қанча эканини айта олмади.

Бироқ Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита расмийси Мавлон Мухторов Ислом уйғониш партияси масъулларининг бу иддаоси асоссизлигини таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG