Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:46

НАТО Туркияни қўллаб-қувватлашни ваъда қилди


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.
НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

НАТО Кенгаши Сурия ҳарбийлари Туркия ҳарбий учқичини уриб туширгани билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди. Йиғилишдан сўнг НАТО Бош котиби бу масала Туркия илтимос қилганидек "ҳужум", эҳтимолий "таҳдид" сифатида муҳокама қилинганини маълум қилди.

Туркия ўтган жума куни рўй берган ҳодиса НАТО низомининг 5-моддасида кўзда тутилган Иттифоққа “ҳужум” сифатида кўриб чиқлишини сўраган эди. Сешанба кунги мажлисда эса бу масала 4-моддаси доирасида кўрилди.

НАТО низомининг 4-моддаси Иттифоққа аъзо давлат ўз ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлди деб ҳисоблаган вазиятда НАТО аъзолари билан маслаҳатлашув ўтказишини назарда тутади.

Сурия ҳарбийлари Туркия ҳарбий учқичини уриб туширганидан кейин икки давлат ўртасида муносабатлар кескинлашган бир пайтда НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен НАТО Туркияни қўллаб-қувватлаши ва Туркия билан бирдам эканини баён қилди.

- НАТО Иттифоқининг хавфсизлиги муштаракдир. Биз Туркияни қўллаб-қувватлаймиз ва Туркия билан биргамиз,- дея баёнот берди Брюсселда сўзлаган НАТО Бош котиби.

Расмуссен НАТО дипломатларининг 26 июн кунги йиғинида Туркия учқичининг уриб туширилиши НАТО низомининг 5-моддасида қайд қилинганидек, Иттифоққа “ҳужум” сифатида муҳокама қилинмаганини маълум қилди.

Ундан олдин Анқара расмийлари бу воқеа НАТО низомининг 5-моддасига мувофиқ муҳокама этилишини сўраб, Иттифоққа мурожаат қилганини билдирган эди.

Айни пайтда, Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон 26 июн куни мамлакат парламентида қилган чиқишида сўнгги пайтларда Сурия вертолётлари ҳаво чегарасини беш марта бузганига қарамай, Туркия жавоб қайтармаганини таъкидлади.

Эрдўғон Сурия томонидан чегаранинг бузиши холларига Туркия ортиқ тоқат қилмаслигини таъкидлади.

- Бу воқеадан сўнг биз янги вазиятга дуч келдик. Биз Сурия режими томонидан чегараларимизда хавфсизликка таҳдид пайдо қилинишини жазосиз қолдирмаймиз, бунга ортиқ тоқат қилмаймиз, дея баёнот берди Туркия Бош вазири.

22 июн куни Сурия ҳарбийлари Туркия ҳарбий учқичини уриб туширганидан кейин ўзаро муносабатлар кескинлашди.

Сурия расмийлари Туркия учқичи Сурия ҳаво ҳудудига ўтгани ва ҳарбийлар томонидан ҳақли равишда уриб туширилганини иддао қилган.

Туркия ўз учқичи чегарани янгилиш бузгани, лекин у халқаро ҳаво ҳудудига қайтганидан кейин уриб туширилганини айтмоқда.

Айрим таҳлилчилар бу ҳодиса бахона НАТО Сурияга қарши ҳарбий амалиёт бошлаши мумкин деган фикрни илгари сурмоқда.

Бироқ Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц Туркия учқичининг уриб туширилгани Сурияга қарши ҳарбий амалиёт бошлаш учун расман сабаб бўлишига қарамай, НАТО бундан тийилаётганини айтади.

Гольц буни НАТО давлатлари янги урушга тайёр эмаслиги билан изоҳлади.

- Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга алоқадор бўлган НАТОга аъзо давлатларда янги ҳарбий амалиёт бошлаш учун ҳозир на ресурслар ва на хоҳиш бор. Танқид қилиш ва сиёсий босим ўтказиш бир нарса, ҳарбий амалиёт ўтказиш бошқа нарса. Ҳарбий амалиёт барча турдаги ресурсларни талаб этади. Иқтисодий бўҳрон шароитида Ғарб давлатлари бундай сарф-ҳаражатга тайёр эмас кўринади,- дейди Александр Гольц.

Ҳарбий масалалар бўйича россиялик мутахассис, истеъфодаги полковник Владимир Мухин Сурия ҳарбийлари Туркия учқичини уриб туширгани НАТО низомининг 5-моддаси доирасида Иттифоққа “ҳужум” сифатида муҳокама қилинмаганидан сўнг Туркия Сурияга қарши бир томонлама чора кўриши эҳтимолдан йироқ деган фикр билдирди.

Мухин Анқара уруш оловининг Туркия ҳудудига ёйилиши эҳтимолидан чўчийди, деган фикрда.

- НАТО Сурияга қарши компанияга аралашиб қолишни истамайди. Туркия ҳарбий ҳаракатлар бошлашни фаол қўллаб-қувватлаётгани йўқ. Чунки Туркия уруш олови ўз ҳудудига ўтиши мумкинлигини тушунади. Бу ерда Россия ва Хитой ҳам катта рол ўйнайди. Сурияда Ливия сценарийси ўтмайди,- дейди россиялик таҳлилчи Владимир Мухин.

Айни пайтда, Сурияда президент Башар Ал-Ассад ва исёнчи гуруҳлар ўртасида қуроли тўқнашувлар давом этмоқда.

26 июн куни Сурия шимолида жойлашган Идлив вилоятида қарийб 250 нафар ҳукумат аскари исёнчилар тарафига ўтгани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG