Линклар

logo-print

24 июн куни Фарғона вилояти Сўх туманиидаги Ғазнов, Тошқура ва Лембург қишлоқлари сув остида қолиши натижасида аҳоли уйлари ва томорқаларига жиддий зарар етган.

Ўтган якшанба куни туш пайти Сўхда кучли жала ёғиб, ортидан тоғдан сел келиши натижасида тумандаги учта қишлоқ - Ғазнов, Тошқура ва Лембургдаги аксар уйлар сув остида қолди.

Бу ҳақда Ғазнов қишлоғида яшовчи, ўзини танитишни истамаган сўхлик Озодликка маълум қилди.

Ғазновлик суҳбатдошга кўра, қишлоқдаги тахминан йигирмата уй селдан зарар кўрган.

- Катта ëмғир ëғди. Ярим соат ëғдида ўзиям. Челакдан қуйгандай бўлди. Кейин катта сел келиб уйларни бузиб, шунақа бўлди. Сел тоғдан келди. Мен уйда эдим. Чиқсам, кўча тиззагача сув, сел келаяпти. Биттаси “ўша ëқни сел урибди” деди. Югуриб борсам, шунча сел келибди. 1 метрдан тепада. 20 тами одамларнинг уйини буздида сел келиб. Бизда сел трассаси йўқда. Ўшанга келиб прямой уйларга тушдида. Рустам деган одам бор. Ўшанинг уйини сел уриб, болохонадан тушиб, подвалида ун-пуни, майда-чуйдаси бор экан, ўшаларни ҳам ювиб олиб кетибди. Уйини бузиб, тўғрида газхонаси (ошхонаси-таҳр.) бор экан, газхонасини ҳам олиб кетибди,- дейди ғазновлик манба.

Шунингдек, ғазновликнинг айтишича, сел оқибатида аҳолининг томорқалари жиддий зарар кўрган.

- Бизда деҳқончилик фақат картошкада. Ўшаларнинг ҳаммасини сел олиб кетди. Жар бор эди, сел жарни ювиб олиб кетиб, колхознинг ери бор эди ўша ерда. Чуқурлиги 3-4 метр чиқадида. Ўшанинг шағал-тошларини ювиб олиб кетиб, колхознинг арендаси бор эди картошка, ловия эккан, ўшанга олиб бориб ўша ерда ташлабди,- дейди ғазновлик манба.

Сўхлик Камолиддин аканинг айтишича, Ғазновдаги 21-сонли мактабни ҳам сел босган.

- Ғазнов деган қишлоқ борда. Мактабга бир метрча сув кирган. Синфхоналарга лойқа кириб қолган,- дейди Камолиддин ака.

Фарғона Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Сўх туман бўлимининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, 24 июн куни сел келиши оқибатида Ғазновдан ташқари, Тошқура ва Лембург қишлоқларини ҳам сув босган.

- Аҳоли орасида жабрланган йўқ. Вазият бўйича тузилган комиссия иш олиб бормоқда. Фақат 26та хўжалик ëрдамчи биноларига, кейин 80та хўжаликнинг ҳовлидаги экинларига сел сувлари кирган. ДСМ, нималар томонидан дезинфекция ишлари олиб борилаяпти. Аҳоли орасида ошқозон ичак касалликлари профилактикаси бўйича тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. Қайнатилган сув истеъмол қилиш, мева, сабзавот, идиш-точвоқларни ариқ сувларида ювмаслик каби, кейин сел йўллари бўйича иш олиб борилаяптида комиссия томонидан. Ғазновдаги 21-сонли умумтаълим мактаб биносининг ертўласига сел сувлари кирган,- Фарғона Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Сўх туман бўлими ходими.

Бу йилги баҳорнинг серёғин келиши Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудларида сел оқимини вужудга келтирди.

10 май куни Жиззахнинг Бахмал туманидаги Гулбулоқ қишлоғини сел олиши натижасида битта мактаб ва битта шифохона ва аҳолининг чорва моллари зарар кўрган эди.

25 апрел ва 2 май куни Чироқчи туманидаги селда 14 яшар икки ўсмир нобуд бўлди.

Жорий йилнинг 21 февралига ўтар кечаси Ғаллаорол туманининг Жума, Чўмичли, Тошкамар, Жарбулоқ, Турк ва Каризқудуқ қишлоқларини сув босган эди.

22 апрел куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги тоғ этакларида жойлашган қишлоқларда ҳам тошқин рўй берди. Ўрмонтепа, Қорапойча ҳамда Дўнгқишлоқда аҳолининг уйларини сув босиш, кўчаларни сув босиш ҳолатлари кузатилган.

Шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати фақатгина Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида апрел ойида юз берган сел ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун маблағ ажратгани маълум.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 4 апрел кунги қарори билан Ғаллаорол туманидаги сел ва тошқин оқибатларини бартараф этиш учун 2 миллиард 92 миллион сўм маблағ ажратилгани эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG